Устоз ДИЛМУРОД ҚУРОНОВ 60 ЁШДА!

2020 йилнинг 27 октябрь куни филология фанлари доктори, профессор, адабиёт назарияси етакчиларидан бири Дилмурод ҚУРОНОВ қутлуғ 60 ёшга тўлди!

ЎЗБЕК АДАБИЁТШУНОСЛИГИДА ҲОДИСА

“Назария қуруқдир, дўстим,

Лекин яшар ҳаёт дарахти”

деб ёзади улуғ олмон шоири Гёте. Бу билан у ҳаётдан ажралиб қолган назарий қарашларнинг аянч ҳолини баён этади. Лекин шундай назариялар борки, уларда ҳаёт уфуриб турадигина эмас, улардан ҳаётнинг ўзи бино бўлади. Ахир, оламни барпо қилар экан, Яратганнинг биргина “Бўл!” деган амри назарияларнинг назарияси эмасмиди! Улкан иморатлар тархи ҳам, аввало, олимнинг хаёлида пайдо бўлади, дейди Шарқ шоири Румий ҳазратлари. Инчунун, хаёлга, назарий фикрга менсимай қараб бўлмайди. У ҳаётни, ҳақиқатларни яратади. Демак, хаёлдан хаёлнинг, назариядан эса назариянинг катта фарқи бор экан. Шу маънода, куни кеча (2018, ноябр) филология фанлари доктори, профессор Дилмурод Қуроновнинг “Академнашр” “тандиридан иссиққина узилган” “Адабиёт назарияси асослари” китоб-дарслигини “томирлари”да ҳаёт оқиб турган адабиёт назариясидир, дейиш мумкин. Чунки у адабиёт ҳақидаги, унинг яралиш, яратилиш ва яшаш қонуниятларини ўзида акс эттирган ғоят салмоқли тадқиқотдир. Албатта, “Адабиёт назарияси асослари”гача ҳам мазкур китоб “Адабиётшуносликка кириш” номи остида 3 бор нашр қилинган эди. Лекин буниси энди тамомила бошқа – жиддий қайта ишланган, тўлдирилган ҳамда мукаммаллаштирилган нашридир.Бизда таҳлил ҳамиша бўлган, бор, ишонаманки, келгусида ҳам бўлади. Эслайман: 1989 ёки 1990 йил эди. Камина университет ётоқхонасига тасодифан бориб, ўша ерда ҳамкасбларининг олдига келган Дилмурод Қуронов билан кўришиб-суҳбатлашиб қолдим. Адабиётимизнинг айрим масалалари тўғрисида гаплашарканмиз, ўртада қизғин баҳс ҳам қўзғалди. Ўшанда мен Қуронов билан ҳар қанча кескин мунозара қилган бўлсам-да, мухатобимнинг сиймосида масалага чуқур илмий-назарий ёндашиш малакасига эга назариётчи олимни кўрган, буни (сездирмайгина) тан олишда ўзимда куч топа олган эдим. Камина Республикамизда донғи чиққан олимларнинг қўлларида таҳсил олганман ва бундан ҳар доим фахрланиб юраман. Лекин тан олиш керак, биз ўқиган пайтларда ва ундан бирмунча кейин ҳам мамлакатимизнинг тил ва адабиёт йўналишидаги энг обрўлиси ҳисобланмиш ўзбек филологияси факультетида адабиёт фанининг назарий қисми бирмунча бўш ўқитилган. Шундан бўлса керак, биз адабиёт ҳақида баҳсу мунозара қилишни севардигу аммо бунинг ҳам ўзига яраша йўллари – илмий методлари борлигига кўп ҳам иқрор бўлавермас эдик. Адабиёт ва ҳаётга бўлган чексиз муҳаббат, озгина ҳаётий тажриба ва шуларга яраша жайдари фалсафий қараш билан ҳар қандай дурдона асарни ҳам таҳлил қилиб ташлаймиз, деб ўйлардик. Ҳолбуки, адабиётку адабиёт, ҳатто бир чечакнинг очилиши ва сўлиши ҳам қатъий илоҳий қонуниятга асосланишини кейинроқ тушуниб етдик. Буни биздан бир мунча эрта тушуниб етган Дилмурод Қуронов ўша куни гапнинг буровини тинмай қонуниятларга олиб бориб боғламоқчи бўлар-у, мен эса уни тоқатим тоқ бўлиб эшитар эканман, хаёлимдан: “одам ҳам ҳаёт дарслиги бўлган адабиёт ҳақида шундай “совуқ” мулоҳаза юритадими!..”, дегандек ўй кечар, баҳснинг жиловини буткул қўлимга ололмаганимдан жиғийбийроним чиқар, қонунлардан, қоидалардан зада бўлиб қочар, “озодлик”ка талпинар эдим. Аммо ана шу хатти-ҳаракатимнинг ўзи ҳам муайян қонунга бўйсинишини ё ёшим тақозоси, ё таълимим “айбғинаси”, ёки иккиси бир бўлибми, ишқилиб, унча тушуниб етмаган эдим ўшанда. Яқинда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтидаги ҳимоя жараёнларидан бирида, танаффус пайтида филология фанлари доктори, профессор Боқижон Тўхлиев коридорда ҳамкасблари билан гурунглашиб турган Дилмурод Қуронов томон одимларкан, йўлакай хитоб қилди: “Назарияни ҳам бадиий асардек ёзадими одам! Ўқиб мазза қилвордим!” Бу Қуроновнинг энг сўнг чиққан илмий- назарий мақолалар тўпламига берилаётган ўзига хос юксак баҳо эди. Сўрашиб бўлишгач, Тўхлиев домла яна қўшимча қилди: “киши ўзи гапираётган ёки ёзаётган нарсасини тушуниб етса, ифодаси ҳам мана шундай содда, равон бўлади!”. Боқижон аканинг мулоҳазаларини камина қўллаб-қувватлади: “Тўғри айтасиз, Боқижон ака! Мен ҳам кузатганман: олим мавзу моҳиятини тушуниб етса, демак, у маънонинг устига чиқиб олган ҳисобланади ва ҳамма нарсани юқоридан кўриб туради. Натижада ўта мураккаб масалаларни ҳам содда жумлалар воситасида ўқувчига етказиб бера олади. Мабодо, аксинча бўлса, яъни мавзу моҳиятини олимнинг ўзи тўлиқ англаб ололмаган бўлса, демак, у маънонинг остида қолиб эзилади, натижада мураккаб жумлалар тузиб ҳамманинг бошини қотириб ташлайди. Дунёда содда қилиб тушунтириб бўлмайдиган деярли ҳеч нарса йўқ”.Хўш, Қуронов мураккаб назарий масалаларни содда ифодалар билан тушунтириш даражасига қандай эришган? Бунинг учун, назаримда, Қуронов сув ичган булоқларни эслаш керакдек. Бундай десак, ахир, биз ҳам ўша булоқлардан сув ичмадикми? Нега унда икки хил олам, икки хил манзара?..Қаерададир “Қуроновни озми-кўпми биламан”, дея катта кетган жойим бор менинг. Демак, ўша “кетиш”ларни ёрдамга чақирадиган бўлсак, аён бўладики, Қуронов мактабни ўзбек ва рус синфларида ўқиб тамомлади. Кейин Андижондаги Хорижий тиллар институтининг рус филологияси факультетига ўқишга кирди. Олий таълим асносида эса дастлабки филологик таълим пойдевори биз кўрмаган, биз билмаган, кейинчалик чет элга кўчиб кетган ўзга миллатга мансуб устозлар кўмагида бунёд этилди. Бир муддат ўтиб, Қуронов Тошкентда аввал аспирантура, сўнг докторантурада (энди биз билган, биз ҳурмат қилган устозлар раҳбарлигида) ўқиди ва пойдеворни янада мустаҳкамлаб олди. Маълумки, ўзингда йўқ – оламда йўқ. Агар Қуроновнинг ўзида бўлмаганда, унинг юқорида саналган жойларда казо-казо олимлар қўлида дарс олганлигидан бирон фойда чиқиши гумон бўларди. Демак, энг муҳими – ҳаммаси, аввало, унинг ўзида бор эди. Рус ва ўзбек филологиясидаги таълим эса унинг ўзида бор ана шу жавҳарнинг рўёбга чиқишини таъминлади.Қолаверса… Балки, бу фикримизни “қолаверса”нинг зиммасига юкламаслигимиз керакдир, айтмоқчи бўлаётганимиз ҳам жуда муҳимдир. Хуллас, Дилмурод Қуронов бадиий ижоддан йироқ одам эмас. У ўз вақтида ҳикоялар ёзган, уларни эълон қилган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Узоқ бир йили, Қуронов Тошкентга сафарларидан бирида каминанинг ижодхонасида бир неча кун турадиган бўлди. Ёзув-чизув учун мендан компьютер сўради. Бердим. Аканинг ишлари битиб, ўзи Андижонга йўл олди. У кетгач, компьютернинг бош саҳифасида битта янги файл пайдо бўлиб қолибди. Қарасам, шеърлар. Шеър бўлганда ҳам фикрчан шеърлар. Қофиясиз, лекин росмана шеърлар. Анча-мунча таниқли, “Мен шоирман!” дея ички фахр туйғусини ҳис қилиб юрадиган шоирларнинггина қаламидан тўкилиши мумкин бўлган интелектуал шеърлар! “Компьютерда шеърлар ёзилган файл қолибди, сизга керакми?” дея телефонда сўрадим Қуроновдан. “Йўқ, ўчириб юбораверинг” деди у ўзига хос бепарволик билан. Қуронов ҳар қанча бепарво гапирса ҳам ички бир ҳис билан унинг сўзлаш оҳангидан ниманидир фаҳмладим: “Кимники бу шеърлар? Бинойидек экан”, дедим. “Ҳа-а, сўраманг. Ўчирворақолинг!” Сезги сезгига урилиб, информацияга айланди: шеърлар Қуроновники! Дилмурод Қуронов шеър ёзар экан!.. Бу мен учун янгилик эди. Ҳайратангиз янгилик! Хўш, бу билан нима демоқчиман? Барчамизга маълум, адабиётшунос олим бадиий асарни таҳлил қилар экан, уни қалб ва тафаккур чиғириғидан ўтказади. Бусиз мумкин эмас. Агар унинг ўзи ҳам қачонлардир ёки мунтазам бадиий ижод билан шуғуллан(аёт)ган бўлса, нур устига нур. Зеро, табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб! Энди бевосита дарсликнинг ўзига келадиган бўлсак, қўлимиздаги ушбу китоб унинг қайта ишланган, тўлдирилган тўртинчи нашри. Дарслик, асосан, филология соҳаси ўқитувчилари, талабалари ҳамда адабиёт бўйича турли мутахассисларга мўлжалланган. У 28 та алоҳида мавзудан иборат бўлиб, ҳар бири атрофлича таҳлил ва талқин қилинар экан, ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш учун “Таянч тушунчалар”, “Савол ва топшириқлар” билан бирга, шу фаслдаги масалага алоқадор “Адабиётлар” ҳам берилган. “Адабиётшунослик фан сифатида”, “Адабиётнинг моҳияти”, “Адабиёт ижтимоий онг соҳаси сифатида”, “Адабиёт ва мафкура”, “Бадиий адабиёт санъат тури сифатида”, “Адабий асар ҳақида” каби фаслларда “адабиётнинг ўзи нима?”, “у қандай туғилади ҳамда унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни, вазифалари нималардан иборат?”, “адабиётнинг бошқа соҳалардан, санъатнинг бошқа турларидан қандай фарқи бор?” каби кўплаб саволларга аниқ ва лўнда илмий жавоб берилган. Адабиёт ҳақидаги умумий тушунчалар билан қуролланиб олган ўқувчи олим билан бирга секин-аста адабиётнинг “Образлилик ва бадиий образ”, “Шакл ва мазмун”, “Сюжет” “Композиция”, эпик, лирик ва драматик тур, адабий жанрлар, адабий йўналиш ва оқимлар, адабий жараён, бадиий асар таҳлили каби қатор специфик масалаларининг ичига кириб боради. Ушбу нашрнинг илмий салмоғини оширган асослар жуда кўп. Чунончи, олим, биринчидан, ўзбек ва жаҳон адабиётшунослигининг барча илғор йўналишлари ҳамда натижаларидан жуда яхши хабардор, иккинчидан, у ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётининг умумий манзарасини теран ва атрофлича билади, учинчидан, ҳар бир мавзу моҳияти жуда тушунарли илмий тилда чуқур ва сиқиқ таҳлил қилинган, тўртинчидан, адабиёт илмининг ўзак масалаларининг деярли барчаси тўлиқ қамраб олинган, бешинчидан, 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида филология соҳасида талабаларга дарс бериш асносида орттирилган залворли тажриба муаллифга адабий жараённинг барча йўналишларидаги ўзига хос жиҳатларни нозик кузатиш ва илмий хулосалар, умумлашмалар чиқариш имконини берган ҳамда буларнинг ҳаммаси дарсликда акс этган ва ҳ.к… Хуллас, таъбир жоиз бўлса, айтиш лозимки, “Адабиёт назарияси ва асослари” дарслиги адабиёт деган сирли-сеҳрли мамлакатга олиб борадиган таниш ва нотаниш жуда кўп йўлларнинг ўзига хос харитасидир. Бу харитани қўлга киритган ва яхшилаб ўқиб-ўрганиб чиққан ўқувчики бор, унинг адабиёт оламига сафари янада завқли, янада фойдали бўлиши шубҳасиз.Узун гапнинг қисқаси – мазкур “Адабиёт назарияси асослари” дарслиги адабиётга у ёки бу даражада алоқадор ҳамманинг, ҳаммамизнинг иш столимизда туриши, вақти-вақти билан эса бир-икки бўйлаб, адабиёт ҳақидаги тиниб қолган тасаввур ва тушунчаларимизни ҳаракатлантириб олишимиз керак бўлган янги ўзбек адабиётшунослик соҳасининг ўта муҳим китобларидан биридир.Ёзувчи (умуман, ижодкор) фикр, туйғу ва ғоялардан бино бўлган образлар ёрдамида дунёни кўради ва акс эттиради. Адабиётшунос олим эса, бадиий асарда акс этган ана шу оламни илмий терминлар воситасида тушунади ва тушунтиради. Қисқароқ айтганда, бири образлар, бошқаси эса терминлар ёрдамида иш кўради. Уларни бир-биридан фарқлантириб турадиган нарса бу – улар юрган йўлларнинг, танлаган воситаларнинг ҳар хил эканида, холос. Йўқса, ҳар иккиси ҳам кошифдир. Чинакам ижодкорнинг ҳам, ҳақиқий олимнинг ҳам мақсади битта – кашф этиш. “Адабиёт назарияси асослари” ана шундай кашфиётлардан бино бўлган, олимнинг 60 ёш олдидан ўзбек адабиёти илми мутахассисларига бир арғумони, таъбир жоиз бўлса, ўзбек адабиёти илми кенгликларида олим томонидан кўтарилган маҳобатли бир “тоғ”дир. Ушбу баландликка кўтарилишни истар эканмиз, адабиётшунослигимиздаги кўплаб катта-кичик муаммоларни илмий ҳал этиш имконига эга бўламиз.Нашр барчамизга қутлуғ бўлсин!

Улуғбек ҲАМДАМОВ,

филология фанлари доктори,

(мақола 2018 йил, ноябрда ёзилган,

2020 йил “Ўз.АС” газетасида чоп этилган)

Улуғбек Ҳамдам саҳифасидан олинди.