СЕВИМЛИ ШОИРАМИЗ ШАРИФА САЛИМОВАДАН ДУРДОНА ШЕЪРЛАР:

СЕВИМЛИ ШОИРАМИЗ ШАРИФА
САЛИМОВАДАН ДУРДОНА ШЕЪРЛАР:
ЗОРИҚИШ
Ой осмонда йиғлаганда зор,
Тоғ термулиб тургач сўқмоққа.
Аллоҳ исмин ёзганда осмон,
Кетгим келар она қишлоққа.
Мен кимман бу тош қалъаларда,
Ё ёғдуман, ё бир сояман.
Мен гар қайтсам она туфроққа
Бошларимни уриб бораман.
Йўлга чиқсам, қадамим мени
Ҳур манзилга элтиб боради.
Юрагимни қийнаган соғинч,
Мендан олдин етиб боради.
Йўлга чиқсам, шамоллар эсиб,
Ўзгаради осмоннинг туси.
Узоқлардан урилаверар
Димоғимга Онамнинг иси!
Отам сочим силайди хушнуд…
Юрагимдан сачраб кетар оҳ.
-Кел, бир ҳовуч дуо берай, деб,
Кўз тикади ул зиёратгоҳ.
Оҳ, хаёллар! Гўзал хотира..
Ялпизларни қучиб юраман.
Тушларимда оппоқ тонггача,
Арғимчоқда учиб юраман.
Зангор қирлар…Яшил ўтлоқлар..
Чўққиларда эримаган қор.
Қуёшга тик боққан бургутлар,
Шабнам инган майса-бахтиёр!
Болалигим кечган ҳур қаср,
Ҳув, харсангтош – тенгсиз олтин тахт!
Булар бари Аллоҳ амри-ла,
Юрагимга қўйилган дастхат!
Соғинаман, парт бўлар юрак,
Кимдир мактуб битиб туради.
Гўё эшик олдида мангу
Мени Онам кутиб туради…


Нечун бунча ям-яшил боғлар,
Самодаги булут бунча оқ?
Ботаётган қуёш нурлари
Нега қондан кўра ёрқинроқ?
Тоғлар нечун қаддини букмас,
Нега боши эгик мажнунтол.
Шунча юксак бўлса ҳам нечун
Ийманади бизлардан ҳилол?
Дарё нечун бир сўз демасдан
Оқаверар абадиятга.
Сир-синоат тўла бу дунё
Солаверар бизни ҳайратга.
Яшилланиб солланар боғлар,
Қайдан шунча илоҳий виқор?
Кўкдан келар шунда бир садо:
-Ҳар бир баргда Яратган пинҳон,
Ҳар заррада Парвардигор бор!.


О Н А Т И Л А ГИ
Қизим Гулрўҳжонга
Сени яхши кўраман, Гулрўҳ,
Сенга фидо бўламан, Гулрўҳ.
Кипригингга шабнамлар инса
Кузги гулдек сўламан, Гулрўҳ.
Бу дунёнинг қуёшлари бор,
Хатолари, кўз ёшлари бор.
То тонггача қаршингда бедор
Аёл деган бардошлари бор.
Сени яхши кўраман, Гулрўҳ,
Сенга фидо бўламан, Гулрўҳ.
Кипригингга шабнамлар инса
Кузги гулдек сўламан, Гулрўҳ.
Ҳаёт асли тикилган гаров,
Қисмат оҳу, нишондаги ов.
Бир кун келиб қўлдан сирғалур
Умр отин силтаган жилов.
Нигоҳингга мунглар ёт бўлсин,
Бахт кўшкидан бир имдод бўлсин.
Илтижоим, бошинг силовчи
Хизир деган улуғ зот бўлсин.
Сени яхши кўраман, Гулрўҳ,
Сенга фидо бўламан, Гулрўҳ.
Кипригингга шабнамлар инса
Кузги гулдек сўламан, Гулрўҳ.
*
Ф А Р Д Л А Р
1
Дўст қалбин англамоқ фарздир, эй кас,
Лекин у қилган хиёнатни эмас.
2
Она туфроқ не ғазаллар битмади:
-Тошни суйдим, лек у бир гул тутмади.
3
-Кел, -деди. Қалбингни бер, кўнглим гули,
Қалбни тутсам, итига берди уни.
4
Икки боғ кўрдим не диллар оралаб,
Бирида гул, бирида сассиқ алаф.
5
“Нафс –дўзахдир ва дўзах – аждаҳо”
Ҳар биридин асра, эй қодир худо!
6
Кибр ила босдинг онанг – туфроқ юзин,
Аждаҳо комига тушдинг ўша кун…
7
Гар қаср кўкни қучар – афсонадир,
Унга элтар илк қадам – остонадир.
8
Сен ушоқ берсанг дуода қуш, балиқ,
Ул қувончнинг қийматин ўлчар Ҳолиқ.
9
Бир фақир азиз билиб топди мани,
Бир яқин мўмин билиб қопди мани…
10
Қиш бўйи дон бердим – қушлар тинмади,
Дон туговди, қушлар учиб келмади
11
Ким ширинсўз, чеҳраси офтоб эрур,
Ул адаб дарёсига мироб эрур.
12
Воажаб, бир кўрган унга қул экан,
Аслида, у гўнгда ўсган гул экан.
13
Бил, хиёнат меваси там-там эмиш:
Ишқу ишонч боғида мотам эмиш.
14
Бу не ғам : кўз ёш ила тутгай мани,
Бу азобдан, эй Худо, қутқар мани.
15
Дўсти нодон, жонни сўз-ла ўймагил,
Эй худо, ёлғиз ўзингдан қўймагил.
16
Ким илм дарёсида ғаввос эрур,
Дур терур, гавҳар терур – элга берур.
17
Ўлмасин, деб қўйганидим сут, сомон,
Сўнг ўзимни чақди у жажжи илон.
18
Кўкка боққан эдим тунда баногоҳ
Менга ўхшаб сарсон экан кўкда моҳ.
19
Тишга қурт тушса, унинг давоси бор,
Дилга қурт тушса, унинг жазоси бор
20
Чанқадим, сувларингдан бергил булоқ…
Кўз ёшини тош косада тутди тоғ..
21
Қушнинг уясини бузмагин, дейди,
Ўзи эса қушни қовуриб ейди.
22
Унинг пошналари ер ўйиб кетди…
Кибру ҳавосидан ер тўйиб кетди.
23
Одобли бўл , деди болага ота,
Иблис шаробидан у тота-тота.
24
Қуш тилини бир нафас билсанг эди,
Хонишу нолишида турсанг эди.
Қўлларингга олмагай эрдинг камон,
Яратганни танимаган, эй, нодон
25
Жумла борлиқдан келур ушбу садо:
“Чўкса шаҳватга киши бўлгай адо.”
27
Кўнглим ичига боқиб, ҳайрону лол,
Бош уриб, гирён бўлиб, йиғлар шамол..
28
Бошга дунё не савдолар солмади,
Энди айтар сўзимиз ҳам қолмади.
29
Воажаб, шунча экан дилда гумон,
Қайда кезмиш дарбадар шўрлик имон.
30
Бири кам дунё сира тўлмас эмиш,
Калхат, оққуш сира дўст бўлмас эмиш.
Шарифа Салимова