Ҳақиқий дўст

Бир дўстим янги туғилган фарзандига атаб ош берадиган бўлди. Тонг ёришиб улгурмасданоқ, улфатимиздаги барча, айтилган ресторанга йиғилдик. Шундай кунида ёнида турайлик деб, ҳаммамиз ресторан кираверишида бир қатор бўлиб, салобат тўкиб турардик. “Аброр келмадими“, деб сўраб қолди ош бераётган дўстим. “Келиб қолар, ҳали вақт борку“, дедим. Тонг ёришиб, тумонат одам йиғилиб кетди. Одамлар ресторанга саф-саф бўлиб киришар, саф-саф бўлиб чиқишар эди. Бу орада дастурхон эгаси яна менга яқин келди. “Аброр келмадими“, сўради яна. “Йўқ“, дедим паст овозда. “Билардим келмаслигини, ўғиллик бўлганимни ҳазм қилолмади у. Ичи қоралигича қопти“, деди жаҳл билан. Суҳбатга бошқа дўстларимиз ҳам аралаша бошлашди.
“Ўзи охирги пайтларда пули кўпайиб, одамни менсимай қолган!“, гапни бошқаси улади.
“Виждониниям пулга сотворган бу!“.
“Эй хотини борма деган“.
“Хотинқулику Аброр!“.
“Хотиниям майли, ўзида оқибат йўқ!“.
Хуллас ош тугагунча Аброрнинг ғийбати тўхтамади. Меҳмонлар тарқаб, ош ейиш навбати бизга етди, ҳаммамиз дастурхон атрофига йиғилган ҳам эдик, хизмат қилиб юрган болалардан бири шошиб келиб, мени имлаб чақира бошлади. Ўрнимдан туриб, олдига бордим. Ранги оқариб кетганди. Унинг етказган хабаридан мениям рангим оқарди. Аброр тонгда ўз машинасида ошга келаётганда автоҳалокатга учрабди. Ўша заҳотиёқ жони узилган экан. Чўнтагидан ош бераётган дўстимизга деб конвертга солинган 500$ тўёна ва машинасидан чақалоққа олинган ўйинчоқ самолёт чиқипти. Ош ҳам емай, ҳаммамиз жанозага отландик.
Жаҳонгир Аҳмедов
@shoira_Gulandom