Каҳкашоннинг кулоли
Лой эзмоққа жўнабди.
Кокили минг тиллоли
Қизғалдоқлар қонабди.
Кўнглим қобирғасида
Бинафшани кўрсайдим.
Осмоннинг йўрғасида
Вахшиворга борсайдим.
Кўзларимнинг ёғида
Нолалар кўкармакчи,
Хаёлнинг “Ушшоғи”да
Волалар кўкармакчи.
Вахшиворга борганлар
Аразларим бор,сизга!
Майсада ўлтирганлар
Ҳавасларим бор,сизга!
Отам яшарибдилар,
Онам яшарибдилапр,
Баҳор ёққан оловни
Янгам ишарибдилар
Мен шуларнинг барини
Кўзим билан кўрсайдим,
Бошлаб ёшу қарини
Вахшиворга борсайдим!..
07.03.1992 йил.
Муҳаббат на бўлғай энди,
муҳаббат қайга кетмишдир,
Қадаҳда май эди бахтим,
уни қай ётлар ичмишдир.
На бўлғай, ўрганди кўнглим
Фузулийдан қаролиғни,
Бу ишқ шатранжида мени
қайси бахти бор ютмишдир?!
На тақдир, на ёзуқдур бу,
на ўтмиш ва кечмишдир,
Менинг сокин баҳоримни
шамоллар қайга сочмишдир.
Умидим шул эрур жоним
ипини энди оҳ ечмишдур,
Шу Элда яна бир Қайским
Каъбада Ишқдан сўз очмишдир!…
**
Мақсадинг на эрди еллара сочдинг,
Ишқинг юрагинга солган ёғдуни.
Мақсадинг на эрди, жисмима санчдинг,
Қотил қўлидаги ханжар орзуни.
Мақсадинг на эрди еллара сочдинг,
Карбало даштидан келган ифорни,
Нечун ҳайдолмадинг, эшигинг очдинг, –
Сени севолмаган битта баҳорни?!
Жоннинг косасидан оққан тарёкни,
сумани мунаввар, сарви бебокни,
Май косага берган сўнгги сабоқни,-
Мақсадинг на эрди еллара сочдинг….
**
Дилнинг деворига тегибди бошинг,
Лабларингни чимди, ғунчадаҳоним.
Яна бир лаҳза кут тўкмоққа ёшинг,-
Сўзим соясида қолган жаҳоним!
Келгани-
кетмагу , кетмак-келгани,
мулки муҳаббатим,
мулки ҳайроним,
киприклар дамидан вайрон бўлгани
сўзим соясида қолган жаҳоним!
Ошиқлар қабридан шимизиб сиёҳ,
Вола яфроғига чиздим титроқни.
Бу титроқ тагида дунё ёш гиёҳ
каби тутиб турар суфий тупроқни!
Бир кун даврим келса давраларда хуш,
Ўлтирсам қонатиб бағри фиғоним.
Мени беркитсайдинг шунда кўнгилхуш,
Сўзим соясида қолган жаҳоним!
Ишқнинг сунбуллари тўккан хотира,
Ўқиркан дунёдан мақсад-дуони,
Яна бир лаҳза кут, кетма, бокира,
Кут, сени севмоқчи бўлган дунёни,-
Сўзим соясида қолган жаҳоним!
29.10.1993 йил
Гуландом Тоғаева
@shoira_Gulandom