СЕВИМЛИ ШОИРИМИЗ МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМДАН ДУРДОНА ШЕЪРЛАР:

ДИЙДОР(Туркум шеърлардан парча)

****

Билмадим, айланди неча бир фасл,

Неча бир асрлар шамолдек елди.

Мен кўнгилма-кўнгил, наслма-насл

Сени излаб ўтмиш қаъридан келдим.

Ва бир жуфт ғазалга илтижо айлаб,

Топиб олдим азал ва абад ичра.

Биласан ким сени кетганин жойлаб,

Қорачиқларимдан қилмайсан ҳижрат.

Мана, чақнаяпсан тун бағрин ўйиб,

Ўз бахтингдан ўзинг сўнгсиз ҳайратда.

Бу бахт булбулларни лол қилиб қўйиб,

Кўкда юлдузларни чаҳ-чаҳ сайратди.

Қани эди, сени майин мақтасам,

Бўлмаса кўксимда ҳар бир сўз тошдан.

Йўлимга кўз тутиб яшамокдасан

Неча асрларки ўн саккиз ёшда.

Энди тош сўзлар ҳам бошлар-ов кўчки.

Ҳаётимга солиб тинмас зилзила.

Лекин менга таскин беролмас ҳеч ким

Бошимни бир умр муттасил силаб.

Ошиғинг — мангулик сени қиймайди,

Бўлгиси йўқ сенга хазон харидор.

Мени аёв билмай ёмон қийнади,

Гўзаллигинг билан сенинг бу дийдор.

Дийдоринг бўлмаса ҳаётим барбод,

Дийдоринг бўлмаса мен забун кимса.

Ўзимни тилайман сенга умрбод,

Илдизи юракда ўсимлигимсан.

Мен рашкда қоврилган мағрур ноламан,

Менда муҳаббат бор, йўқ менда шафқат.

Сени мангуликдан тортиб оламан,

Қанча севсанг, шунча яшайсан фақат.

* * *

Тоҳир бўлдим, дарёлар келмай қўйди,

Мажнун бўлдим, саҳролар келмай қўйди,

Қараб қўйгинг қиёлар келмай қўйди,

Зулматларга зиёлар келмай қўйди.

Ишқда бўлдим гоҳ гадолар, гоҳ шоҳлар

Бир сўз айтдинг, бўлдим минг дилсиёҳлар.

Кўзёшимдан унган меҳригиёҳлар

Яшнар десам, жавзолар келмай қўйди.

Борлиқ тўлди шамолгамас, оҳларга

Ишқ дарди юк бир менмас, кўп тоғларга.

Ташрифингдан маҳрум бўлган боғларга

Шўх булбулигўёлар келмай қўйди.

Юрагимда очди минг-минг яро кўз,

Кўзларингдек йўкдир кўзлар аро кўз,

Остонамдан оёқ уздинг, қарокўз,

Денгизларга дарёлар келмай қўйди.

Менмасмидим энг муҳтож, энг керагинг,

Кимга айтиб, кимдан сўрай дарагинг.

Келмай қўйди юрагимга юрагинг,

Дунёларга дунёлар келмай қўйди.

*****

Шоир ҳақида маълумот: МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ- 1948 йил 20 февралда туғилган. Шоирнинг ўттизга яқин шеърий, адабиётшуносликка оид ва таржима китоблари нашр қилинган. У форсийдан Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедил, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Муҳаммад Юсуф Рожий, Аҳмад Табибий, Хожа Абулвафо Хоразмий, Шайх Маждиддин Боғдодий; рус тилидан Михаил Дудин, Николай Рубцов, Расул Ҳамзатов, Имант Зиедонис, Евгений Евтушенко, Николай Дмитриев ҳамда туркманчадан Омондурди Аннадурдиев, Гўзал Зарипова, Итолмас Худойберганов, Ойтуғди Назаров, Маматназар Бобоназаров, Қиличмурод Қақабоев, Оқмурод Муҳадовларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.1996 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони соҳиби, 2002 йилда “Офарин” мукофотининг “Йилнинг энг яхши шоири” номинацияси ғолиби бўлган.

2010 йил 18 сентябрда вафот этган.