НОДИРА АФОҚОВАДАН ШЕЪРИЙ ГУЛДАСТА

Юрагимга Тун кирди бир кун, севгилим.
Мангудай у… Мен эса ночиз ва ёлғиз.
Мен ким? Қаршисида ожиздай ўлим.
Қуёшми осилган – ойдай зиёсиз.
Қайдан бу оташлар? Сойлар қайнаган.
Учар гулхан бўлиб ўйнайди шамол.
Сени деб дунё-ла қиляпману жанг,
Бу жанг унуттирар Сени, эҳтимол.
Ҳолимизни баён айласам, чида:
Бир зум ором бер, деб синграйди дилим.
Катта қайғуларнинг ватанларида
Кичик шодликларга кўндик, севгилим.
Ер ютган чақмоқлар куч йиғар… йиғар…
Кўзимда шўр фарёд, тилимда калом.
Нечун қўрқмайдилар худобехабар?
Бор, ахир!
Бор, ахир, илоҳий интиқом…
Юрагимга Тун кирди… Ястаниб ётар.
Таҳажжуд вақтидай ҳар нафас, ҳар дам.
Бу қандай, севгилим?
Тонг ботар, тун отар…
Чида бул дўзахда ақлдан озсам.

Сизга бари аён,
Менинг бор умрим
Мотам айтимидай чолғусиз қўшиқ.
Гўзал орзулардан ҳайдалган йўлим –
Ул-да Сизга аён ҳар недан ортиқ.
Сиз яхши биласиз, ложарам,
Кўз ёшни кўрсатмоқ… йўқ-йўқ, бу ўлим.
Балки бу кибрдир…
Йиқилган одам
Иззати нафсига тасалли, балким.
Йиқилдим, тупроқни танидим…
Бир тун
Сиғмазам… – ўқирди йиғлаб кўҳнадўз.
Ойнинг шуъласига узалган гулбун
Илоҳий ҳарф бўлиб кўринди, эй дўст.
“Оҳ, уни унутсам” – видолар учди,
Мотам айтимидай чолғусиз қўшиқ.
Жунунлар кетмади. Ошгандан ошди.
Умид йўқ… Эрта йўқ…
Қолмиш фақат ишқ.
Ишқким, тайрларни, қуртларни севдик.
Булутлар комида ўтларни севдик.
Туннинг адоғинда нолани севдик.
Субҳ аёғинда жолани севдик.
Куз илди – ҳавода мезонни севдик.
Ёмғирлар дорида хазонни севдик.
Хазон исларида алвонни севдик.
Алвонга кўмилган айвонни севдик…
Сизга бари аён,
Бошқамен энди.
Инонмоқ истаги шафақдай ўчмиш.
Табассумим тўлдирар бу маконни.
Руҳим, руҳим… тарк этмиш, кўчмиш…
Жисмимни танирлар,
Келарлар бир кун
Кўзларин тўлдириб ўлик нурларга.
О, уни гулларга кўмарлар балким,
Қабрни кўмгандай гулларга.
*
Бирдан Сени сокин ўйладим
Бир кўзимда Ой-у,
Бирида Қуёш.
Шамолга ва Тунга урилиб
Силтанди, ёлворди қуриган бир шох.
Ўзимдан сўрадим, ростми шу наҳот?
Зулмат чўкка тушган, туядай чўккан.
Нафаслар шол ўлмиш.
Ҳаётда ҳаёт
Йўқ каби… қойимдир фақат хотирот.
Нимага арзийди сўнг бу сокинлик?
Нимага арзийди жонимдаги ғам?
Муҳит дарёсида синиқ биллурдек
Умидлар юлдузи ётар, ложарам…
Дедик, ҳақни ҳақ де… бизким, қора эл,
Қисматимиз қўлидадай иллою билло
Қайрилиб боқмади бир тўда ўзича худо,
Юзи нурдан жудо бир тўда гадо.
Улар қон ичганлар, шундан савдойи.
Ой тўлса қўрқувга тушарлар.
Япроқлар шунчаки қон зардобига
Бўялса қўрқувга тушарлар.
Куз, ахир, шунчаки куз келган бўлар.
Мулойим тортади тупроқ, сув ва кўк.
Пушти-пушти қушлар худди одамдек
Ўчган шафақларга термулар.
Келмайсан… қанчалар сокин айтаман!
Қандай эришгайлар ақлим етмайди
Эҳтимол, бир куни қайтсанг ҳам
Бу шундай айрилиқ – ўлса битмайди.

Қалбим тўла муҳаббат ва ўч.
Шитирлайди қоп-қора чорбоғ.
Хазон чексиз.
Хазонлар намхуш.
Мен куйлайман ғамгин, хирқироқ.
Бу кеч Ой рангида булутлар.
Олчазорлар соясиз ва тунд
Арвоҳдек оҳ чекар, қўрқитар…
Не замонким, нечундир-нечун
Сургун руҳи кезар руҳимда.
Гўё қадим аёлғу кезар.
Ҳазонларга тўла бу тунда
Ой рангида булутлар сузар.
Ўйин каби туюлар дунё.
Бари ўйин каби, бари пуч.
Мен куйлайман ғамгин, хирқироқ,
“Қалбим тўла муҳаббат ва ўч”.
*
Ёздан нима қолди?
Унумсиз шиддат.
Қуёш рангларини айнитган айвон.
Видодай айтилган беадоғ ҳасрат:
“Сенга инонаман, азизим, инон”.
Бир тутам тунларда таҳажжуд, нола.
Олов оралаган сувлар-уюрлар.
Ғурубга термулиб тўкилган жола.
Ҳулволар минордай тиклаган гуллар.
Деразалар очиқ тонгдан шомгача,
Ва шомдан тонггача зору зор боққай.
Ёдимни ўраган мудҳиш кўланка
Бори борлиқлардан – ёраб! борроқдай.
Жисмидан узилган овозлар,
Яна
Овозсиз жисмлар қонимни доғлар.
Эриган мис каби кўринар само,
Юнгдай енгил тортиб бормоқда тоғлар.
Сен – умид бандиси,
Мен – мажруҳхотир.
Бизнинг ҳақиқатлар Ўзига аён.
Нечун тарк этмайди мажҳул хавотир?
Бу очун гулларни юлар беомон.
Сен – ёруғхаёлсан. Мен – узлатпараст.
Кўзим чуқур-чуқур кўрган. Гуноҳкор.
Сенга инонаман, азизим.
Фақат
Нечукдир умумий ишончсизлик бор.

Ҳамма ёқ тўзиган.
Ҳамма ёқда куз.
Ўзгариб кетгандек оламнинг тарҳи.
Бир ҳис бор, ёришмас нечундир ул ҳис,
Не у, Рауф Парфи?
Айтинг, Рауф Парфи.
Мана, олис тонглар тобора яқин,
Мана, тунги намлар тобора бисёр.
Қаранг, Рауф Парфи, нечундир-нечун
Оғзимизда гўё қоннинг таъми бор.
Балки шафақ таъми,
Балки жон таъми…
Жилмайиб қўйдингиз балки хастаҳол.
Эврулар бетиним юлдузлар шамъи,
Овозларни олиб кетмоқда шамол.
Шомлар айвонни тарк этгимиз келмас.
Куз – олтин. Шоҳона хаёллар сурамиз.
Тушлар ёруғдир-у… лекин бир нафас
Ёришмас, ёришмас нимадир бир ҳис.
Балки ўтаётган умрдан малол.
Қақнусдай сезамиз ўлим шарпасин.
Бир учқун васваса, бир учқун хаёл,
Бир учқун муҳаббат…
Эҳтимол
Ичимизда бордир хўрланган одам,
Уфқимизни ботмас қуёшдай ёпар.
Ўша бўзлатарди балки Сизни ҳам.
Ёлғон бахтиёрлик уни юпатар.
Ғозлар шовқинидан чайқалар ҳаво.
Тераклар шилдирар.
Куз – байрам, кулар…
Нечун гоҳо, шоир, ул шов-шув аро
Ўлик чиққан уйнинг жимлиги келар…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *