“Охири кетиш бўлган дунё учун маҳзун бўлма!”
???
Бир аъробийга айтилди: “Битмайдиган жароҳат нима?” Аъробий деди: “Олийжаноб инсоннинг пасткаш кимсага ҳожати тушиши ва пасткашнинг унга рад жавобини беришидир”. Унга яна айтилди: “Хорлик нима?” У деди: “Шарафли инсоннинг пасткашнинг эшиги ёнида туриши ва унга киришга изн берилмаслигидир”.
Беш кишига яқинлашиш саодатга сабаб бўлади. Булар: ота-онасига яхшилик қилувчи ўғил, солиҳа жуфт, вафодор дўст, мўмин қўшни, фақиҳ олим.
Узоқ ва машаққатли иш кунидан кейин уйга иссиқ нон тўла халта билан қайтиш кишининг фахрланиши учун етарлидир.
Охири кетиш бўлган дунё учун маҳзун бўлма!
Шундай шахслар борки, уларнинг кўнглини топишинг учун сени мингта ниқоб кийишга ундайди. Шундай шахслар борки, сендаги барча ниқобларни ечтириб, сени борингча севади.
Дўстлар сувга ўхшайди. Ҳамма сув ҳам ичишга яроқли эмас.
“Улуғлик васвасаси (паранойя)” билан оғриган одам атрофидаги ҳаммани хизматкор деб ўйлайди.
Ким тажриба қудуғидан сув ичмаган бўлса, жаҳолат денгизларида ташналикдан ўлиб кетади.
Агар инсон ризқидан қочиб шамолга минса, ризқи унга етиб олиш учун чақмоққа минади.
Сен ҳақингда айтилаётган гапларга эътибор берма! Кимлигингни, қанақалигингни ўзинг биласан. Аллоҳ сенинг аҳволингни, ниятингни билувчироқдир. Қилган ишларингни оқлашга уриниб, қийматингни туширма. Ҳаётда муваффақиятсизликнинг сири – ҳаммани рози қилишга уринишдир.
Биров сенга ишонган пайтда ҳеч қачон унга хиёнат қилма, уни алдама! Шер ўкириб, наъра тортгани учун ўрмон шоҳига айланмади. Балки у ғурурли. У ҳар қанча оч бўлса ҳам ҳеч қачон бировнинг ўлжасига ташланмайди.
Ҳамма нарса ўзгарганда ҳам ҳеч қачон ўзгармайдиган ҳақиқий, собит муҳаббат онанинг муҳаббатидир!
Эй Роббим! Ўтаётган ҳар бир дақиқада онам учун беркилмас ризқ ва рад этилмас дуо эшигини очгин!
Бошқалар сенинг фикрларингни тўла англай олмасликларига аниқ ишонганинг лаҳзаларда сукутдан афзалроқ нарса бўлмайди.
Киши то онаси вафот этгунича гўдаклигича қолади. Агар онаси вафот этса, ўша заҳоти кексага айланади.
Ютуққа эришган пайтда жим туришинг – ишонч.
Ғазаб пайтида жим туришинг – қувват.
Иш пайтида жим туришинг – ижод.
Сени масхара қилаётганларида жим туришинг – менсимаслик, эътибор бермаслик.
Насиҳат пайтида жим туришинг – одоб.
Маҳзунлик, мусибат пайтида жим туришинг – сабр.
Жим туриш доим ҳам розилик аломати бўлавермайди. Гоҳида айтмоқчи бўлган гапимизни тушунтиришга қийналган пайтимизда ҳам жим турамиз.
Энг кўп оғриқ берадиган нарса – кимдир сенга ошкора зулм қилиб, кейин сендан махфий равишда узр сўрашидир.
Аллоҳнинг энг катта неъматларидан бири тонгни офиятда кутиб олиб, кунни офиятда кеч қилишингдир. Бу шундай неъматки, уни фақат офиятини йўқотганларгина идрок қиладилар. Офият неъматини бергани учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Уч нарса сенинг ҳаётга бўлган қарашингни ўзгартиради:
Беморлик.Мусофирлик.Яқин кишингни йўқотиш.
Учта нарсани: оилангни, қалбингни ва қадрингни ҳеч қачон қурбон қилма.
Аёл каби фазл бўлган неъматни кўрмадим. Гўдаклигида отасини жаннатга киришига сабаб бўлади. Балоғатга етиб, турмушга чиққанда эрининг динининг ярмини тўлдиради. Она бўлганда фарзандлари учун жаннат унинг оёқлари остида бўлади.
Тўпловчи ва таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
@shoira_Gulandom