I
Ҳаётим тарҳини чиздинг қайтадан,
Сен-нурсан, арзийди осмонни қучсанг.
Афлотун севгиси эмиш бу севгим,
Бир тушсан, қўрқаман кўзимни очсам.
Сен нурсан-самодан суйиб эланган,
Мен эса бир сирман нурга беланган.
Менманми соҳилсиз денгиздек ўтган,
Сенмисан денгиздан узоқлаб кетган…
II
Орзуйим-бошим қўйсам ул гўзал домонида,
Не алам, ёндим доим мен анинг ҳижронида.
Қолса ҳам кўнгил аҳли абадий армонида
Эй юрак, бўлгил фақат шу дўстнинг фармонида.
III
Мен муҳаббат шамъидин масту беморман,
Дўст кўзларининг шавқига зорман.
Ишқ соҳиблари шарҳу масал этдилар-
Эй дўст, токай мен сизга озорман !…
IV
Қўл узатсам етмас юлдузсан,
Зулмат ичра шамга урилдим.
Ишқ атридан топдиму ўлим,
Исминг айтиб қайта тирилдим.
Мавжларингда қолайин майли,
Кўзларингга кетайин чўкиб.
Ўшанда ҳам кетгайман охир
Камалакдан бир дарахт экиб…
V
Дардландим, табибга борайин дедим,
Бир гўзал юзига эди дил хумор.
Бир доно ҳолимга куйди-ю кулди:-
“Эй нодон,табибинг ўзи ҳам бемор”…
ХАЙРЛАШУВ
Бизлар кеч учрашиб эрта айрилдик,
Сенга маълум энди яхши-ёмоним.
Мен-да гуноҳкорман, мен-да бир бебахт,
Кечир ва рози бўл, қоши камоним!
Кечир, атиргулнинг тикани мисол,
Чеҳранг чаманини кўп обод қилдим.
Дўстлик давраларин айлабон ишғол
Кўнглинг гулзорини харобот қилдим.
Чеҳранг қуёш каби порлаб қийналар,
Осмон бўлолмадим аммо мен унга.
Юрагимдан учган сонсиз турналар
Етиб келолмади сен келар кунга.
Рози бўл ва ишон, энди ҳеч қачон,
Муҳаббатим ҳақда очмасман нек фол.
Мен фироқ бандидан чиқарувдим қон,
Сен кўнглим қонатиб топдингми иқбол?
Рози бўл, қалбингнинг ҳур бодаларин
Арзимасам-да лек тотганим учун.
Кўнглимнинг илоҳий шаббодалари,
Қуёшдек кўксинга ботгани учун.
Рози бўл, азизим, қаро кўзлигим,
Ишон, бу кўзларга энди чўкмасман,
Дунёни тунд қилди васлсизлигим,
Ишон, кўз ёшингни энди тўкмасман.
Кечир,эй бахтларим туғилган очун,
Севгим, қайғум учун, хайр, рози бўл.
Ва ишон кўзингга чўкмоқлик учун
Минглаб қора кўздан кечгандим буткул.
Исминг дур сочмоғи учун лаблардан,
Бир бор ўтли-ўтли қарашмоқ учун,
Яшаб миллион йиллар ўзга қалбларда
Айрилганмиз балки учрашмоқ учун.
Бизлар кеч учрашиб эрта айрилдик,
Сенга маълум энди яхши-ёмоним.
Мен-да гуноҳкорман, мен-да бир бебахт,
Кечир ва рози бўл, қоши камоним!…
Мендан қизғанасиз андуҳингизни,
Мендан қизғанасиз шодлигингиз ҳам
Бахтга чорлаб турган ул руҳингизни,
Яшириб қийнайсиз тунлари, эркам.
Билмайсиз, юлдуз ҳам кўкда вақтинча,
Бир ёниб сўнгра у ўчар абадий.
Булбул ҳам ўлади гул кўз очгунча,
Мен ҳам ер юзида эмасман боқий.
Мендан қизғанасиз андуҳингизни,
Дилим капалаги ўлар ҳасратдан.
Шунда ҳам қизғаниб шукуҳингизни,
Бехабар қоласиз бор ҳақиқатдан.
Майди, нега ўзни ташламоқ ғамга,
Дил кўкида мунгнинг булути нега?
Ачинганим-бир кун жонсиз танамга
Севилмаган дўстлар бўлади эга.
Шунда ҳам фаҳмингиз сезиб ололмас,
Ёввойи дардингиз сира олмас тин.
Кўнглимдаги ой ҳам боқий қололмас,
Бир кун қайғу қоплар юзини бутун.
Мен фақат ўксиниб-
ўксиниб кетгум,
Севилмаганимга эмас, йўқ, асло,-
Умрим,орзум, севгим янчилиб битди-
Мен севмаган дўстлар оёғи аро.
Мен фақат ўксийман,
ўксиб ўйлайман,
Вақтим кетар менга куймаганларга.
Соғинчим, армоним ҳақда сўйлайман,-
Уларга-умрида суймаганларга.
Сиз-чи қизғанасиз дақиқангизни,
Билмайсиз, мен қанча бахтни жўнатдим,
Бир бор чеҳрангизга боқмоқлик учун
Мен нечта тиканга бағрим қонатдим.
Бир куни қайтаман келса ҳур соат,
Бир куни менсиз ҳам қолади бу дун.
Барибир суягим ёндирар ҳасрат,-
Нега мен суйганим қизғанди кўнглин?!
Мендан қизғанасиз андуҳингизни …
Гуландом Тоғаева