Айтишларича,баланд тоғларда ўсадиган “алп қўнғироқ гули” деб аталган гиёҳ ўзидан шунчалик ҳарорат чиқарар эканки, бунинг натижасида атрофидаги қорлар ҳам эриб кетар экан. Айни қиш палласида бу гиёҳнинг қордан “бош кўтариб”, эрта баҳорда ўзининг бежирим гулларини намойиш этишининг боиси ҳаётга, яхшиликка бўлган интилишида деб ўйлайман. Бизнинг орамизда ҳам ана шундай юрак қўри, меҳр нури билан яшаб келаётган инсонлар бор. Улар ўзи яшаётган ҳудудни авайлаб-асрайди, ҳаётда билганларини ўргатишдан чарчамайди. ҳар бир кўнгилга теран маънолар билан назар ташлайди. Бу кўп қатламли назар, эътибор туфайли кимлардир ўзига тўғри йўлни топиб олса, яна кимлардир улар сабаб ўз ҳаётий мақсадларини мустаҳкамлаб олишади.Ҳа,тўғри топдингиз. Улар бизнинг бағридарё устозларимиз, мураббийларимиздир. Унутганингда эслатгувчи, адашганингда қўлингдан тутгувчи бундай кўнгилларга муштоқ бўлмай бўладими? Ҳеч биримиз уларсиз ҳаётда бирор бир муваффақиятга эриша олмаган бўлур эдик. Устоз Арасту бир ўринда шундай деган эди : «Ўзини, ўзлигини билиш энг мушкул ва қувончли ишдир. Аммо биз ўз кучимиз билан ўзимизни била олмаймиз…
Биз ўзимизнинг ташқи қиёфамизни кўришни истасак ойнага қараймиз, руҳий оламимиз, ички қиёфамизни билишни истасак, дўстимизга қараймиз. Дўст- одамнинг иккинчи «мен»и деган сўзнинг маъноси шудир, демак, биз ўзимизни дўстимиз ёрдамида биламиз». Ана шу дўст-устоз ва мураббийлардир.
Бугун 1-октябрь- Ўқитувчи ва мураббийлар куни муборак бўлсин! Барча устозларимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва инсонни тарбиялаш, касб-ҳунарга ўргатишдек машаққатли ишларида улкан муваффақиятлар тилаймиз!
MOHIYAT.UZ веб сайти жамоаси.