Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматовнинг болалик хотиралари

НАВОЛАРГА БАХШИДА УМР

Таниқли композитор ва дирижёр Шермат Ёрматов куюнчак раҳбар сифатида нафақат “Булбулча”нинг, балки ойнаи жаҳон орқали эфирга узатиладиган, миллионлаб болаларнинг меҳрини қозонган “Қўшиғим, жон, қўшиғим”, “Биргаликда куйлаймиз”, “До, ре, ми, фа, сол”, “Санъат ғунчалари” каби қатор кўрсатув мухлисларининг ҳам фидойи устози, бутун республика болаларига мусиқадан таҳсил берган муаллимдир.Йиллар давомида Ўзбекистон болалар хор санъатининг равнақига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган Шермат Ёрматов давлатимиз томонидан Ўзбекистон ёшлар мукофоти, “Соғлом авлод учун” ордени, Ўзбекистон халқ артисти каби юксак унвонлар билан тақдирланган.

АЛЛАЛАРГА ЙЎҒРИЛГАН АЛАМ

Мен 1939 йилнинг 17 октябрь куни Фарғона вилояти Фарғона тумани Лоғон қишлоғида туғилганман. Болалигимни эсласам, очарчилик йиллари, бир бурда нонга зориққанларимиз, онамнинг тунлари йиғлаб-йиғлаб айтган аллалари ёдимга тушади. Оилада тўрт фарзанд – икки қиз, икки ўғил бўлиб, мен кенжаси эдим. Отам бир ярим ёшдалигимда II жаҳон урушига кетган ва бизни боқиш ёлғиз онамнинг зиммасида қолганди. Мени ака ва опаларимга қолдириб, бир бурда нон топиб келиш учун елиб-югурган. Ҳовлимиздаги мева-чеваларни, туршак-майизларни ён-атрофдаги бозорларга олиб бориб, унга алмаштириб келарди. Одамларнинг очликдан силласи қуриган пайтлар. Шунинг учун ҳам онам унни кийимлари орасига солиб, тугун қилиб бошига қўйганича беркитиб олиб келарди. Қаҳатчилик сабаб, қўлида ун борлигини билган бегона кимсалар уни юлқиб олишарди. Бир куни ризқ топаман, деб кечга қолиб кетган онам, унни бошига қўйиб келаётса, узоқдан уч отлиқ кўринибди. Онам қўрқувдан катта дарахт панасига ўтиб олибди ва бошидаги тугунини ўша ердаги хас-хашаклар орасига кўмиб қўйибди. Ўзи эса узоқдан чироғи милтиллаб турган уй томон югурибди. Эшикни тақиллатиб уй эгаларидан “Лоғон қишлоғига етиб олишим керак эди. Кўча зимистон экан, тонггача уйингизда ўтирсам бўладими?” деб сўрабди. Уй эгалари кекса чол-кампир яхши одамлар экан. Улар бор-йўғимиз шу, дея онамнинг ёнига икки дона туршак қўйишибди. Онам эса оч бўлса-да қорни тўқлигини, уйда эмизикли боласи қолганлигини, ундан хавотир олаётганини айтиб, “Ишқилиб, унни ҳеч ким олиб кетмаган бўлсин-да, йўқса, болаларимнинг қорнини қандай тўйғазаман”, дея бир хаёли болада, иккинчи хаёли эса хас-хашак остидаги тугунда ухламай чиқибди. Онам тонг ёришмасдан кечаги ерга борибди. Тугуни жойидалигини кўриб Яратганга шукрона келтириб, 24 чақирим жойдан уйга пиёда қайтибди. Опаларимнинг айтишича, онам келиши билан бизни бағрига босиб юм-юм йиғлаган экан.Бўйимиз чўзилгани сари ҳар биримиз оиламизга бирор нафимиз тегиши учун ҳаракат қилардик. 1-синфдан бошлаб онам билан бирга пахта тергани борардим. Кейинчалик ўртоқларим билан эрта саҳарлаб далага жўнаб, дарс бошлангунга қадар 30-40 килограммдан пахта териб қўядиган бўлдик. Сўнг мактабга кетардик. Дарсдан сўнг яна тўғри далага келиб теримни давом эттирардик.Далада буғдойлар ўрилган пайтда жўяклар орасига бошоқлар тушиб қоларди. Акам билан оиламизга ёрдам бўлсин дея, оёқ-қўлларимиз шилиниб кетгунича бошоқ терардик. Ҳарна бир-икки кунлик нонимизни амаллар эдик-да. Бир ўзим 5-6 килограмм бошоқ терардим. Бир куни дала эгалари бизни ушлаб олиб оёғимиздан дарахтга осиб қўйишган. Энг ачинарли томони шундаки, ўша ердаги тўкилган донларни ҳеч ким териб олмасди, у тушган жойида чириб кетарди.Холаларим ўзига тўқ яшашарди. Фақатгина бизнинг оила ночор эди. Катта холам меҳрибон аммо эри жуда хасис, бировга ёрдам беришни хоҳламайдиган одам эди. Холам шўрлик бир бурда нонни ҳам унинг рухсатисиз беролмасди. Фақатгина бир имконият бўларди. Меҳмонга борсак, холам нимаики топса олдимизга қўйиб қорнимизни тўйғазарди.Бир куни мактабдан қайтсам, уйимиз одамга тўла, қий-чув бўлаётган экан. Билсам, 10 ёшга тўлганлигим муносабати билан давлатга 95 килограмм гўшт солиғи тўлашимиз керак экан. Ўша вақт қоидаларига кўра, 10 ёшга тўлган болалар учун давлатга гўшт солиғи топшириш шарт бўлган. Ўзимиз қачон гўшт еганимизни билмаймиз-у бунча гўштни қаердан олардик! Солиқчи битта-ю битта сигиримизни етаклаб олиб кетмоқчи бўлиб турганида қўни-қўшнилар: “Сигирни олиб кетсанг, бу аёл тўртта етимни нима билан боқади?”, дея солиқчиларни инсофга чақирмоқчи бўлишди. Аммо бу гаплар уларга таъсир қилмади. Шу пайт маҳалла раиси: “Бу бола ҳали 10 ёшга тўлгани йўқ. Эндигина саккизга тўлди”, деб маълумотнома ёзиб берди. Ахийри менга икки ёш кичик қилиб гувоҳнома олдик. Шу билан икки йил солиқдан қутулдик. Бу аҳволни кўрган рус тили ўқитувчим ҳарбий комиссариатга хат ёзиб, дадам ҳақида маълумот сўради. Жавоб хатида эса отамнинг бедарак йўқолганлиги ва оиламизни давлат ўз қарамоғига олганлиги ёзилган эди. Энди бизнинг оиламиз гўшт солиғидан бутунлай озод бўлганди. Давлат томонидан менга ойига 17 сўм, акамга 12 сўм, кичкина опамга эса 8 сўм нафақа ажратилди. Катта опам 16 ёшга тўлганлиги сабабли унга пул тўланмасди. Ойлик тариқасида оладиган ана шу пулимиз рўзғор юритишда анча кўмак бўлган.Бобом онамнинг қийналганини кўриб турмушга узатмоқчи бўлганида онам, болаларимнинг отаси ўлмаган, у, албатта, қайтиб келади, мен ҳеч қачон болаларимни ўгай ота қўлига топширмайман, дея ўз фикрида қатъий туриб олди. Шундан кейин бобом билан онам ўртасига кўринмас девор тушди…Онам 6 ёшлигидан ўгай она қўлида катта бўлган. Унинг ситамларини тортган. Бир куни мактабдан қайтган қизалоқ нон ёпаётган ўгай онасининг ёнига боради. Пишган нонлар орасидан биттасини олади ва шу пайт бошқа нон унинг кўзига чиройли кўринади. Унга энди қўл узатганида ўгай онаси: “Сен етимча, ҳали нон танлаб ейдиган бўлдингми?!” деб қўлини шундай чимчилайдики, қўли билагигача кўкариб кетади. Қизалоқ йиғлаганича тоғасиникига боради. Воқеадан ҳабар топган тоғаси ўша кунданоқ жиянини ўз қарамоғига олади. Чексиз меҳр-муҳаббати учун онам умрининг охиригача тоғасидан миннатдор бўлиб ўтди.

КАТТА САҲНА

Маҳалламиздаги пастак уйларнинг лойсувоқ томи мен ва дўстларим учун “Катта саҳна” вазифасини бажарар эди. Болалар билан биргаликда концерт, спектакллар қўяр эдик. Қўлимга нимаики тушса, у тоғора, челак, кетмон бўладими чалаверардим. Қизиқишимни кўриб онам менга кичкинагина чилдирма олиб келдилар. Ҳамма далага ишга кетганида биз улар қайтгунларига қадар концерт дастури тайёрлаб қўярдик. Бизнинг болаларча тайёрлаган содда дастурларимизни кўриб аёллар қувонишар, бир дам бўлса-да ташвишларидан узоқлашишарди. Кўпчилик аёллар йиғлаб-йиғлаб кетишарди. Чунки бирига “қора хат” келган бўлса, бири яқинларидан ҳеч қандай хат-хабар йўқлигидан ўкцинарди…Қўшни маҳалла болалари билан келишиб тез-тез ўзаро турли мусобақа уюштирардик. Ўртада гулхан ёқиб баҳслашардик. Ва ҳар гал бизнинг маҳалламиз ғолиб чиқарди. Шунда улар, “Бу ерда Шермат бор-да”, деб жаҳллари чиқарди.7-8-синфда ўқиб юрган кезларим қишлоқдаги ғижжакчи амаки мени тўйларга олиб юрадиган бўлди. Доирада ғижжакка жўр бўлиб турардим. Кунига бир ёки икки сўм берар, шу пулга етганича уйга егулик кўтариб борардим. Баъзан тўйлар тонггача давом этар, доира чалаверганимдан қўл-бармоқларим кўкариб, оғриғига чидай олмасдим. Шилиниб кетган қўлларимга қараб йиғлаб юборган пайтларим ҳам бўлган. Шундай пайтларда ўз-ўзимга, ўқишга кирсам доирани қўлимга олмайман, дея сўз берардим.Техникумга келишдан олдин Фарғона театрига бордим. Синаб кўришгач, сен, албатта, ўқишинг керак, дейишди. Мактабни тугатганимдан сўнг бир йил ўқишга боролмадим. Чунки оилавий аҳволимиз анча қийин эди. Уйга ёрдам бўлиши учун кундузи колхозда ишлаб, кечалари тўйларда хизматда бўлардим. Тошкент Маданият техникумига ўқишга қабул қилинганимдан сўнг, ўқитувчиларим доира чалиш маҳоратимни кўриб: “Сен энди доира гуруҳида ўқийсан”, дейишса-да, ўз фикримни ўзгартирмадим.Устозим Эмма Анатолевнадан кўп нарсани ўргандим. Терим вақти ҳаммадан кўп пахта териб, унинг пулларини устозимга бериб қўярдим. Ана қарабсизки, анчагина пул йиғибман. Шу пулларга устозим дўкондан чиройли кийимлар олиб берди ва ортганини қўлимга тутқазиб, буни онангга олиб боргин, деди. Онам мени чиройли кийимларда кўриб хурсандлигидан йиғлаб юборди…Омадимни қарангки, Эмма Анатолевна ўзининг кекса устозини чақиртириб мени синовдан ўтказди. Кўзойнагининг тагидан синчковлик билан қараб турган бу инсон тавсияси билан Консерваторияга имтиҳонсиз қабул қилиндим. Техникумнинг учинчи курсини тамомламай бирданига олий ўқув юртининг биринчи курсига қабул қилиндим. Бу мен учун кутилмаган қувонч бўлди. Менга иккита қоғоз беришди. Қарасам, бири стипендия олишим учун, иккинчиси ётоқхонада туришим учун. Бундан ортиқ омад бўлмаса керак, деб суюниб кетганман. Кейинчалик билсам, бу даргоҳга ўқишга қабул қилинишим мен ўйлаганчалик осон бўлмаган экан.

ОТАМДАН ХАБАР

Бир куни бизникига оқсоқланиб бир одам келди. Ким экан, дея ажабландик. У дадам билан урушда қатнашгани, ярадор бўлган пайтида дадам икки кун елкасида кўтариб юргани ва госпиталга етказиб олиб борганини, қайси бири омон қолса, бир-бирининг оиласидан хабар олиб туришга ваъдалашгани ҳақида сўзлаб берди… Ўшанда шундай олижаноб инсоннинг фарзанди эканлигимдан фахрланганман.Техникумда ўқиб юрган кезларим, Шермат машҳур кинорежиссёр Комил Ёрматовнинг ўғли экан, деган миш-миш тарқалди. Бу гаплардан хабар топган техникум директори мени ҳузурига чақириб, “Машҳур инсоннинг фарзанди бўла туриб бир оғиз айтмабсиз-да”, деди. Шунда ерга қараганча: “Отам урушда ҳалок бўлган, мен уларни ҳатто кўрмаганман”, дея йиғлаб юбордим. Директор эса мени қучоқлаб, “Шу кундан бошлаб отанг мен бўламан”, деди. Мен бугунги ютуқ ва мартабаларга ана шундай меҳрибон, қалби дарё устозларим сабаб эриша олдим, десам адолатли бўлади…

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА

Манба: “Гулхан” журнали