ИЛИНЖ
Сўнгги умид, энг сўнгги илинж,
Бир сўз билан узилди бари.
Қўлга кетиш чиптасин тутиб,
Кор қилмасдан ҳеч қандай ўтинч
Ҳаёт қилди ўзидан нари.
Қотиб қолган нигоҳни кўриб,
Изтироб ҳам сўрайди узр.
Қани бари бекор бўлса-ю,
Залолатнинг бағридан юлиб
Олган тожин кийгизса ҳузур.
Қарорларга имзо қўяр пайт
Сендан кўнгил сўрамас тақдир.
Илдиз отган сабрингни кўриб,
Армонларни этганча пайванд
Истеҳзо-ла қилади таҳқир.
Иймонингни кўтариб баланд,
Виждонингга юқтирмайин гард.
Энди ғамни қувдим деганда,
Вужудингни этганича банд,
Орсизларча ёпишаркан дард.
Кундан-кунга емрилар сабр,
Вақт юракка илгандек илмоқ.
Тутиб турар ёлғиз ирода,
Кимга ҳикмат, кимгадир жабр
Кўксингга ғурурни қадамоқ.
Таскин топар ногоҳ шууринг,
Ором берар Ҳақни ўйламоқ.
Оғир, оғир, қанчалар оғир,
Томирлари узилган умринг
Озлигини сезиб яшамоқ…
Адолат, деб ҳайқирар юрак,
Умидларин узяпти тилак.
Ҳеч одиллик қила олмасанг,
Сўнгги сўзга фақат ростин айт:
Ҳаёт! Сенга ўзи не керак?!
НИЛУФАР ЖАББОРОВА