ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ УСМОН АЗИМ ИЖОДИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Филология фанлари номзоди ОЛИМ
ТОШБОЕВдан дурдона мақола:
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ УСМОН АЗИМ ИЖОДИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР #МЕНБИРУЛКАН_ДАРДДИРМАН…
Усмон Азим
Ўтган асрнинг 70-йиллари адабиётимизга кириб келган авлод адабий иқлимни ўзгартирди ва бу ўқувчиларнинг диди ва савиясининг юксалишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Усмон Азим Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир бошлаб берган биринчи тўлқин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов номи билан боғлиқ иккинчи тўлқиндан сўнг адабиётимизга кириб келган учинчи тўлқиннинг энг пешқадам вакили. Уч тўлқин ўзбек поэзиясининг ХХ асрдаги бўй-бастини, савия-даражасини, мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Бу кўтарилишлар назм ва насрда ўнлаб истеъдодларни пайдо этди. Аммо шеъриятимиз бўстонида, Усмон ака таъбири билан айтганда, “илҳомлари “бир баҳор”лик – ёшликнинг завқ-шавқи билан биргина гуллаб қолишга улгурган шоирлар” ҳам кўп бўлди.
Ўзингиз ўйланг, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов довруқ солиб турганда шоирман дейиш, айтишга осон. Лекин Усмон Азим… Келинг, шоирнинг ортиқча камтарликни йиғиштириб қўйиб айтган сўзларини бир ёдга олайлик:
Мен бир бола эдим – ўн олти ёшда,
Бу даъват маъносин қайда чақмоғим?
Ғафурнинг дўпписин қўндириб бошга
Қаршидан чақнади шеърнинг чақмоғи.
Демак, савол сизга, Абдулла Ориф!
Зилзила тинчиди –
кўнглингиз тўқми?
Кўксимни бир вулқон бормоқда ёриб,
Менга айтадиган гапингиз йўқми?
Шеър чиққандан сўнг “Шоир катта кетибди. Йўғ-е? Наҳотки!” деганлар ҳам бўлди. Аммо Абдулла Ориф жони ичига сиғмаётган укасининг бу “шаккок” саволидан заррача оғрингани, таажжубга тушгани йўқ. Аксинча, умрининг охиригача туғишган акадек, қиёматлик дўстдек бўлди. Чунки улуғ шоир ортидан келаётган авлоднинг нимага қодирлигини, адабиётга қўшаётган ҳиссасини жуда яхши англар эди.
Билишимча, Абдулла Орипов ва Усмон Азимнинг адабиёт, шеърият, ўлмас асарлар ва ижодкор қисмати билан боғлиқ адоқсиз гурунгларига Яратгандан бошқа гувоҳ йўқ. Эҳтимол, ука бу “махфий” мулоқотни қоралаб қўйгандир. Балки…
Хўш, адабиёт мухлислари нима учун Усмон Азим шеърларини яхши кўради? Шоирнинг фавқулодда ўзига хослиги нимада?!
Усмон Азим – ёрқин характер соҳиби. Унинг ўзига хос қиёфаси, кўз қараши ва ҳатто сўзлаш оҳанги ҳам ҳар бир шеърида, қолаверса, барча битикларида “мана ман” деб кўриниб туради. Қиёфасиз ижодкорнинг ўзи ҳам, қораламаси-ю сўзи ҳам бировларнинг соясига ўхшайди. Борди-ю Усмон Азимнинг бир туркум шеъри имзосиз эълон қилинган тақдирда ҳам зукко ўқувчи уни ҳеч адашмасдан пайқайди. Сўз, оҳанг, мавзу, образда оригиналликка эришган ижодкор учун бу жуда катта эътироф. Чунки сўнгги нуқта қўйилганданоқ шоирдан узоқлашган шеър чин ўқувчининг ҳамроҳига, дардкаши ва суҳбатдошига айланади. Энди у ўқувчининг маънавий мулкидир.
Усмон Азим шоир бўлиб танилгандан бери ўзини ёзади. Бу “Ўз” гоҳ масрур ўғил, гоҳ бепарво ука, гоҳ оқибатли дўст, гоҳ қайсар ошиқ, гоҳ рўзғор ташвишлари-ю турмушнинг кераксиз ҳашаматларига кўмилган эр, гоҳ муросасиз курашчи, гоҳ фақатгина ёлғизлик ва эрк истаган озурда қалб соҳиби сифатида намоён бўлади. “Болаликдан икки хотира” шеъри ҳам шоирнинг автобиографик асарлари сирасига киради. Рамзий маънода тасвирланган “Қиш” – бу Усмон Азимнинг болалиги. Серямоқ чопон ва калишда мол боқиб қўл-оёғи музлаган, орзуси палто ва иссиқ қўлқоп бўлган “Қиш” “Алпомиш” ўқийди. Мурғак тасаввурида Алп ва Ойбарчин пайдо бўлади:
Шаҳар томон жўнади бола –
Қўлларида эски жомадон.
Жомадонда бир парча дала,
Уч-тўрт китоб, икки кулча нон.
Мана сизга чайратимнинг чайир боласининг шеърий таржимаи ҳоли! Газа-ю қизилдан бошқа ерни кўрмаган бўз бола шу тариқа пойтхатга келади. “Шеър мисоли юраги тоза” бир даштликка “Шаҳри шовқинзор”нинг туҳфаю инъомлари, кўрсатган меҳр-муруввати, рўбарў қилган дўст-ёрлари – алоҳида мавзу.
Майсалар, товоним сизни соғинар,
Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу.
Қайдадир қўзичоқ бўзлар, оҳ урар,
Қирларда адашган соғинчимми у? – деб бошланадиган шеър болаликка қайтишни орзу қилаётган замондошимизнинг, яқин-йироқдан ота уйга – туғилган маконига қушдай учиб бораётган одамнинг айтиб адо қилолмайдиган қўшиғи. Кейинчалик шоир “Дашт ва тоғ ҳақида қисса”да “Бир тоғ бўлолмадим бошингда, Бойсун, Бир дашт бўлолмадим, Бойсун, пойингда” – дея ёзди. Бу каби қониқмаслик, бир вақтлар беқиёс ҳайрат ва илҳом берган маъвони излаш инсоннинг улғайиши ва руҳиятидаги ўзгаришлар, қалбнинг эврилишлари билан боғлиқдир.
Ҳақ ва тупроқ моҳиятини англашга интилган ижодкор бир куни иқрорини шундай сатрларда баён қилади:
Йўқ, Бойсунни соғинганим йўқ,
Тангрим, сени танимагунча.
Усмон Азим шеърияти ҳақида тунни тонгга улаб гаплашиш мумкин. Мирзо Кенжабек айтганидек, “Усмон Азим шиддатли туйғулари билан, кескин ҳолатлар ва аниқ тасвирлари билан ўзбек шеъриятига янгича руҳ олиб кирди”. Илк китоби “Инсонни тушуниш” билан янги овоз сифатида танилган ижодкор “Ҳолат”, “Оқибат”, “Кўзгу”, “Сурат парчалари”, “Дарс” “Иккинчи апрел”, “Бахшиёна”, “Уйғониш азоби” каби тўпламлари орқали машҳурлик рутбасига эришди. Айниқса, “Бахшиёна” туркуми шеъриятда ўзига хос йўналиш бўлди. “Бахшиёна” чоп этилган 1990 йилда биз ТошДУ журналистика факултетининг биринчи курсида ўқир эдик. Университет ва Талабалар шаҳарчасидаги ҳаёт улкан дошқозонни эслатарди. Таниқли шоир-ёзувчи ва публицистлар билан кунда-кунора учрашув, савол-жавоб, баҳсу мунозара…
Ҳаётнинг суръати тез, ҳеч ким бўлаётган ўзгаришларга бефарқ эмас. Ишчидан то талабагача ҳамма-ҳамма жамият ҳаётига муносабат билдиришга ошиққан. Чақириқ, даъват, талаб ва таклиф ҳар қадамда жаранглайди. “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”), “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари, “Фан ва турмуш”, “Ёшлик” “Шарқ юлдузи”, “Саодат” журналлари 300 000 нусхадан 1 000 000дан зиёд нусхагача тарқалган, ўқишга, ишга кетаётган одамлар эрталабдан киоскаларга нонга навбатга тургандай навбат кутиб газета-журнал оладиган давр. Бирор-бир ўткир ижтимоий-сиёсий мақола ёки шеърнинг шов-шуви ҳеч нимага ўхшамайди…
Хуллас, баҳор кунларидан бирида Усмон Азим билан учрашув ўтказилди. Ўша даврда урф бўлган оч ҳаворанг жинси пиджак-шим кийган, елкасида чарм сумка шоирни талабалар чувуллаб қарши олди. Ким қўл бериб кўришган, ким дастхат учун қўйин дафтар узатган, ким маъруза дафтари, яна кимдир “Бахшиёна”ни боши узра кўтарган…
Ҳамма кўниккан, даққи адабий, илмий, ижтимоий-сиёсий қарашларни чиппакка чиқариб мақола ва суҳбатлар ёзган, адабиёт хусусидаги очиқ хати билан мунозаралар бошлаб берган яловбардор Усмон Азим ўзи каби қизиққон ёшларнинг тарих, ўзбек тили мавқеи, миллийлик ва Ўзбекистон истиқболи билан боғлиқ саволларига жавоб бериб, сўнгида аудитория ойналарини зириллатиб шеър ўқигани кечагидай эсимда.
“Бахшиёна” туркуми довруқли достонга шунчаки тақлид ёки қаҳрамонлар номидан халқона ашъор тўқиш эмас, балки таназзулга учраётган жамият, маънавий айнишлар, қадриятларнинг унутилаётгани, шахс инқирози, юксак эзгу фазилатлар ва туйғуларнинг пароканда бўлаётганидан ҳайқириқ эди. Чунки “Алпомиш” – халқимизнинг маънавий қиёфаси. Катта бир элнинг топгани ва йўқотгани, етгани ва айрилгани, суйгани ва куйгани мана шу достон ва унинг қаҳрамонлари тақдирида мужассам. Кўпмингйиллик мозий гувоҳи “Алпомиш”ни шеър қилиб ўқиймизми, бахшилардан тинглаймизми, қатъи назар, қалбимизда бир-бирига уйқаш, айни дамда бир-бирини инкор қилувчи ҳис-туйғулар, турли кечинмалар ўз-ўзидан уйғонади ва ўша чоғда сизнинг алпомишингиз дўсту ёрингиз таниган алпомишдан фарқ қилади. Назаримизда, достоннинг ажиб ва инжа сири ҳам шунда! Ҳар кимнинг, ҳар бир уйғоқ қалбнинг ўз алпи бор! Шунинг учун достонни ўн саккиз ёшда ўқисангиз у севги-вафо достони, йигирма беш ёшда ўқисангиз мардлик-шижоат достони, қирқда ўқисангиз дўстлик ва ҳижрон достони, элликда ўқисангиз қон-қондошлик, оға-инилик меҳрининг тантанаси, олтмишда эса салтанат ишқи, худбинлик ва халқ бирлиги достони сифатида намоён бўлаверади. “Алпомиш”нинг минг бир қирраси минг битта шоирга илҳом ва ғайрат бергуси. Достонни тафаккур қилиб ўқиган ҳар бир одам нафс ғалаёни ва жондошлик исёни, ғурур ва ғурбат, аҳиллик ва ҳижрон, муҳаббат ва матонат ўртасидаги курашдан ўзи учун хулосалар топади. Усмон Азим ана шу мангу булоқдан қониб-қониб сув ичган шоир сифатида достонга янги ҳаёт бағишлади.
Нафсиламрини айтганда, “Алпомиш” севги-муҳаббат каби ҳар бир қалбда илдиз отмоғи керак. Келажак авлодлар “Алпомиш”ни кашф этсагина миллатнинг ўсуви бардавом бўлади. Миллий адабиётимизга, хусусан, замонавий шеъриятга “Алпомиш” мотивларини олиб киришга уринишлар бўлган. Кўпкарини кўп кўргансиз. От минган борки, бир мартага уюрга от солиб кўради, аммо улоқни опчиқиш абжир, қўрқмас, дали-ғулли чавандозга тан. Шу маънода, “улоқ” Усмон Азимда кетди. Ҳеч қайси ижодкор “Алпомиш” мадҳини Усмон Азимдек кўп ва хўп куйлаган, куйлай олган эмас. Усмон Азим улкан маънавий мерос тарғиботчиси сифатида Фозил Йўлдош, Эргаш Жуманбулбул, Ҳамид Олимжон, Ҳоди Зариф билан бир қаторда туради. Шоир халқ достонларига бўлган тийиқсиз меҳр-муҳаббатини шеърий туркум, ҳикоялар, кинодостон ва драмалар орқали ифодалади. Элбек, Эломон, Ҳаққул бахши бўлиб достонга янгича руҳ ва мазмун бахш этди. Қиёматли дўст ва садоқат рамзи бўлган Қоражон шоир ижоди орқали шеърият мухлисларига яна-да севимли ва суюмли бўлиб қолди. Усмон Азим бетимсол алп номи узоқ қишлоқлардаги тонготар тўй-томошаларда, унда ҳам азбаройи тўртта-бешта бахшининг саъй-ҳаракати туфайли эсланган даврларда “Бахшиёна”ни ёзди. “Алпомиш” деса энсаси қотадиган олифта-бодиларга ўзбекнинг асл табиати, ўзлиги-ю илдизини, мардлиги-ю олижаноблигини соф кўзгу – шеър воситасида кўрсатиб берди. Достоннинг қават-қават, сир-синоатга тўла оламига замондошларини ошно этди. Минглаб ёш ўспирин “Алпомиш” оҳанги ва ғоясига эргашиб, алпомишу барчиной бўлишга интилди. Шеър, сўз энг улуғ ва қудратли мафкура сифатида қалбларни забт этган эди. “Алпомиш” кинодостони, “Алпомишнинг қайтиши”, “Тонг отган тарафларда” каби драматик асарлар ана шу соғинч ва изтироб меваларидир.
“Бахшиёна” дунёга бўйлашиб бораётган ўзбекнинг қалб оғриғи, изтироби, соғинч ва ҳайратидир. Ойтуман, Элбек ва Эломон бахшиларнинг (исмларга эътибор беринг!) айтишуви, Оқботир ва Қоработир суҳбати, Қалдирғочой, Алпомиш ва Ойбарчиннинг савол-жавоби достонсевар халқнинг кўҳна дардлари эди.
Тингланг, Элбек бахшини нима чатнатди?
Устозим деганинг шеърфуруш чиқса,
Суйганим деганинг эрфуруш чиқса,
Подшоҳим деганинг элфуруш чиқса, –
Дардларинг танингга жойлансин.
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин.
90-йиллар бошида мустабид тузум ва янгича қараш орасида кескин континентал муҳит ҳукмрон бўлиб, ҳамма ижодкорлар деярли бир хил мавзу – ижтимоий ҳаёт муаммоларидан ёзар эди. Сўнг бу мавзуларнинг оҳори қолмади. Энди нимани ёзиш керак?! Бу савол барчани ўйлатгани, қийнагани рост. Усмон Азим ана шу мафкуравий-маънавий бўшлиқ даврида шеърият мухлисларини ҳайратга солиб, унутилган бир “сўқмоқ”дан юриб кетди. Бу зафарли юриш, пировардида, шундай боғларни бунёд этдики, у ҳақда қуйироқда гаплашамиз.
“ШОИРЛАРИ ЁЛҒОН АЙТСА,
ЎЛАДИ ЭЛ”
Усмон Азим кимлигини, шеърияти сир-асрорини билишга қизиққан одам унинг:
“Ўзингни аяма,
Бешафқат бўлгин.
Жонингга солиб тур гоҳида буров.
Шунда
Топилади
Хоин бўлагинг –
Унга раҳм қилма,
Қатл эт дарров”,
деб бошланадиган шеърини синчиклаб ўқиши лозим. Чуқур миллий, диний мазмунга эга бу шеър, аслида, шоирнинг ҳаётдаги шиори. Бу талабчанлик ижодкорнинг ўзлигини топишига, дунёга қандай вазифа ва мақсад билан келганини англашига сабаб бўлди. Одам ўз-ўзини янчиб турса, бетиним тергаса, узлуксиз маломат қилса, нафси билан муҳорабага киришса – фазилат. Лекин кўпчилигимизда ана шу фазилат етишмайди. Нафсиламрини айтганда, шеърга сингдирилган ғоя ҳар бир замондошимизга тааллуқли. Айниқса, бизнинг кунларда бу шеърни баланд товушда, сатрларга урғу бериб ўқиш керак. Токи, том битган қулоқлар, минг бир қиёфага эврилган юзлар, субутсизлик ва лафзсизликни шиор қилган каслар эшитсин. Шоирнинг “Эҳтиёткор одам” шеърини ҳам юқоридаги даъватнинг давоми дейиш мумкин.
Тузумнинг таънали тоти ва тўрвасидан юзи сарғайган халқнинг аҳвол-руҳияти, ҳар қадамда урчиб кетган адолатсизликлар ҳақидаги шеърлар шоир ижодида алоҳида бир саҳифа. Усмон Азим ўша йилларда фаол публицист, оташин нотиқ сифатида ҳам танилди, эрк, озодлик ва ҳурриятни ёниб куйлади. Некбин орзуларни қурол кучи билан кунпаякун қилмоқчи бўлган истибдод малайларини лаънатлаб шеърлар битди. Эрк, озодлик, ҳуррият учун жон бераётганларни жон жигари, дарддоши деб билди. Улар учун куйди, ўртанди. “Литва ҳақида икки шеър”, эҳтимол, ёдингиздадир:
“Эркдан бошқа, ахир худом йўқ.
Озодлик! Висолинг бунчалар қисқа…
Озодлик – кўзимда сўнаётган чўғ,
Эрк – Литва!
Илтимос… Ўлмагин, Литва!”
Усмон Азим халқимизнинг қалби уйғоқ фарзандлари қатори халққа мурожаат этиб, юрт мустақиллигини талаб қилиб чиққан қуролсиз аҳоли ўққа тутилганини қоралади, “инсонийликни таниган барча инсофли жамиятларни ларзага солган бул машъумиятга муносабат билдираётганлар орасида кўнгилчанлиги, меҳр-шафқатга бойлиги, болажонлиги билан машҳур халқимизнинг овози ҳам баландроқ эшитилиши керак”лигини айтди.
Шоир дардкашлар юртида юраги доғланмаган, дунёга лоқайд боқиб турган эҳтиёткор одамга шундай юзланади:
Сукут лозим жойда тил бўлсанг нетар?
Бировнинг ғамида сил бўлсанг нетар?
Ҳамиша ижтимоий фаол бўлиб келган шоирнинг бу ҳайқириғи “Отим қолар”, “Зотим қолар”, дея томошабин бўлиб турган айрим қавмдошларига нисбатан айтилган.
Усмон Азимнинг “Туш” деган бир шеъри бор. Мен бу асарни дину диёнат унутилган, маънавият маҳв этилган, инсонийликдан чекинган жамият суврати деб биламан. Шеърнинг лирик қаҳрамони гуноҳкорни ўлимга олиб кетаётганларга “Мени жазола!” деб ёлворади. Ҳамма ҳайрон. Порахўру хиёнатчи қолиб сен бир мўмин, бегуноҳни жазолаймизми, деб сўрайди. Ҳар бир гуноҳкор жазога тортилаётганида шу мунозара такрор-такрор содир бўлаверади. Шеър қуйидагича якунланган:
Ҳамма гуноҳ қилди – жим турдим…
Шоир мазкур шеърга билибми-билмайми ҳадис мазмунини сингдирган. Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин” асарида Пайғамбаримизнинг (с.а.в) қуйидаги ҳадиси келтирилган: “Сизлардан биронтангиз мункар (ёмон) ишни кўрса, уни бу ишдан қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан, ўша дили билан қайтариши имонининг заифлигидир”.
Энди ўзингиз ўйланг. Шеърнинг лирик қаҳрамони қандай одамки, ўзини гуноҳларга шерик деб биляпти?..
ОЛ КЎЙЛАКЛИ АЁЛЛАР ВА
“ЛЎЛИ ҚИЗ ҚЎШИҒИ”
Ҳеч кўрганмисиз ўтов бузаётган “ол кўйлакли аёллар”ни. Бу – қўнғиротнинг қиз-жувонлари. Қадим-қадимдан қизил кўйлак кийиб келган қўнғирот аёлларигина кўчиш лозим бўлганда ўтов – қора уйни бузишга ҳақи бўлган. Тоғ ва дашт эрлари ўчоқ-тандирга яқинлашмагани каби уй бузишга ҳам зинҳор-базинҳор қўл урмаган. Чунки ўчоқ-тандир, уй – Ватан Она номига уйқаш қилиб айтилгани учун ҳам бу иш – Аёлга тан!
Усмон Азим шеърларида ўзбек аёли алоҳида бир муҳаббат, меҳр ва ардоқ билан тасвирланади. Бу шеърларда аёл оиласининг ор-номуси, ғурури учун курашадиган жасорат соҳибаси сифатида гавдаланади. Бир мисол келтирсак. Шоирнинг кўпкарида оти ўлиб дунёси қоронғу бўлиб қайтган чавандоз ҳақида шеъри бор. У шундай бошланади:
Чавандоз улоқдан қайтди пиёда,
– Рангларингиз бир ол, айтинг, не бўлди?
– Онаси, дардимни қилма зиёда,
Онаси, отгинам… отгинам ўлди.
Чорвадор халқ учун от йигитнинг йўлдоши, тириклик белгиси, ҳаёт мазмуни. Кўпкари эса мардлар ўйини бўлиб, чапани, чапдаст, бақувват ва ғужурли эрнинг номини элларга ёяди. Улоқчи оти туфайли довруқ қозонган шунқорлар сон мингта. От учун бутун борлиғини беришга тайёр ёвқур йигитлар бугун ҳам бор. Ана ўшандай чапдаст, чавандоз отидан айрилди, энди элда қандай юради? Унинг бел мадори, суянадиган тиргаги, юрадиган “оёғи” кетди! Бу жуда катта мусибат, ташвиш. Ғамга ботган чавандоз кўздан оқаётган ёшини ҳатто хотинидан ҳам бекитади.
Чавандоз хўрсинар… Тонг отар эди,
Энг сўнгги юлдузлар борарди ботиб.
Хотини шивирлар: “Ҳеч хафа бўлманг,
Сизга от оламиз уй-жойни сотиб…”
Шеър ор-номус, ғурур учун мол-дунёдан воз кечишга ҳам тайёр тўмарису барчинойларга бағишлов. Бундай аёли бор элнинг эртаси ёруғ!
Усмон Азимнинг “Лўли қиз қўшиғи” – бу, муҳаббат изтироби. Унда инсоний севгидан баланд туйғулар борлиги тараннум этилган. Шеърнинг лирик қаҳрамони миллатдошлари ҳаёти, қадрият ва турмуш-тарзини ўз муҳаббатидан устун қўяди.
Мен йўлларда туғилганман,
Айрилмасман йўллардан.
Умрим ўтар йўллар билан,
Кезиб-кезиб ўларман.
Лўли қиз аждодларидан мерос ҳаёт тутумига, урф-одатларга хиёнат қилишни истамайди. Шунинг учун ҳам:
Ҳар нарсани енгадурман,
Муҳаббат оддий ғам-ку!
У ўткинчи… ўтиб кетар…
Фақат шу йўллар мангу – дейди.
Бу ерда йўл – аждодлар хотираси. Қиз ана шу хотирани оёқости бўлишига рози эмас. Шеърни ўқиб лирик қаҳрамонга нисбатан меҳрингиз товланади. Эҳтимол, лўли қизни севиб қоларсиз…
“Аслинг билсанг оби гил…” дейди Аҳмад Яссавий. Одамзод сув ва тупроқдан бино бўлгани учун у ҳамиша табиат шайдоси. Табиатга талпингани сари моҳиятга етади, табиат қўйнига чиқса, она бағрига бош қўйгандек ором олади. Усмон Азим Маҳмуд Саъдий билан суҳбатда “Бойсундай Худо берган чиройли бир масканда туғилганимданми, табиатни юракдан ўтказиб яхши кўриш менга насиб этди. Аммо табиатнинг тасвири шеъримга аниқ кўчгунича шеъриятда анча йўлни босиб ўтдим. Ортимга бурилиб қарамай, юрагим ёрилгудай бўлиб шеър йўлидан кетавердим. “Тазарру боғлари” деб аталган шеърий туркумлар мажмуасига етганимда эса шу пайтгача куйлаганим шеъриятга етиб келганимни ҳис қилганман… Бироқ мени ўйлантирадиган бир нарса бор: кўп мухлисларим ёшликда ёзган шеърларимда қолиб кетишди. Кейинги ёзган шеърларимга етиб келганлар жуда кам…” дея нолиш қилади.
“Ғусса” ва “Куз” тўпламларини шоирнинг ўзи “энг ғамгин китобларимдир” дейди. “Уйғониш азоби” китоби қирқ ёшнинг сарҳисоби бўлса, “Ғусса” тўплами, жумладан, “Тазарру боғлари” туркуми шоир ижодида фавқулодда бурилиш, камолот босқичидир. Бир сўз билан айтганда, бу туркумлар шоирнинг янги, ҳа-ҳа янги оҳанг ва руҳий кўтарилганига шоён ҳужжатдир. Мен бу туркумларни Биру борга муножот дегим келади. Бу тўпламлардаги шеърлар 70 – 80 йиллардаги Усмон Азим шеърияти эмас. У тамомила янги бир шеърият. Назаримда, туркум босиб ўтилган ҳаётдаги хатолар ва камчиликлар, қусурлар ва иллатлардан покланиб, Ҳақни излаётган, ҳақиқий эрк ва озодлик йўлини англашга жидду жаҳд қилган, тавбага юкунган осий банданинг иқроридек туюлади.
Уриндим – асроринг еча олмадим, –
Ҳар битта жилвангда минг сирли тугун.
Фақат, Тангрим, кечир, бандаларингдан
Эрку Озодликни кутганим учун.
Бу руҳий ҳолга кимдир қирқ, кимдир эллик, яна кимдир олтмиш ёшда эришар. Гап бунда эмас. Гап ёлғончининг моҳиятини тушуниб, инсоний матлаб ва маслак нимада эканини англаб етишдир. Инсон бу дунёга нима учун келади, унинг вазифаси нимадан иборат. Бу синов дунёси эрта бир кун қандай сарҳисоб, имтиҳон билан якун топади? Мана шу мангу саволлар шоирга тинчлик бермагани, қалбини ўртагани ҳақиқат. Мана шу ўртанишлар, мунозара ва муроқаба маҳсули бўлган шеърлар, табиийки, ўқувчини ҳам худди шундай ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Адабиётнинг, умуман, санъатнинг гарданидаги вазифа, юмуш шу эмасми? Демак, “Адабиёт – Ватандай муқаддас” дея санаган ижодкор ана ўша вазифани бажаришдан бўйин товламайди:
Мен кўнглимни гул каби уздим!
Тангрим, юбор гулга зор касни…
Тангрим, қандай ўйинни буздим –
Ҳеч кимга гул керак эмасми?!
Шоир дард-изтиробга лиммо-лим қалбини бўшатишни истайди. Кимга? Абдулла Ориф “Дилингни оч фақат Парвардигорга” деган эди. Усмон Азимнинг ғуссага ботган лирик қаҳрамони ҳам Аллоҳга ёлборади, ундан сўрайди, унга дил ёради:
О!.. Оламдан тўкилди гуноҳ!
Оралаган боғларга санми –
Гуллайсанми шунақа, Оллоҳ,
Оллоҳ, шундай кўкарасанми?
Олам қайта яралди – янги!
Менинг қайси “оҳ”имга жавоб –
Йиғлайсанми шунақа, тангрим?
Сен – сахийсан, меҳрдир боринг…
Гуллашингу йиғлашинг – ошкор…
Мен – бир тўзғин майсангман, тангрим,
Мен – бир қатра ёшингман, жаббор.
“Тазарру боғлари” туркумида ҳайқириб, жўшиб ўқиладиган шеърлар жуда кўп. Ахир, қалбнинг туб-тубидан вулқондек отилиб чиқаётган нолаларни тизгинлаб бўлармиди?
Битиклардаги жунун жиловга бўйин бермайди-да! Лекин улар орасида мунгли, қайғули шеърлар ҳам талай.
Мен бир баргнинг ҳасратин ёзиб,
Довруқ солсам бўлар оламга”,
дейди шоир бир шеърида. Барг – ўтган умр, унутилган авлодлар рамзи. Бу рамз бир қанча ўринда учрайди. Бундай деётганимиз, шоир “барг” мавзусини давом эттириб, бир шеърда эрта баҳор боғда уйғонган куртакни кўриб, “Менинг кетган дўстим бир тунда қайтди”, дея қувонади. Гарчи сирлашган барглари ўрнига янгилари чиққанини билса ҳам эски дўстини қўмсайди. Янги япроққа қараб:
Мени ая, эй, барг! Мени аягин!
Айтгин: мен – ўша дўст –
келдим фанодан…
Кўнглимда нур сочган яшил чироғим,
Наҳотки барглар ҳам қайтмас дунёга? –
дейди.
Кузда баргхазон боғларни кезган шоир атрофга боқиб табиат ва шахс уйғунлигини кўради. Ўқувчига куз – ҳаёт моҳияти, ўтаётган умрга ишора эканини айтмоқ истайди:
Оятлар ўқийди кузнинг ҳар рўзи,
Ҳар япроқ бир ҳадис терсам майлими?
Инсон умри Абадият олдида бир ўчиб-ёнган чироқ бўлса-да, уни мангулика муҳрлайдиган ҳақиқатлар бор. У – Яратганнинг ҳар бир мўъжизасида Ҳақнинг суврати, қудрати ва ҳикмати мужассам эканини англашдир.
Бир барг ҳаёт жимгина битди,
Мангу кетди бир мўъжаз наво.
Оллоҳ, мени бунча титратди,
Барг учганда уйғонган ҳаво?
Забт айлади мени хаёлинг,
Ўртамизда қолмади фироқ.
Юрагимда, Оллоҳ, жамолинг –
Барг учганда уйғонган титроқ…
Усмон Азим илк тўплами “Инсонни тушуниш”дан бери ўтган қирқ йил ичида йигирмадан зиёд китоб чиқарди. Шоир, носир, драматург, киносценарийчи, таржимон сифатида танилди. Тўғри, жилд-жилд, том-том китоблар ижодкорнинг даражасини белгиламайди. Лекин етмиш ёшда ҳам қўлида қалам, вилоятма-вилоят кезиб чарчамайдиган, “Ёзадиган нарсаларим калламда қалашиб ётибди”, дея суҳбатга қўр ташлайдиган шоирга қойил дейишдан бошқа илож йўқ.
Ижодкорнинг руҳан ва маънан янгиланиши, камолга етиши, таъбир жоиз эса илоннинг пўст ташлашидек бир гап. Қаламкаш қалбининг ўзгариш ва эврилишлари унинг асарларида кўринади. Ҳар қандай асар, одамнинг кўзгудаги акси каби “Мен”ни акс эттиради. Шоир айтмоқчи:
Ёлғон дунё, ёлғонингга қўним йўқ,
Шоирга ўлим бор, шеърга ўлим йўқ.
Олим Тошбоев, филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 12 август (№27) сонидан олинди.