Таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов кулгига ўч, латифагўйликнинг кифтини келтирадиган инсон эди. Ул зот ҳозир бўлган давраларда қувноқ қаҳқаҳа баралла янграб турарди. Озод домла жаҳон халқларининг ҳазил-мутойибаларини тўплаб 1994 йил “Шарқ” нашриётида “Ичак узар латифалар” исмлиғ бир китоб тайёрлади. Мазкур китобдаги кўпгина латифаларни ўрис тилидан таржима қилди. Китобга ўнгсўз ёзган халқ ёзувчиси Неъмат Аминов домланинг саъй-ҳаракатларига юқори баҳо бериб шундай сўзларни битган эди: “Машҳур адабиётшунос олим, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори Озод Шарафиддинов савобли бир ишга қўл урибдилар Катта ҳафсала билан жаҳон халқларининг латифалари, ҳазил-мутойибаларини тўплаб “Ичак узди латифалар” (китоб муқовасида “узар” тарзда берилган) деб номладилар. Айрим зорлоқ кимсалар, оббо, Озод ака шу соҳани ҳам қўймабди-да, дейиши мумкин. Уларга жавобмиз тайёр. Бунга Озод аканинг маънавий ҳаққи бор. Чунки Озод ака ўзбек ҳажвий адабиёти талқинида энг кўп меҳнат қилган адабиётшунос. Қолаверса, у зукко олим, таржимон бўлиш билан бирга, давраларнинг гули, ҳазилни, кулгини яхши ҳис этади, латифагўйлиги билан дўстлари, шогирдларини оғзига қарата олади”.
Эътиборингизга “Арман радиосига саволлар” бобидан бир неча латифани фейсбукдош дўстларимизга ҳавола этишни лозим топдик. Машҳур қизиқчи Юсуфжон қизиқ Шакаржонов лутф этганларидек: “Кулинг, дўстлар, умрингиз узоқ бўлади”.
-Канализациясиз тўрт қаватли уй қуриб бўладими?
-Бўлади. Биринчи қаватга – болалар боғчасини жойлаштириш керак. Энагалар болаларга тувакча тутади. Иккинчи қаватда талабалар турсин. Улар қорни тўйиб овқат емайди, бинобарин, ҳожатга югуравермайди. Учинчи қаватда савдо ходимлари. Эшик тақиллаши билан, улар қўрққанларидан иштонларига… Тўртинчи қаватга эса ҳар хил раҳбар ва бошлиқларни жойлаштирмоқ лозим. Улар кўпдан бери халқ бошига нажосат ағдаравериб, ўрганиб қолишган.
-КПССнинг XXVII cъездидан кейин нима бўлади?
-Байрам концерти.
-Семиз хотин озмоқ учун нима қилмоғи керак?
-Белига халқа кийиб айлантирсин.
-Халқа сиғмаса-чи?
Арман радиоси жавоб тополмай индамай қолибди. Бу орада турк радиоси гапга аралашибди:
-Шундай гўзал қоматни бузмай қўяқолинглар…
Муҳаммадали Аҳмадий тайёрлади.