ШУҲРАТ: (“МАШҲУРЛАР МУҲАББАТИ” туркумидан)


Шоир Шуҳратнинг муҳаббат мавзуидаги шеърлари тезда тилдан-тилга ўтиб ҳар бир қалбнинг бебаҳо бойлигига айланди. Ҳали-ҳамон шундай, чунки бу шеърларда сохталик йўқ.Улар илоҳий муҳаббатга йўғирилган эди.
Шоир туҳматга учраб, “халқ душмани” тамғаси остида қамалиб қолганда суд бўлишидан олдин киритилган хатдан:
“Азиз Шуҳрат ака, сизга қилинган туҳматни бошингиздан олиб ташлаш учун бор кучимни сарфлаб ҳаракат қиламан. Ахир сиз покдил инсонсиз. Сизни хамма яхши кўради. Мен барча тақинчоқларимни сотиб, оқловчи олдим. Насиб этса, суд куни оқланасиз. Биздан хавотир олманг. Турсунойингиз”
Шу турт қатор ҳамдардлик ва ишончда улкан муҳаббатнинг мўъжизаси бор. Бу садоқат маликаси умрига тож бўладиган сатрлардир.
Жавоб хати эса унданда изтиробли ва шунинг баробарида эҳтиромли бўлган: “Оҳ, менинг покдил Турсунойим, мен учун бекор сотибсан бебаҳо тақинчоқларингни. Азиз кунларимиз ёдгори эди. Булар мени барибир оқлашмайди.Ўзингни ва Фитратни асра”.
1938 йилда Шуҳрат Алимов Тошкентдаги 90 мактабга ўқитувчи бўлиб ишга келди. Ўшанда бутун мактаб шоир дарс бераётган синф деразаларидан ҳавас билан қараб ўтар, уни ҳамма катта қизиқиш билан кузатарди. Айниқса, соҳибжамоллар. Улар орасида чўлпон кўзли, ширин сўзли Турсуной ҳам бор эди. Аммо.. ўшанда Шуҳрат бу қизга ҳамма қатори қарарди. Шоир мактабда узоқ ишламади. Сабаби уни ҳарбийга чақиришди…
Уруш тугагач, 1946 йилнинг 10 январида уларнинг тўйи бўлди. У пайтда Турсуной Тошкент тиббиёт институтининг учинчи курсида ўқир эди. Ҳаёт қийинчиликлари Турсунойга ўқишни давом эттиришига йул бермади. Интизор бўлиб кутган фарзандлари Фитрат туғилгач, олти ой ўтиб, қалби дарё шоир “халқ душмани” тавқи лаънат тамғаси билан қамалиб кетди.
Ўша, Ҳасти-Имом масжиди ёнидаги уйларни, ҳатто чақалоқнинг бешигини текшир-текшир қилиб кетишганидан сўнг тақдир Турсунойнинг бардошини синовдан ўтказа бошлади.
“Халқ душмани”нинг хотинини ҳеч қаерга ишга олишмади. Ёзувчилар уюшмаси “Шуҳрат яхши одам эди” деб тавсиянома бермаслигини очиқ-ойдин айтди. Турсуной тўрт йил шу нурли изтироб ва соғинч ичра яшади. Шуҳрат тўрт йил умрини панжара ортида ўтказди. Тўрт йил вафодорининг фаришта чеҳрасини кўрмади. Мактублар битди. Аммо бирортасида ҳам “мени кутгин” демади. Чунки ишонарди. Қоронғу зулмат ортида, узоқ-узоқларда Тошкент деган шаҳар бор. У ерда энг соф қалбли кишилар яшайди. У ерда баҳор бор, гўзалликларини аямай оламга сочади. У ерда яхши одамлар кўп. Аёллар эрини ярим пир деб билади. Ўша ерда гўдагини бағрига босиб дунёдаги энг сабрли энг бардошли бир аёл яшайди. Унинг исми Турсуной. Шундай гўзал туйғуларгина шоирга ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга мадад бўлган бўлса ажабмас. Ниҳоят, орадан тўрт йил ўтди. Халққа қарши ҳеч бир ноўрин хатти-ҳаракати борлиги аниқланмаган шоир Шуҳрат оқланиб келди.
Шоир ижодида яхши кунлар бошланди. Тақдир унга қувончни ҳам қуша-қуша берди. Фарзандлари Бобур, Хондамир, Зебохонлар туғилди. Юзларида ажинлар, сочларида оқлар қолди, холос.
Шуҳрат ўзидан муҳаббатни мерос қилиб қолдирди. Сабаби, у умрининг охирги кунларида ҳам улкан синовдан ўтди. Ўн бир йил хасталаниб ётди. Ўша кунларда ҳам бир дақиқа Турсуной ая шоирдан узоқлашгани йўқ. Шоирга энг олий “Халқ шоири” унвони олиб келишганида шоир касаллик билан курашаётганди. Шунда барча келганлар қатори шоир ўзининг бемалол қуллари билан Турсуной аянинг қулларини силаб қуйди. Шуҳратнинг муҳаббат йўли ана шундай бўлганди.
Иззат Аҳмедовнинг “Машҳурлар муҳаббати” китобидан.