Миянгизнинг неча фоизини ишлатасиз?


Ҳаётимизда энг кўп ишониладиган афсоналардан бири шуки, биз миямизнинг атиги 10 фоизидан фаол фойдаланамиз ва 90 фоизи эса бекор ётади. Биологик фаол қўшимчалар ва шифобахш гиёҳларнинг сотувчилари, “неврология фанига таяниб”, бизнинг миямизда яширин салоҳият борлигини таъкидлашади ва ҳар-хил кимёвий усуллар билан ўз онгимизнинг қувватини оширишга ваъда беришади. Аммо бундай йўллар билан улар фақатгина ҳамёнимиз ҳажмини камайишига муваффақ бўладилар, холос.
Сўровномалар шуни кўрсатадики, оддий халқнинг учдан икки қисми ва ўқитувчиларнинг ярми ушбу афсонага ишонишади. 1890 йилларда Америка психологиясининг отаси Уилям
Жеймс
шундай сўзларни айтган: “Кўпчилигимиз ўз ақлимизнинг тўлиқ салоҳиятидан фойдаланмай ўтиб кетамиз ”. Жеймс бу гапни аслида бизни рағбатлантириш учун айтган, миянинг ҳамма қисмлари актив модда алмашинуви жараёнида қатнашмаслигини айб сифатида эътироф этиш учун эмас. Аммо бу тушунмовчилик одамларни онгида анчагача ўрнашиб қолди ва ҳозирги кунгача давом этди.
Бундан ташқари, олимлар узоқ вақт давомида миямизда катта жой эгаллаган фронтал қисми ва кенг ўрта қисми қандай вазифалар бажаришини аниқлай олмаганлар. Ушбу соҳалар шикастланганида, ҳеч кимда ҳаракат ёки сезгирлик дефицити пайдо бўлмаган. Шунинг учун улар миянинг бу соҳалари ҳеч қандай вазифани бажармайди деб ўйлаганлар. Ўнлаб йиллар давомида, миянинг ушбу соҳалари жим жойлар деб номланган, уларнинг вазифасини англаш қийин бўлган.
Биз кейин шуни билдикки, улар ижро этувчи органлар бўлиб, миянинг бошқа қисмлари операциясини бирлаштиришга жавоб берадилар. Бу уйғунликсиз бизни инсон деб аташ қийин бўлар эди. Бу қисмларнинг тўғри ишлаши абстракт фикрлаш, режалаштириш, турли ҳукмларни тарозига солиш ва турли хил вазиятларга мослашиш учун жуда муҳимдир.
Миянгизнинг 9/10 қисми бош суяги ичида бекор туради деган фикрнинг қанчалик ҳақиқатдан узоқлиги, миянинг энергия сарфини ҳисоблаб кўрганимиздан кейин яққол намоён бўлади. Кемирувчилар ва итларнинг мияси танада бир кунда кетадиган энергиянинг 5 фоизини истеъмол қилади. Маймуннинг миясида ушбу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади. Катта одамларда, тана массанинг атиги 2 фоизини ташкил этадиган мия, кундалик куйдириладиган глюкозанинг 20 фоизини истеъмол қилади. Болаларда ушбу кўрсаткич 50 фоизни, чақалоқларда 60 фоизни ташкил этади.
Бундай кўрсаткичлар одам миясининг умумий тана ҳажмига бўлган нисбати учун анча юқори ҳисобланади. Одамлар миясининг вазни 1,5 килограммни, фил мияси 5 к.г.ни, кит мияси эса 9 к.г.ни ташкил қилади. Аммо оғирлик бўйича солиштирганда одамларнинг мияси бошқа жонзот турларига қараганда, ўта зич жойлашган жуда кўп нейрон(мия ҳужайраси) ларга эга. Ушбу ўта зич жойлашув бизни ақлли қилади.
Тана ҳажми ва приматлар кўтариб юра оладиган нейронлар сони ўртасида мутаносиблик мавжуд. 25 килограммлик маймун 53 миллиард нейронга эга мияни озиқлантириши учун, кунинг 8 соатини овқатланиш билан ўтказиши керак. Биз, инсонлар эса бир ярим миллион йил аввал биз таом пишириш маҳоратини ўрганганмиз. Бу эса энергия тежаш масаласида бизга катта устунлик берди.
Пиширилган таом танамиздан ташқарида деярлик ҳазм бўлган ҳолатда -юмшоқ бўлади. Ошқозон-ичакларимиз бундай таомлардан осонроқ энергия олади. Овқат пишириш бизга кўпроқ вақт ва энергия беради. Агар биз бундан акси ўлароқ, озиқ-овқат маҳсулотларини хом истеъмол қилганимизда, 86 миллиард зич жойлашган нейронларни озиқлантира олмасдик. Бизнинг нейронларимиз сони эса маймунникига қараганда 40 фоиз кўпроқ.
Миянинг озиқланиш жараёни қуйидагича ишлайди. Мия куйдирган калорияларнинг ярми ҳужайраларни ўз ҳолида сақлаб туриш учун сарфлайди. У электр зарядини бир ҳолатда ушлаш учун мембраналар орасига натрий ва калий ионларини юбориш орқали бунга эришади. Буларнинг ҳаммасини узлуксиз амалга ошира олиш учун бу мураккаб орган чексиз энергия истеъмолчисига айланиши керак. У бир дақиқада ҳайратланарли миқдордаги 3,4 х 10 ^ 21 АТФ молекулаларини истеъмол қилади. Бу ерда АТФ тана ўчоғининг кўмиридир.
Барча 86 миллиард нейронларнинг дам олиш ҳолатида сақлаб туриш учун мия, жуда юқори миқдорда энергия харажат қилади. Бу дегани, асосий ишни бажарадиган асаб толаларига – аксонлар ва синапслар бўйлаб сигналларни қўзғатиш учун жуда оз миқдорда энергия қолади.
Бизда бир вақтнинг ўзида нейронларнинг озгина қисми актив модда алмашинувида қатнашади. Агар бундай бўлмаганда, нейронларнинг ҳаммаси ишлашидан пайдо бўладиган энергетик юк бутун фикрловчи органни бир зумда яроқсиз қилиб қўйган бўлар энди.
Энергия самарадорлиги нима учун кераклигини ҳозир тушуниб оласиз.
Сийрак кодлаш* деб номланган жараён бир вақтнинг ўзида ҳужайраларнинг озгина қисмига сигнал беришга имкон беради. Бу жараёнда энг кам қувват сарфланиб, энг кўп маълумотлар алмашинади. Чунки сигналлар оз бўлса, улар ўзларининг тез тарқалиши учун минглаб маршрутга эга бўладилар. Агар кўп сонли нейронлар бир вақтнинг ўзида ишлаганида, сийрак кодлаш қимматга тушиб кетган бўлар эди.
Энг ёмони, агар онг ҳужайраларнинг катта қисми ҳеч қачон актив бўлмаганда, улар баданимиз учун ортиқча юк бўлар эди ва эволюция улардан аллақачон воз кечар эди. Энг оптимал ечим мияда бир вақтнинг ўзида фаол модда алмашувида иштирок этиши мумкин бўлган ҳужайраларнинг мақбул улушини топишдир.
Ресурсларни тежашга бўлган эҳтиёж, миянинг кўпгина ишларини онг-ости* қисмида амалга оширилишига сабабдир. Бизнинг мунтазам тартибимизда ўрнатилган кундалик ишларнинг кўпчилигини миямизнинг онг-ости қисми бажаради. Шунинг учун ҳам бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифаларни бажаришга уриниш бу – нодоннинг иши. Бизнинг имкониятлар бир вақтнинг ўзида иккита вазифани бажаришимиз учун ҳам етмайди, 5-6 нафар вазифани бажариш ҳақида орзу қилмасак ҳам бўлади. Агар бир вақтнинг ўзида кўп ишларни амалга оширишга уринсак уларнинг ҳеч бирини тўлиқ уддала олмаймиз. Натижада, ҳеч қайси иш мукаммал чиқмайди.
Бу ерда рақамлар бизга қарши. Сизнинг миянгиз шундоқ ҳам ақлли ва кучли. Шунчалик кучлики, ўзини шу тарзда ушлаб туриш учун унга катта қувват керак. Бу орган шу қадар даҳоки, унда ҳаттоки энергия тежаш режаси ҳам мавжуд. Шундай қилиб, ёлғон афсонага ишониб, гўёки дангаса миянгизни айбдор қилишга шошилманг. Ортиқча айбдорлик миянгиз қувватини увол бўлишига олиб келади. Охир-оқибат, онгингиз кучини беҳудага сарфлаш нодонлик эмасми?