Эрталаб чой ичиб ўтиргандим. Аёлим келиб ёнимга ўтирди. Пиёлага чой қуйиб узатаркан, аста гап бошлади:
– Дадаси, бугун сиз бошқа бир аёлни кечки овқатга таклиф қилишингизни истайман.
Чайнаб турган ноним тиқилиб қолди.
– Тинчликми онаси? Қанақа аёл билан кечки овқатга бораман, кўрганлар нима дейди, эсингни едингми? -дедим ўзимни ўнглаб.
-Мен сизни қаттиқ севаман, ҳаммадан қизғонаман, лекин аниқ биламанки, у аёл сизни менданда ортиқ севади ва сиз билан бир сония бўлсада бирга суҳбат қуриб, дийдорингизга тўйишни истайди. Бу инсон- сизнинг онангиз,- деди аёлим.
Чуқур ўйга толиб қолдим. “Мана 19 йилдирки, онам дадамсиз, биргина укам билан қишлоқда яшайди. Учта бола ва аёлимни яхши кийинтириб, яхши боқаман деб, бирор марта тузукроқ онамга эътибор бермабман. Ўле, эээ ўғил бўлмай, тур ўрнингдан”, дея ўзимни ўзим койиб ўрнимдан турдим. Телефонимни олиб онамга қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарибоқ, “Тинчликми болам, нима бўлди, бунча барвақт телефон қилдинг”, деб қолдилар.
-Онажон, хавотирланманг. Фақат ёмон нарса бўлиши керакми, саҳарлаб қўнғироқ қилишим учун? Сизни соғиндим, -дедим нафасим қисилиб. Онам қулоқларига ишонмадилар шекилли. Чунки бу гапни анча йиллардан бер биринчи марта айтишим эди.
-Болам гапларинг ёқмаяпти. Худди ўлимидан олдин васият қиладиганларга ўхшаб гапирма! Нима бўлди? – дея яна сўрадилар.
-Ҳеч нарса эмас, онажон. Майлими, бугун кечга сизни бирор ресторанга кечки овқатга таклиф қилсам? Иккаламиз шу оқшомни бирга ўтказсак?- Бир оз жим қолдиларда,сўнг
-“Жон -жон дейман ,болам” дедиларда, пиқиллаб йиғлаб юбордилар. Кечқурун машинамни миниб, онамнинг уйи томон кетарканман, худди узоқ кутган севгилиси билан учрашув олдидан ҳаяжонга тушиб қоладиган ошиқдек, балки ундан хам бадтар ҳолга тушиб, юрагим тез-тез ура бошлади. Етиб келиб тўхтаганимда, ҳаво совуқ бўлишига қарамай, онам дарвоза олдида кутиб турардилар.
-Онажон, нега чиқиб олдингиз? Келиб ўзим олиб чиқардим, совуқда музлабсиз-ку.
Онам келиб пешонамдан ўпиб сўрашдилар-да,
– “Болам, юрагим тоқат қилмай чиқиб олдим”, дедилар.
Онам худди учрашувга чиққандек ясаниб олганлар. Ҳолатларини кўриб дам кулгим келарди, дам ўзимни ёмон кўрардим: “Нега шу пайтгача онангни бир марта бўлса-да шундай хурсанд қилмадинг”, деб.Машинага ўтирар эканлар, “Дугоналаримга бугун ўғлим мени ресторанга таклиф қилди, десам, ҳаммасининг менга ҳаваси келди,” дедилар.
Шаҳар марказидаги шинамгина ресторанга кирдик. Кирар эканмиз, онам қўлимдан ушлаб олиб, виқор билан, худди шаҳарнинг биринчи рақамли хонимидек юриб борардилар. Кўзларидаги қувончни яширишнинг имкони йўқ эди. Столга ўтирар эканмиз, менюни олиб ўқидим. Онам анча кўздан қолибдилар, фақат катта ҳарфларни кўра олдилар, холос. Сен болалигингда ўқишни билмасдинг, менюни мен ўқирдим, сен эса эркаланиб бирор нарса танлагунингча анча вақт ўтарди, энди эса сенинг навбатинг келибди, дедилар онам, узоқ ўтмишни эслаб. Суҳбат қуриб узоқ ўтирдик. Вақт алламаҳал бўлганини ҳам сезмабмиз. Қалбимда қандайдир ширин хотиралар, нотаниш илиқлик жўш ура бошлади. Қанчалар ажойиб кеча бўлди.
“Онажонимни нега шу пайтгача бир марта бўлса-да ресторанга таклиф қилмабман? Бу шунчалар ажойиб экан-ку”, дея ўзимни ўзим тергай бошладим. Онамни уйларига қўяр эканман,
– “Болам сен билан яна ўша ерга боришни истайман”, дедилар. -Бажонидил онажон, унда келаётган ҳафтада борамиз, дедим.
-Лекин бу сафар ман тўлайман рестораннинг пулини, дедилар қайсарлик билан.
-Майли онажон, сиз нима десангиз шу, дедим.
Уйга қайтганимда аёлимга раҳмат айтдим, ахир у менга ажойиб бир оқшомни ўтказишда катта ёрдам бердида. Орадан 2 кун ўтмай саҳарда укам телефон қилиб,
– “Ака, тез келинг, онамнинг юраклари хуруж қилди”, деб қолди. Онамни тирик кўриш насиб қилмади. Боргунимча жонлари узилибди. Маъракалардан кейин укам бир конверт тутқазди, онам бериб қўйган эканлар. Очдим. У ерда бир парча қоғозга хат қолдирибдилар: “Болам, ваъда қилганимдек, аввалдан бориб ресторанга икки кишилик кечки овқатни ҳисоблатиб, пулини тўлаб келдим. Тўлов қоғози хам шу ерда. Балки ўша кунгача мен етиб бормасман. Лекин сен албатта аёлингни олиб ўша ерга боргин. Иккаламиз ўтирган жойда.”…
АБДУРАҲИМ АЛАМОВ