ОЗОДА БЕКМУРОДОВА

ОЗОДА БЕКМУРОДОВАнинг ижодий нафаси билан йўғрилган сатрларда ҳаёт воқеликларини борича, табиий кўрсатишга интилиш, кўнгилдаги армон ёхуд изтиробларни яширмасдан изҳор қилиш ҳисси, халқ донолигининг ёлқинлари акс этади. Айниқса, унинг ижодида бир табиий, соҳир ҳайратлар булоғи қайнаб-тошадики, бу беихтиёр қалб мулкингизга айланади.
Одатда, ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби, айтим йўллари бор. Менимча, Озоданинг ижодида бахшиёна руҳ кезиб юриши бежиз эмас. Чунки унинг фитратида Қашақадарёнинг олис кенгликлари, мусаффо осмони остида ўсган майин майсалар ифори, бахшиларнинг асрлардан бери сайқал топиб келаётган адоқсиз ўланларининг жаранги яшайди.
Бахшиёна руҳ фалсафаси, кенгликлару бепоён ишқ жозибаси Сизни асло тарк этмасин. Ижодингизга омадлар тилайман, синглим!
ОЗОДА БЕКМУРОДОВА ИЖОДИДАН ГЎЗАЛ ГУЛДАСТА
?
Мен ҳеч ким эмасман, на чаман, на шон!
На бир гул, на инсон ва на жанона!
На ойнинг нуриман, на субҳ, на шом…
Сомон йўлларида маҳзун тарона!
Қушларнинг тилида бўлган афсона,
Мен фақат онаман, афсона Она!
Мен- шамол мағрибдан машриққа елиб,
Кўкламларин тўсган тақдирнинг сели.
Шошиб дарёларнинг бўйидан келиб,
Саҳролар бағрида ёғдуга тўлиб,
Фақат ўзи билан қолган Ягона,
Мен фақат онаман, оловли она!
Яшил ҳисларини юлдузлар ёққан,
Янтоқ гулларида кашталар тиккан,
Тонгларнинг кўксидан умидлар соққан,
Орзу гўдагини парилар боққан,
Тақдир эшигида афсус ва гина,
Мен фақат онаман,
Бус бутун Она!
Риёзат тоғида бунёдам менман,
Фароғат чоғида барбодам менман,
Менман аждарҳонинг бўғзидан қайтган,
Аллоҳ гулзорида Бибига тенгман!
Бугун шодмон айтгум, яна маҳзуна,
Мен кунзот онаман, ҳам ота ОНА!
Севги эртагида аёл эмасман,
Қанотлари яшил хаёл эмасман,
Қўлларимнинг яқин ҳабиби йўқдур,
Кунботар ёқларда увол эмасман.
Мен инсон эмасман, на бир жанона,
Мен фақат онаман, қиблагоҳ Она!
7 август 2020 йил

КЎҲНА БИТИКДАН…
Ўзимдайин ўзни изладим,
Она сенинг туққанларингдан.
Сендай тонгруҳ юзни изладим,
Оқ сут бериб боққанларингдан.
Юрагимнинг қонини бердим,
Сенинг битта нуринг кўрай деб,
Ҳаётимнинг шонини бердим,
Изларингдан бир ўргилай деб!
Она ишон ўзимдан ортиқ,
Бахтни раво кўрдим уларга,
Ойдинликни руҳимга суртиб,
Жило бердим қалби йўқларга.
Мен билмадим тушун онажон,
Йўқлигини сендай оламнинг,
Сендай мушфиқ, муштипар осмон,
Сендай азиз, яхши одамнинг!
Сендай ёруғ замин изладим…
Умидимга қанот бўлсин деб.
Ҳажринг ўти ўраб келганда,
Ёдинг дилга қувват бўлсин деб.
Англамадим,
Кечир онажон,
Кун сўзларни сараласам ҳам,
Зар ёғдулар ёғдирсам ҳам ҳеч…
Фироқингда ёнар юрагим,
Оҳ, билурман энди жуда кеч…
Англамадим, кечир Онажон!…
2007 йил, 7 Май
*
ҲЕЧ БИР ИЗОҲИМ ЙЎҚ КЎНГЛИМГА…


Шамсим сизга боқиб кўзим адашди,
Кўзим не, асарим сўзим адашди.
Йўллар райҳон эди,
Хушвақт кетардим,
Пойингизни қучиб тўзим адашди…
Бир шуъла изладим йиллар оралаб,
Тунларнинг кўксига ёғдулар қалаб,
Ногоҳ порлаганда иқболим шаъми,
Бошимни кўтардим мен сиддиқталаб.
Шамсим сиз дўст бўлинг, дурдонам бўлинг,
Кадар фалагида бир донам бўлинг,
Менам бир кун кўриб,
яшилланайин,
Кўкламим, саврим, пирхонам бўлинг!
Либос орзусида сизга талпиндим,
Фасллар алмашди, хасдек ўкиндим.
Фақат хаёлимда сизники бўлдим,
Фақат хаёлимда сиз билан тиндим.
Шамсим сизга боқсам кўзим адашди.
Пойингизни қучиб тўзим адашди,
Соҳилсиз денгиздек унсиз ўтиндим,
Ўзимдан саросар,
“ўзим”адашди…

ДУО
“Кўп бўл, кўл бўл.”
Халқ мақоли
Нажотга
Кўп бўл, кўл бўл,
дарё денгиз бўл!
Томири фалакка етган илдиз бўл!
Шохларинг юксалсин юраклар қадар,
Қалблардан ўтгувчи зангори из бўл!
Кўп бўл, бир шаҳар бўл,
кент бўл, миллион бўл!
Кўпайиб, кўпайиб шонли Ватан бўл!
Мудом уйғоқ бўлсин Шоҳсуворларинг,
Садоси азондек Соҳибқирон бўл!
Табора,
Табора кенгай, қулоч от,
Босган қадамингдан яралсин Ҳаёт!
Мағрибни ёритсин кунгураларинг,
Қўлинг қанот бўлсин,
Парвози обод!
Кўп бўл,
Зарраларинг бир жаҳон бўлсин!
Қароғинг сеҳрида бир осмон бўлсин,
Тоғлар елкасини тутсин пойинга,
Ғалабанг муҳаққақ
ва осон бўлсин!
Кўп бўл, бир шаҳар бўл,
кент бўл,комрон бўл!
Кўпайиб, кўпайиб шонли Ватан бўл!
17 август, 2020 йил