МЕҲРИБОН, САМИМИЙ, БАҒРИКЕНГ ЎЗБЕК АЯСИ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ЛУТФИХОНИМ САРИМСОҚОВА
Меҳрибон аёл, ибратга лойиқ устоз, севимли санъаткор, ўз ишининг моҳир ижрочиси, саҳна маликаси, ҳақиқий Она қиёфасининг ёрқин тимсоли, ўзбекона лутфу малоҳат эгаси, кўзларига тик боқишга ботиниб бўлмас латофатли аёл… Бу чизгиларни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Буларнинг бари унинг учун тақдир инояти, сийлов ва марҳамати эди. Зеро, унинг ўзи самимият, садоқат, оқилалик, бағрикенглик, тўғрилик каби хислатларни ҳамиша қадрлаб яшаган…
Ая – шу бир оғизгина сўзда мужассам маънони ифода этиш учун, ҳатто, қисса ёзса ҳам камдек назаримизда. Ая – бу энг ҳурматли ном, киши қалбидаги меҳрни, муҳаббатни ўзида акс эттирувчи сўз. Буюк актриса Лутфихоним Саримсоқова ҳалқимизнинг меҳру муҳаббатига сазовор бўлган санъаткор, қалби дарё, барчанинг маънавий онасига айланиб улгурган табаррук аёл эди. Унинг бутун умри санъат билан , Муқимий номидаги мусиқали театр билан боғланган эди.
Лутфихоним Саримсоқова деганимизда кўз олдимизга энг яхши инсоний ўзбекона фазилатлар мужассам бўлган, ички дунёси нурли бир аёл, самимий, меҳрли, ўткир ва чуқур ҳиссиётли,
эҳтиросли ва тафаккурга бой актриса, кинода яратилган она образларининг энг йирик вакиласи келади. У кишининг ҳар бир роли томошабинга жуда яқин ва ишонарли чиқарди. Актриса ижро этган қаҳрамон кечинмаларини томошабин ҳозир ҳам худди ўзиникидек қабул қилади,у билан бирга қувонади ва йиғлайди. Ўзбек киносида ва саҳнасида яа томонидан яратилган хоҳ катта, хоҳ кичик, хоҳ драматик ёки кулгули образ бўлсин, ҳаммаси жуда катта масъулият билан моҳирона ижро этилган. Шунинг учун ҳам улар кино тарихидан ўрин олман ўлмас асарлардир.


1895 йилнинг 8 майида Фарғона вилоятининг Риштон туманида қизалоқ дунёга келади. Севинчига сиғмаётган ота- она унинг исмини Лутфихон деб қуядилар. Хаёт унга ҳали рангли кўчаларини кўрсатмасдан, икки ёшидаёқ ўзининг маҳзун кўчаларига бошлади. Қиз шўрлик меҳр тафтини сезмасданоқ, ота- онасидан жудо бўлди. Меҳрибонларидан айрилди. Лутфининг ягона жигари акаси тирик колди. Аммо бу ришталар хам узилди.Чунки акасининг синглисини боқишга хали қурби етмасди. Ҳаётда саховатли инсонлар бор экан. Лутфихон Булоқбоши қишлоғидаги Ойимқиз деган аёл қўлида тарбия топа бошлади. Бу аёл қизчани ўз боласидек, меҳрибонлик билан парвариш қилди . Уни эркалатди,овутди, едиради- ичирди. Бунга жавобан Лутфи уни ойи дейдиган бўлди. Афсуски, Лутфи 6 ёшга тўлганида Ойимқиз холага ҳам, ўлим чанг солди. Аммо холанинг турмуш ўртоғи Мирвали ака Лутфига жуда ўрганиб қолганлиги сабабли, уни хеч кимга бермай ўз тарбиясида олиб қолди. Оиланинг тўнғич фарзанди Қумриниса эди.Синглиси Лутфига рўзғордаги билган билимларини кўрсатди. Ҳаётда қийналмасин деб, кашта, белбоққа гул ва чопон тикиш, бир сўз билан айтганда, чеварлик хунарини ўргатди. Энди Лутфи оиласига моддий жиҳатдан хам ёрдам берадиган бўлиб қолди.
1909 йилнинг куз фаслида 13 ёшли Лутфихонни яхши ниятлар билан шу қишлоқнинг бир хонадонига узатишди. Лекин бу хонадонда унинг бахти кулмади. Хайриятки, бундай яшаш узоққа чузилмади . Бир йил чамаси давом этган ҳақорат, калтак еяверишдан, пичоқ бориб суякка қадалди. Бу хўрликлардан хабар топган акаси уни ўз уйига қайта олиб келди , аммо қўлида ҳунари бор қиз акасининг уйида яшашни ўзига эп кўрмади. Қўқондаги дўппидўзлар маҳалласидаги хунарманд қизларга қўшилиб дўппи ва қийикка гул тикишга киришди. Шу йўл билан унинг усти бут, қорни тўқ, қизлар орасида кўнгли тинч эди. Ҳаётининг энг бахтли, қувончли дамлари… Оёқ- қўли чаққон тиниб – тинчимайдиган, қизларга қизиқ- қизиқ хикоя, лапарлар айтиб, уларнинг кўнглини олиб келган Лутфихон энди қизларга сардор бўлди.
1924 йил Қўқонда биринчи хотин-қизлар клуби очилди. У ерда ёш актёрлар учун саҳна сирлари, унинг маданияти хусусида дарс бериладиган бўлди.Устозлар томонидан мақтовларга лойиқ топилган Лутфихон катта саҳнага хам чиқди. Унинг биринчи образи Қўқон театрида саҳналаштирган “Аршин мол олон” мусиқали комедиядаги Зебо роли эди.Кейинроқ актриса шу спектаклда Жаҳон хола , Гулчеҳра образлари ҳамда кўплаб драма ва мусиқий драмаларда гўзал роллар яратди. Мана шундай спектакллардан бири Алишер Навойийнинг “Фарҳод ва Ширин” драмасида Ёсуман образидир.
У 1940-1973 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида етакчи актриса сифатида фаолият кўрсатди. Халқ санъатига хос бўлган соддалик ва мукаммалик, ўткир ҳажв ва заковат, самимият ва қудрат, мазмундорлик ва таъсирчанлик каби хислатлар актриса ижодий услубининг асосини ташкил этади. Ая қайси ролни ижро этмасин, ўз қаҳрамоннининг ички руҳий оламига киришиб кетар, саҳнада ўша қаҳрамон бўлиб яшар, курашар эди. У ўзининг аччиқ ҳаёт турмушини ўз қаҳрамони руҳига омухта қилиб юборарди.
Лутфихоним Саримсоқова Муқимий театрида Ҳамзанинг “Майсаранинг иши”да Майсара, Комил Яшиннинг “Офтобхон”ида Хайри хола, “Нурхон” ида Кимё, Собир Абдулланинг “Алпомиш”ида Ойжон, “Муқимий”сида Рисолат чевар, Ҳамзанинг “Паранжи сирлари”да Мастура сатанг сингари образлари билан катта истеъдод соҳибаси,етук санъаткор сифатида кўпчиликнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди. Актриса яратган образлар ҳаётийлиги, жонлилиги ва табиийлиги билан алоҳида ажралиб туради. “Нурхон”даги Кимё бағритош, жоҳил эр қўлида бир умр жабру зулм кўрган ҳуқуқсиз, ҳақсиз аёл. У қизи Нурхоннинг ҳаётда бахтли бўлиши учун ҳар қандай азобларга бардош беришга тайёр меҳрибон она. Кимёнинг характеридаги ана шу хусусиятларни актриса ниҳоятда ишончли тарзда ифода этган.
Лутфихоним Саримсоқова – ўзбек театр санъатига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олган, ролларини тўлақонли очиб беришда ранг-баранг бўёқлардан ўринли фойдалана билган, ўзига ҳамда партнёрига нисбатан ўта талабчан, кенг диапазонли, юқори профессионал, алоҳида ижро услубига эга, қалб кўзгуси равшан буюк актрисалардан бири эди. Лутфихоним Саримсоқова ёшларга онадек ғамхўрлик қиларди, камчиликларини ҳам қоғозга ўраб, қалбларини авайлаган ҳолда айтарди.Аслида,актёрлар икки тоифага бўлинади: бири образ яратишда, мухлислар кўнглига йўл топишда кўпроқ ташқи кўринишдан фойдаланадиган гўзал, чиройли актёрлар, иккинчилари эса томошабинни маҳоратлари билан ром этадилар. Лутфихоним Саримсоқова ҳам сўзларни тўғри талаффуз қила олиши, ибора ва ҳаракатларни ўринли ишлата билиши, муҳими, ато этилган маҳорати билан машаққатли ижод йўлини топган заҳматкашлардан бири эди. Лутфихоним Саримсоқова, нафакат актриса сифатида ўша даврда шаклланди, балким хонанда сифатида ҳам у ижро этган қўшиқлар жуда илиқ кутиб олинарди :
Лутфихоним Саримсоқова бир умр тиниб-тинчимади. Ҳали ёш истеъдодларни излаб топган, ҳали хотин-қизларни тўплаб, дуторчилар дастаси тузган, ҳали маҳалладаги аёлларга оила тутишни ўргатган, ҳали Катта Фарғона канали қурилиши қатнашчилари ҳузурида концерт берган. Нима қилса ҳам, ая бир лаҳза одамлардан ажралмади. Қаерда бўлса, иззат ҳурмат топди. Одамлардан ўрганди, ўрганганларини сайқаллаб, яна одамларга қайтарди. Бутун умрини халқига,санъатга бағишлади.
Лутфихоним Саримсокова ўзбек театр саҳнасида етук образлар яратиш билан бир қаторда кинода хам ёрқин эсда қоларли роллар ижро этиб, кино санъати тараққиётига хам улкан ҳисса қўшган. 1931 йилда суратга олинган “ Озод” фильмидаги ип йигирувчи аёл образи актрисанинг кинодаги биринчи роли эди. Александр Усольцевнинг “Қасам” фильмида Она, Наби Ғаниевнинг “Шоҳи сўзана” сида Холниса, Зоҳид Собитовнинг “Фарзандлар”ида телба аёл, Шуҳрат Аббосовнинг “Сен етим эмассан” фильмида Фотима опа, “Маҳаллада дув-дув гап”ида Меҳринисо, А.Акбархўжаевнинг “Ҳадя” фильмида Ҳадя каби психологик теран образлар фақат актриса ижодидагина эмас, ўзбек киноси тарихида ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, “ Сен етим эмассан”, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмларини алоҳида тилга олиш керак. Лутфихоним Саримсоқованинг “Сен етим эмассан” фильмидаги Фотима, “Фарзандлар”даги телба аёл каби образлари ҳаётийлиги ва таъсирчанлиги билан ажралиб туради.
1960 йилда Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган “Маҳаллада дув дув гап” кинокемедиясининг шу кунгача халқимиз томонидан қайта-қайта севиб томоша қилиниши, асосан фильмда турли образлар яратган бир биридан истеъдодли актёрлар : Раззоқ Ҳамроев, Икрома Болтаева, Раҳим Пирмуҳамедов, Марьям Ёқубова,Саъди Табибуллаев, Сайфиқори Олимов каби йирик санъаткорланинг меҳнати туфайлидир. Актриса Меҳринисо образини жуда маҳорат билан қойилмақом қилиб турли рангларда, ҳолатларда, ҳаракатларда, имо-ишораларда яратган. Шуҳрат Аббосовнинг яна бир фильми бўлмиш “Сен етим эмассан” фильмида эса ая Фотима образи орқали вақт қанчалик оғир бўлса да,одам одамлигича қолиши мумкинлигини,
меҳр –оқибат вазият ва шароитдан устун бўлиши шартлигини ўткир бўёқларда тўлақонли ифодалаб берганлар. Бу қаҳрамонлар актрисанинг табиатан меҳрибон, фидойи, жонкуяр ва бошқа фазилатлари билан зийнатланиб, моҳирона ижро этилганки, мазкур образларнинг барчаси қалбларга қадрдон бўлиб қолган. Шу тариқа ўзбек мусиқали драма театри ва миллий киномизда оналар образининг беназир ижрочиси сифатида шуҳрат қозонган актриса “Ая”деган юксак эҳтиромга муносиб яшаб ўтди.
Лутфихоним Саримсокова узоқ ва мазмунли умр кечирди. 100 ёшга яқинлашиб ҳурмат-иззат билан яшади. Аянинг хонадонидан одам аримасди. Лутфихоним Саримсоқованинг ижодий меҳнати 1967 йили “Ўзбекистон халқ артисти унвони” билан ва бир қанча орден ва медаллар билан мукофотланди.
Ўзбек театр ва кино санъатида она образининг моҳир ижрочиси сифатида ўзбек санъати тарихидан муносиб ўрин олган Лутфихоним Саримсоқова 1991 йил 14 январда Тошкент шаҳрида вафот этди.Унинг ёрқин хотираси ва сиймоси у яратган образларда яшайверади. У ҳамиша ўзбекнинг аяси бўлиб қолади.
Ўзбекистон халқ артисти Лутфихоним Саримсова вафотидан сўнг 2003 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Насриддин Асриддинов