КАРИМБЕРДИ ТЎРАМУРОД

Муаллимларга биздан совға.

Кеча йиғилишда “Ҳар бир туманда биттадан математика мактаби бўлсин”, деди Президент.

МУАЛЛИМА

1.

− Қўй, Ҳусанбой, бошқа қизни топ! Ўқиган қизлар “Ўзим биламан”чи бўлади, − ўғлининг айтганига кўнмади Шаҳодат хола. − Яна нимага ўқиганмиш, ҳисоб-китобга. Қиз болага ҳисоб-китобни ким қўйибди? Кичкина болаларни ўқитадиган маллима бўлса ҳам майли эди. Қўй, болам, бўлмайди унинг!− Бошқаси менга бўлмайди-да, аяжон, − кулди Ҳусан. − Мастурадан бошқа қиз юрагимни жизиллатмаса нима қилай?− Салиманинг қизига одам келиб ётганмиш, − гапни ўзига маъқул ўзанга солди, Шаҳодат хола.− Ҳалима пишакками? − сўради Ҳусан. − Катта бўлиб қолибдими дарров? − Тўққизни битирди, энди пишак дема! − деди Шаҳодат хола. − Салима бизларга қараб тирибди.− Ҳалимачангизни олиб, унга ҳалинчак солиб бераманми? − кулди Ҳусан. − Ҳали гўдак-ку унингиз.− Ҳа, ўзбиларман-а, Ҳалима ўқимаган, демоқчисанда-а?− Ҳам ўқимаган, ҳам холамнинг қизи. Қариндошдан хотин олмайман, − узил-кесил рад қилди Ҳусан. − Олсам, Мастурани оламан, тамом-вассалом!− Отанг ўқимаган, мен ўқимаган, бизларни писанд қилмайди, − деди Шаҳодат хола. − Бизлар-ку майли, ўзинг ҳам шопирликдан бошқасига ўқимагансан, Мастуранг сени ҳам писанд қилмайди.− Мастура унақа қиз эмас, аяжон, ҳали кўрасиз, у жуда одобли қиз.− Янганг ҳам жуда одобли эди. Мулойим гапирганидан таним яйрар эди, − деди Шаҳодат хола. − Нима қилди? Акангни ҳам ўзи билан олди-кетди. Энди бир ойда бир юбормайди қишлоққа. Илоннинг ёғини ялаган мулойимхунук экан ўша Сунбул ўлгур. Бунинг ҳам ҳозир тишини кўрсатмай тургандир, тўйдан кейин кўрамиз ҳали.

2.

Тўйдан кейин ҳам Шаҳодат хола тўнини “ўнг киймади”.− Беш йил ўқитган домиллалар чойни ўнг қўлда қайтаришни ўргатмабди-да, келинжон?− Аянгиз маллим қилишни билибди-ю, ғилвиндига сарёғ эмас, зиғирёғ суртишни ўргатмабдида-а, келинжон?− Коса-товоқларни овқатланиб бўлгандан ювишни ўрганиш учун яна неча йил ўқиш керак экан, келинжон?− Сув исигунча конспектимни ёзиб қўяй, дегандим-да, аяжон, − хижолат бўлади Мастура.− Канспек ўлсин! − дейди Шаҳодат хола. − Мактабнинг ишини мактабда қилинг, келинжон, хўпми? Уйга мактабнинг ишини кўтариб келманг! Уйнинг ишини мактабда қилмайсиз-ку? Ё ювилмаган идишларни сумкангизга солиб берайми?− Хўп, аяжон, иккинчи бундай қилмайман!− Ҳали иккинчи марта ҳам қилмоқчимидингиз? − ён босгиси келмайди Шаҳодат холанинг. − Ювилмаган идишларни шайтон ялайди, келин. Кейин рўзғордан барака қочади. Ҳозир менинг қайнонам бўлса, бошингизга мушт тушарди.Мастура шусиз ҳам бошига мушт тушгандек бўлиб, “Нега ҳам бирдан ювиб қўймадим-а?” деб ўзини койиганча, идиш-товоқни ювишга тушиб кетади.Қанча тергагани билан Шаҳодат холанинг танбеҳлари тўғри эканини Мастура ич-ичидан ҳис қилади. “Аям мени кўп аяган экан-да, дарсларидан чалғимасин, деб шу ишларни ўзи қилиб қўяверган экан. Аслида, менга қилдирса, менга ўргатса, тўғри бўларкан”, деб ўйлайди.− Нима қилсам аянгизга ёқаман? − сўради бир куни эридан.− Ҳар нима қилсанг ҳам ёқмайсан, − деди Ҳусан кулиб. − Аямга ёқишинг учун Ҳалима бўлишинг керак, бунинг эса иложи йўқ. − Иложини топаман, ҳали кўрасиз, − деди Мастура. − Керак бўлса, Ҳалима ҳам бўламан!

3.

Мастура Шаҳодат хола айтганидек, болаларга ҳисоб-китобни ўргатди, математикадан дарс берди. Яхши ўқитувчи бўлди. Ўқувчиларини фанига қизиқтира олди. Кўп ўтмай ўқувчилар нафақат дарсларга, математикадан Мастура ташкил қилган фан тўгарагига ҳам фаол қатнаша бошлашди. Мастура дарсларни анъанвий усулда, яъни бўрни олиб, мисол-масала ечиш усулида эмас, ноанъанавий усулда, янгича услублар билан ўқитишни йўлга қўйди. Мастура қоидаларни, аксиома ва теоремаларни шеър қилиб айтарди. Масалан, нуқтани Мастура бундай таърифлади:

Нуқтажону, нуқтажон,

Сени белгилаш осон.

На бўйинг бор, на энинг,

Лек қудратинг бир жаҳон.

Кўпайтириш, бўлишни

Сен-ла қилдим ифода.

Бирча сиринг билишга

Керак экан ирода.

Учбурчакнинг тилидан Мастура бундай деди:

Учбурчак эрур номим,

Маҳкам учта томоним.

Уч ёқда посбон учим,

Кўп ишга етар кучим.

Баъзан тенг томонлиман,

Баъзида тенг ёнлиман.

Бурчагим ўтмас, ўткир,

Гоҳ биттаси тўғриман.

Чизиқнинг тилидан Мастура бундай деди:

Қилса ким мени ҳавас,

Икки нуқта олса бас.

Бирлаштириб нуқтани

Ҳосил қилишар мани.

Бир қарасанг эгриман,

Бир қарасанг тўғриман.

Бир қарасанг гўзалман,

Бир қарасанг чигалман.

(Шеърлар муаллифи Ўзбекистон қаҳрамони, қўқонлик математика ўқитувчиси Манзура Мадалиева.)

Табиатан шоирликка мойил бўлган тоғлик болалар ва қизлар эса бу шеърларни тез ёдлаб олишарди. Шунчалик бўлди-ки, ўқувчилар математик атамаларни қўшиб, шеър тўқийдиган, бир-бирларига математик тилаклар айтадиган бўлишди.− Ўн беш ёшингиз муборак бўлсин, унинг квадратига киринг!− Умрингиз арифметик прогрессиядек, муваффақиятларингиз геометрик прогрессиядек ўсиб борсин!− “Е даражаси икс”дек собитқадам бўлинг!

Мактабда математика клуби пайдо бўлди. Клуб аъзолари математика кечалари, математик мушоиралар, синфлар ўртасида математикадан беллашувлар, ҳатто математика соҳасидангина саволлар бериладиган “Заковат” ўйинларини ўтказа бошлашди. Буларнинг натижаси ўлароқ, мактабнинг кўплаб битирувчилари лицейларда ўқишни давом эттириб, кейинчалик олийгоҳларнинг математика, иқтисод, молия бўлимларига ўқишга киришди.

4.

-Ўктамни математикадан фан олимпиадасига олиб бормоқчи эдим.− Уни мен рус тилидан олиб бормоқчиман, − деди мактаб директори Ашур муаллим. − Битирувчиларимизнинг ичида рус тилини унингдек биладиган бошқа бола йўқ.− Рус тилини ҳам пухта ўзлаштириши яхши, аммо унинг математикага қизиқиши кучли, − деди Мастура. − Кейинчалик ҳам математика соҳасида ўқишни давом эттирмоқчи.− Олиб борсангиз, олиб бораверинг! − истеҳзоли кулди Ашур муаллим. − Барибир тупканнинг тубидаги бизнинг мактабимиз ўқувчиларига ўрин беришмайди.Аммо Мастура Ўктам билан жиддий шуғулланди. Олимпиадага сўнгги беш йилда қўйилган мисол ва масалаларни биргаликда тўлиқ ечиб чиқишди. Ўктам туманда, сўнг вилоятда биринчи ўринни олди. Кейинчалик Мастуранинг ана шу ўқувчиси Самарқандаги университет қошидаги академик лицейда ўқиб, математика бўйича ўтказиладиган Халқаро олимпиадада кумуш медаль билан мукофотланди. Университетга имтиҳонсиз қабул қилинди.Мастуранинг шогирдлари кейинги йилларда ҳам муттасил равишда фан олимпиадаларида ғолиб бўлишди.Мастуранинг ўқитиш услуби олдин туманда, кейин вилоятда оммалаштирилди.Мастура ўзи учун қайд қилиб қўйган эслатмалари бир куни китоб бўлиб чиқишини ўйлагани ҳам йўқ эди. Унинг математикани яхши ўқитиш учун тавсиялари, эслатмалари, рақамлар ва математик атамалар ифодаси акс этган шеърлари, ўқувчилар зерикиб қолганда синфхонада ўйналадиган ақлий ўйинлар “Математика ўқитувчисига кўмак” деган ном билан алоҳида китоб қилиб чоп этилди. Бу китоб анча шов-шувга сабаб бўлди ва қайта-қайта нашр этилиб, бутун республикада кенг тарқалди. Мастуранинг китоби дарсликка қўшимча адабиёт сифатида барча мактабларда қўлланиладиган бўлди.

5.

− Ая, Мастурани шаҳарга, университетга ишга чақиришаяпти, нима дейсиз? − деди Ҳусан.− Катта ўқишгами? − сўради Шаҳодат хола. − Хотининг домилла бўладими энди?− Шунақа шекилли, − деди ўғли.− Қарқуноқдан булбул чиқаркан-да? − деди Шаҳодат хола. − Ҳа, нима қилибди, бизнинг Жаласойдан ҳам домилла чиқсин-да.− Демак розисиз-а, ая? − сўради онасининг бу гапини розилик аломати деб ўйлаган Ҳусан.− Бекор айтибсан! − этагини силкиб, ўрнидан туриб кетди Шаҳодат хола. − Бехотин қоламан десанг, Мастурани шаҳарга юборасан, хўпми? Домилла шопирга хотин бўлармиди? Машиналарда келадиган, бўйнига галастук боғлаб юрадиган домиллаларни кўргач, қорамойга ботиб юрган сенгинага қарагиси келармиди? Маллимлиги майли эди, энди домилла бўлса, қишлоққа қайтиб келмайди. Уйнинг ишини ким қилади? Ким овқат қилиб, ким коса-товоқ ювади? Ё етмишга кириб, кирингни ҳам энди мен юваманми? Сигир соғаманми, молхонани тозалайманми? Таппи қиламанми, қариганимда? Ҳеч қаёққа бормайди хотининг!Кейинги йили Мастурани лицейга таклиф қилишди.− Мен ўлсам, кейин Мастура бошқа жойга боради!Шаҳодат холанинг айтгани бўлди, Мастура ҳеч қаерга бормади.Мастура рўзғорни ҳам қилди, мол-ҳолга ҳам қаради, керак бўлганида таппи ҳам ёпди. Аммо мактабига ҳам, севимли касбига ҳам вақт топди. Турли газета-журналларда математикага оид мақолалар чоп эттиришга ҳам вақт топди.

6.

Мастура икки ўғилли, икки қизли бўлди ҳамки, Шаҳодат холадан сўрамасдан бирор иш қилолмади. Ўғил-қизлари вояга етди ҳамки, қайнонасининг чизган чизиғидан чиқмади. Катта қизи “Аяжон, нима овқат қилай?” деганда ҳам “Бувингдан сўра, бувинг нима деса, шуни қил!” деди.Шунча билан ҳам Шаҳодат хола кўнгли келинига исиганини билдирмади. Шаҳодат холанинг юрагидан Ҳалиманинг алами кетмади.− Ҳалима саккизта туғди.− Ҳалимани келин қилганимда ҳовлим болага тўлиб кетарди.− Жаласойликман деган келинчакнинг кўйлагини Ҳалима тикаяпти.− Тўй қиламан деган хотин борки, кўрпа-кўрпачасини Ҳалимага қавитаяпти.Бу гаплардан аввалари хуноб бўлган Мастура энди парво ҳам қилмайди. Қайтанга ора-сирада “гапни гапга қўшмай қўяди”:− Ҳалиманинг саккиз боласи менинг битта Ҳумоюнимга тенг келолмайди, отасига тортган-да. Шахмат бўйича вилоят чемпиони бўлди. Ҳалиманинг қайси боласи чемпион?− Севинчим иқтидорли болалар ўртасидаги Республика танлови ғолиби бўлди. Ҳалиманинг қайси боласи танловга қатнашибди?− Сен чемпионликдан ол, олтин медолдан ол! − тан бергиси келмайди Шаҳодат холанинг. − Эндигиларга гап топиб бериб бўлмай қолди ўзи.

7.

Ҳусан газета кўтариб, шошиб келиб қолди.− Сайдилланинг латариясига матасекил чиққанида шунақа ҳовлиқиб қолувди, − деди ўғлининг ўзини қўярга жой тополмаётганини кўрган Шаҳодат хола. − Сенгаям бирон нима чиқди, шекилли, Ҳусанбой?− Ҳа, чиқди, аяжон, чиқди. Келинингизга чиққани менга чиққанида. Сизгаям чиққани аяжон.− Матасекилми, Ҳусанбой ё каттароғими?− Каттароғидан келаверинг, аяжон, каттароғидан, − онасининг олдига газетани ёзди Ҳусан. − Қулоқ солинг, мана, “Ёш авлодни тарбиялашдаги катта хизматлари учун Мастура Эгамназарова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлансин!” Бу президентимизнинг фармони, аяжон!− Нима дединг? Ордин дедингми? Бошқатдан ўқи-чи?Шаҳодат хола фармонни яна икки марта қайтадан ўқитди. Кейин ўтириб-ўтириб, йиғлади.− Келинимдан айланай, одамлар “Келинингиз зўр, келинингиздан ўткир маллим йўқ”, деб бекорга мақтшмас экан-да, Ҳусанбой? Ана шундай ордин оладиган хотинни сенга мен олиб берганман-да, ўғлим.− Яхши, энди мен Тошкентга борадиган поездга чипта олиб келишим керак, аяжон, келинингиз орденни тақиб келсин энди. Орденни ким топширишини биласизми? Президентимизнинг ўзлари топширадилар.− Ундай бўлса, иккита чипат олиб кел, ўғлим. Анави янги поезд бор-ку, “Апросиёб”, ўшанга олгин, болам! − деди Шаҳодат хола. − Мен келин билан бирга бораман. Пошшомизга айтаман, “Ординни менга беринг”, дейман. Ҳа, “Мен келин қилмасам ордин олармиди?” дейман. “Болаларига мен қараб турмасам, ординни қаердан оларди?” дейман. Ҳалиям ўтирибсанми, жўна энди!

Наср салтанати