ЭРКАК

Бир куни машинамда ўтиргандим …Машинам олдига бир болакай яқинлашди:

-« Амаки , машинангизни ғилдиракларини ювиб берайми? Кўп сўрамайман. Қанча берсангиз ҳам розиман…»

Бой эмасман. Лекин , ўзимга тўқман ҳаётда.Ёнимдан 1000 сўм чиқариб, унга узатдим…Болакай пулни кўргач, юзи тундлашди:

– « Амаки , мен тиланчи эмасман…»

Шундай дея, орқасига қараб кета бошлади.Чақирдим , олдимга келди. Ҳаётда биринчи марта шунақа ноқулай вазиятга солган болакайни учратгандим.Юзлари бироз қорайган, жемферининг тирсакларига ямоқ қўйилган боланинг қўллари эса мағзаваданми, ҳар ҳолда бошқа жойларидан оқроқ эди.Ўзим қилган ишимдан ҳижолат бўлиб , болакайга менга машина фаралари ва ойналарини артиб бер, дедим.У бўлса , яна мени ҳайратга солишда давом этди:

-« Амаки , менинг латта ва совуним фақат ғилдирак ювишга мўлжалланган.Мен ойналарингизни хунук қилишни хоҳламайман…»

-« Хўп, унда ғилдиракларни ювақол » дедим..У ғилдиракларни юваркан, ундан оиласи ҳақида сўрадим..Кам гапирди… Отаси бундан ярим йил олдин вафот этганини, онаси бўлса бетоб бўлиб қолганини, боқувчи бўлиб , фақат ўзи ишлаётгани, топганини рўзғорга ва онасининг дори дармонига сарфлаётганини айтди..Эпчиллик ва ҳафсала билан қилган меҳнатини кўриб ва унинг шароитини билиб, ёрдам бўлар, деб ёнимдан 15 минг чиқардим..

-« Амаки , бир ғилдиракни 500 дан баҳоланг..Менга 2000 берсангиз етади.Меҳнатим бераётган пулизга арзимайди…».

Томоғимга бир нима тиқилиб қолди…Қўярда қўймай, илтимос қилиб, пулни бердим..Болакай пулни чўнтагига жойлаб, раҳмат айтиб, кейинги машина томон илдам юриб кетди..Орқасидан қарарканман, қўлида оддий челак ва латта билан ҳалол пул топаётган, шимларини шимариб олган ва аҳён-аҳён бурнини тортиб қўядиган бу йигитча кўз олдимда михланиб қолди..

Машинани ўт олдирар эканман Яратганга илтижо қилдим:

-« Аллоҳим , шундай ЭРКАКни дунёга келтирган аёлнинг дардига ўзинг шифо бер!»

Абдураҳим Аламов саҳифасидан.