ШОИР АМИР ХУДОЙБЕРДИДАН ГЎЗАЛ ШЕЪР

*****

Бегойим, сиз чиндан-да сулувлардан сулувсиз,

Баланд шохда олусиз, ҳали ҳеч ким олувсиз.

Белингизга етай, деб тасмалар зор йиғлайди,

Қошингизга етай, деб ўсмалар зор йиғлайди.

Бўйингизга зор, етай деб шойи-атлас йиғлайди,

Бахмал камзулдан ўпкалаб қип-қизил лас йиғлайди.

Қаддингизни кўрган замон очилади бўхчалар.

Саховатин кўрсатмоққа шошилади бўхчалар.

Бегойим, сиз чиндан-да сулувлардан сулувсиз,

Сизсиз бизни қилмасин бу оламда турувсиз.

Ўрма сочингиз – илон, белингизда ўрмалар,

Кўзингизни тавоф қилай деб зор қақшар сурмалар.

Тилла балдоқ – ой ярқирар, етишсам деб қулоғига.

Субҳ насими элтсам, дейди гул исини думоғига.

«Лабларидан улги олсам…» Очиб кўнгил тугунчасин,

Ҳайратдан оғзи очилар гул ғунчасин, гул ғунчасин.

Бегойим, сиз чиндан-да гўзаллардан гўзалсиз,

Қайдин сизга етишайлик биз тақдири азалсиз.

Юзингизни бир кўришда сойнинг суви синдилар,

Кўзингизда совқотган юлдузлар исиндилар.

Сиз санамсиз, биз эса бутпарастга айландик,

Бир қучоқ оловни деб, ўтпарастга айландик.

Айлангандан айландик, хору хокка айландик,

Қўйнингизда сақлармисиз бир жуфт нокка айландик.

Айлансак-да қанча биз тегрангизда айландик,

Бўйингиздан айландик, чеҳрангиздан айландик,

Аммо бизга боқмадингиз лоақал бир, бегойим,

Қайга борсин, нима қилсин биздай фақир, бегойим?!

Ўйлайвериб сиз ҳақдаким, ширин ўйга дўндик биз,

Дуойингиз қилавериб дуогўйга дўндик биз.

Бегойим, сиз гўзалсиз, малаклардан малаксиз,

Биз доимо тупроқмиз, сиз доимо фалаксиз…

Амир Худойберди

Манба: muzaffar.uz