Ўзбекистон телевидениесининг моҳир сухандонларидан бири, самимий ва кўнгли очиқ инсон, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов 2020 йилнинг 22 сентябр куни 51 ёшида бу фоний дунёни тарк этди.
Шуҳрат Қаюмов билан кўп йиллар бирга ишладик. “Ассалом, Ўзбекистон! ” дастурида бошловчилик қилдилар. Бир нечта шеърларимни қўшиқ қилдилар. Жуда қалби тоза, бағри дарё, самимий, чиройли тарбия кўрган инсон эдилар. Жуда ёш кетдилар. Афсус. Аллоҳим раҳмат қилсин. Охиратлари обод бўлсин. Қалбимиз вайрон бўлди. Яқинларига, оила-аъзоларига сабр берсин.Негадир кўзимдаги ёш сира тинмаяпти. Ўзимни тутишга шунча интилсам ҳам, бўлмаяпти. Қаердан келди бунча кўз ёш?Катта мусибат бу. Бундаги кўз ёш жуда аччиқ бўлар эканда. Аслида биз барчамиз омонатмиз. Ҳеч биримизни “боғлаб қўймаган экан.” Шуҳрат ака билан ҳамкасб эдик, ишхонада доим ёқимли табассум билан юрардилар. Чиройли санъатлари бор эди. У киши кирган давралар файзу-футуҳга тўлиб кетар эди. Ёқимли ва соҳир овози бор эди. Бу истеъдодли санъатеор ҳамиша жонли овозда, баланд пардаларда куйлай оладиган саноқли санъаткорлардан бири эди.
Юракда изтиробларимиз бисёр. Унинг мухлислари жуда кўп эди. Бу санъатимиз учун катта йўқотиш бўлди.
Аслида бу хабарлар мендан ҳам бир хабар. Ҳушёр тортайин мен ҳам.Яхшилардан бўлайин мен ҳам.
Ахир умр қисқа. Орқасига қарамай кетарканда одам. Илоҳим жойларингиз жаннатда бўлсин, сўроқ-саволингиз осон бўлсин, Шуҳрат ака!
БИОГРАФИЯ
Шуҳрат Қаюмов 1969 йили 5 мартда Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида таваллуд топган.
1991 йилда Маннон Уйғур номли Тошкент Давлат Санъат институтининг “Драма театри ва кино актёрлиги” факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1990 йилдан бошлаб то шу кунга кадар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида сухандон эди.
Шоирларлар Хуршид Даврон, Абдусаид Кўчимов, Ўктам Раҳмат, Иқбол Мирзо, Зулфия Мўминовалар билан яқиндан ижодий ҳамкорлиқ қилган.
Санъаткорнинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамда Ўзбекистон телевидениесининг сухандонлар жамоасига чуқур таъзия билдириб қоламиз. Аллоҳим сўнгги сафарини хайрли қилсин, раҳматига олсин! Жойлари жаннат бўлсин!
Гуландом Тоғаева