Хазон япроғидек ерга тўшалдим,
Ер билан биттаман, излагин, Мавло!
Ноннинг увоғидек ҳар ён ушалдим,
Уволим борлигин сўзлагин, Мавло!
Неча ой, неча кун кўрмас кўзларим,
Кўзим гавҳарини юлди ёмонлар.
Юлдузлардек тарқоқ айтар сўзларим,
Мен қон йиғлаганда кулди ёмонлар.
Теграмга боқолмам, зулмат икки ён,
Умидларим кесиб угра қилдилар.
Aйрилиқ ўтида ёнган вужудим,
Пайраҳадек бўлиб-бўлиб тилдилар.
Кўкайимга офтоб тегмас бу кунлар,
Ёмғир қамчисидан сачрайди кулим.
Нафси амморасин суйган турғунлар,
Ҳар лаҳза чоҳ қазир суғуриб тилим.
Балки шу он йўқман, ўлдирилганман,
Бедарак кетганман сендан олисга
Исмлар сеники, исмим йўқ мени,
Фанода унутдинг, Бақода эсла!
Хазон япроғидек ерга тўшалдим.
Ҳафиза ЭГAМБЕРДИЕВA,
24 .10.2020 йил