Жажжигина кулранг товуқча ўзининг катакдошлари билан ялангликда ўтирар эди. У жуда хафа эди:
— Мен бечора, бахти қароман. Хўрозлар мени тушунмайдилар, товуқлар эса мени хафа қилишади. Катакхонамиз қоронғу, бир чеккада, бўшгина, ғамгин ер.
⠀
Шундай қилиб у қаттиқ изтироб чекиб ўтирар эди. Мана шу онда унинг ёнидан каттакон оққуш учиб ўтаётган эди.
Оққуш товуқнинг сўзларини эшитиб, ўша ерга қўнди ва деди:
⠀
— Хафа бўлма, товуқча. Истайсанми, мен сени ажойиб мамлакатга учиб боришинг учун ёрдам бераман. Ўша ерда сен бахтиёр яшайсан?
⠀
— Йўқ, — деди кулранг товуқ. — Бу мумкин эмас, — товуқлар уча олмайдилар.
⠀
— Нима бўпти? — жавоб берди
оққуш, — мен сенга учишни ўргатаман.
⠀
— Йўқ, — деди кул ранг товуқ. — Менинг қанотларим бу иш учун жуда кичиклик қилади.
⠀
— Ташвиш қилма, — хитоб қилди қуш. — Истайсанми, мен сени белимга ўтқазиб оламан ва биз бирга учамиз?
⠀
— Йўқ, — ҳўрсинди кулранг товуқ. — Мен у ёққа учиб борсам, у ерда яшайдиган жойим бўлмайди.
⠀
— Ташвишланма, — оққуш товуқни умидлантирди. — Мен сенинг уйинг бўлиши учун ҳамма ишни қиламан.
⠀
— Йўқ, — деди кулранг товуқ. — Мен у ерда бир ўзим нима қиламан? Менга у ерда зерикарли бўлади.
⠀
— Ташвиш қилма, — жилмайди
оққуш. — Мен сенга хўроз топишингга ёрдам бераман.
⠀
— Йўқ, — деди кулранг товуқ. — Ўша сен топган хўроз жаҳлдор ва зарарли бўлса-чи?
⠀
— Ташвишланма, — хўрсинди
оққуш. — Мен сенга шундай яшашни ўргатаманки, ҳаётингда сенга фақат ажойиб хўрозлар йўлиқади.
⠀
— Йўқ, — деди кулранг товуқ. — Ундай хўрозлар дунёда йўқ.
⠀
— Унда бу кунингдан баттар бўл! — дея бақириб юборди сабри тўлган оққуш ва улкан қанотларини ёйганча учиб кетди…
⠀
Жажжигина кулранг товуқча эса, у яшаётган дунёда адолат йўқ эканига, атрофидагилар эса унга жуда ёмон муносабатда эканларига яна бир бор амин бўлди.
Лена Беленкая асари
Шоолим ШОМAНСУР таржимаси