ЛАЙЛАК

Она ёш эди. Она навжувон эди. Бола ғўр эди, бола гўдак эди… Кунларнинг бирида она-бола қишлоққа – узоқ қариндошлариникига борадиган бўлишди. Она қаддини ғоз тутиб, тез-тез юриб борар, бола эса аланг-жаланг қилиб атрофдаги манзараларни томоша қилар эди. Қишлоқ гузарида ярмини яшин учириб кетган баҳайбат чинор бор экан. Бола дарахтни кўриб анграйиб қолди: чинорнинг тарвақайлаб ўсган шохида супрадек каттакон уя қорайиб кўринар, уяда эса оёғи, тумшуғи узун бир қуш турар эди. Бола мўжиза кўргандек таққа тўхтаб қолди.

  • Анави нима, ойи? — деди ўша томондан кўз узмай.
  • Лайлак, ўғлим, лайлак! — она ўғлининг бошини силаб қўйди. – Юра қол, жоним.
    Бола ҳеч қачон бунақа қушни кўрмаган эди. Қуш негадир бир оёқлаб турарди. У яна тўхтаб қолди.
  • Нима у, ойи? –деди тағин чинор учига кўз тикиб.
  • Лайлак, ўғлим, лайлак.
  • Нимага бир оёқда турибди?
    Она кулди:
  • Бир оёғи чарчагандирда. Юра қол, жоним.
    Бола ҳеч қачон бунақа қушни кўрмаган эди. Қуш негадир бўйнини чўзиб тумшуғини осмонга қаратиб силкитар, шунда «тарак-тарак» деган овоз эшитиларди.
    Бола тағин тўхтаб қолди.
  • Нима ўзи у, ойи?
    Унинг кўзларида қувонч бор эди. Ҳайрат бор эди. Она шошиб турарди. Мингта юмуши бор эди. Ҳали шаҳарга қайтиши керак.
  • Лайлак дедимку, жиннивой, — деб оҳиста эгилиб, ўғлининг юзидан ўпди. – Сенга салом беряптида.
    Она ёш эди. Она навжувон эди. Орадан ўттиз беш йил ўтди. Бола йигит бўлди. Она кексайиб қолди. Оёғидан мадор, кўзидан нур кетди. Кунлардан бирида она-бола иттифоқо яна ўша қишлоққа бориб қолдилар. Йигит қаддини ғоз тутиб тез-тез юриб борар, она эса толиққан оёқларини, оғир-оғир кўтариб босганча ҳарсиллаб келарди. Гузардаги ярмини яшин учириб кетган чинор ҳали ҳам бор экан. Буни қарангки, чинорнинг тарвақайлаб ўсган шохида ҳамон супрадек каттакон уя қорайиб кўринар, уяда эса оёғи, тумшуғи узун лайлак турарди. Йигит лайлакка бир қараб қўйдию қадамини тезлатди. Орқада келаётган она нурсизланиб қолган кўзларини чинорга, чинор шохида қорайиб турган уяга тикди. Шохда осилиб турган нарса кўзига ғалати кўринди.
  • Анави нима, ўғлим? – деди тўхтаб.
  • Лайлак, ойи, лайлак!
    Она яхши эшитмади. Уч-тўрт қадам юриб яна тўхтаб қолди. Саватдек нарса ичида бир нима оқариб кўриняпти. Қизиқ…
  • Нима, ўғлим? – деди кўзларини пирпиратиб. Ўғил таққа тўхтади. Ғаши келди. Ўзи шошиб турибди: мингта иши бор! Одам қариганидан кейин эзма бўлиб қоларканда!
  • Лайлак! – деди жеркиб. – Лайлак деяпманку, кармисиз!
    Шундай дедию, жаҳл билан тез-тез юриб кетди. Начора, йигит ёш, йигит навқирон. Унинг юмуши кўп. Ҳали шаҳарга қайтиши керак… Унинг ғўр, гўдак болалари бор…
    Ўткир Ҳошимов