БАХТИЁР ТУРСУН

(“Мусофирчиликда қизиқ ҳангомалар” туркумидан)
“СОДДА” (бўлган воқеа)
Бу воқеага икки йилдан ошди.
Уйга телефон қилувдим,аёлим айтиб қолди.
-Қишлоқдан бир бола Москвага кетаяпти экан,совға- салом бериб юбормоқчимиз.
Нималар бериб юборайлик?
-Ким келаяпти экан,-сўрадим мен.
-Фалончи аканинг ўғли, Индамасбой бораяпти экан Москвага.
-Ха Индамасбой Москвага келаяптимикин? Яхши бола у.
Аввало, менинг телефон рақамимни бер.
Қайси аэрапортга келаяпти экан,чиқиб кутиб оладиганлари бормикан? Кимларнинг олдига келаяпти, сўра.
Кейин ўзинг биласан,хозир айни баҳор вақти,кўк сомсани яхши кўраман,исмалоқдан кўк сомса қилиб бериб юбор.Қурут ҳам,патир яна.
Бўлди, шуларни бериб юборсанг, мен хурсандда хотинжон,а яна бошингда ўраб юрган рўмолингни ҳам бериб юбор.
-Рўмолимни бошингизга урасизми?,- ҳайрон бўлди у.
-Бошимга урмайман,бошимга ўраб ҳидингни ҳидлаб ётаман,соғиндимда сени,-ўзимнинг ҳазилимдан ўзим мазза қилиб кулдим.
-Жинни бўпсиз сиз,-деди у ҳам…
Индамасбой ҳақида икки оғиз айтиб ўтсам.
Болалигида бир оғиз гапирмас,доимо бир қўлини шимини ичига тиқиб булбулчасини ушлаб юрарди,бирор гап сўрасак, пастки лабини тишлаб олиб хўмрайиб индамасдан тураверарди.
Шу камгаплиги сабаб қўни-қўшнилар уни “Индамас” деб номлаб кетишган,отаси қўйган метрикасидаги исми эсимиздан ҳам чиқиб кетган.
Хуллас, Индамасбой келадиган куни яна уйдагилар билан гаплашдим.
-У бола тоғаларининг олдига бораяпти экан,тоғалари кутиб олар экан.Рақамингизни бердим,бориб сизга телефон қилади.Айтган нарсаларингизни ҳаммасини бердим.
-Рўмолчи,рўмол эсдан чиқмадими,-ўзимни жиддий тутиб сўрадим.
-Эй борингей,-деди ю,телефон ўчди.
Орадан бир кун ўтгач,тушликка яқин телефоним жиринглади.
Қарасам бегона рақам.
-Ало,ким бу?-дедим яшил тугмачани босиб.
-Ўўўўў, ассалому алайкум,Бахтиёр ака яхшимисиз?Менман, ака, келдим,-дея хурсанд овози келди Индамасбойнинг.
-Эээээ сенмисан,хуш келибсан, Москвага яхши етиб келдингми?
-Раҳмат ака,келдим самолётда,мазза қилиб булутлардан баланд учдимей.
-Яхши молодец,қаердасан хозир?
-Шу Москвадаманда.
-Москва каттада,қаеридасан,-дедиму ўзимга ўзим у биринчи марта келиши бўлса,умрида қишлоқдан чиқмаган,кеча коллежни битирган ёш бола бўлса,қаердан билсин манзилни, дедим.
-Москвадаман ака,катта катта уйлар борку,баланд -баланд шу уйларнинг олдидаман.
-Олдингда бирон киши борми?Телефонни бер.
-Хеч ким йўқ ака,бир ўзимман,ҳамма ишга кетган.Бугун келасизми?янгам бериб юборган кўк сомсалар ачиб кетади, тезроқ келиб олиб кетмасангиз.
-Ҳа бораман,аввал сени қаерда эканлигингни билиб олайда.
-Шу айтдимку ака,катта -катта уйлар олдидаман,неччи йилдан бери юриб Москвани билмайсизми?
Унинг жавобидан бақириб кулиб юбордим.
-Ўввв оввпа,-дедим,-Москвада нима кўп -баланд уй кўп,мингта бунақа уйлар,қайси биридан излайман сени,худди қишлоқда туриб келаверинг Амир супанинг олдида турибман, дегандай гапирасан(қишлоғимизда Амир супа деган тепалик бўларди ёшлигимизда)
-Хай билмасам унда,-деди у.
-Балконга чиқиб атрофга қара,биронта кўчанинг номи ёзилган бўлса менга айт.
-Хозир ака,биз йигирма тўртинчи қаватда эканмиз,кеча лифтда чиқишда билдим.
-Яхши шуни билишга калланг ишлабди.
-Чиқдим ака,ўхўўў дахшат баландку,вой бўўўў, ҳеч қандай ёзув йўқ.
-Тоғаларингни телефон номери бўлса,телефон қилиб сўрачи?
-Йўқда ака,сақлаб қўймапман,фақат сизнинг номерингиз бор,уни ҳам янгам қоғозга ёзиб берувдида.
-Роса қизиқ бола экансанку? Энди сени қандай топаман.
-Топингда ака,ҳамма сизни Москвани беш қўлдай билади дейдику.
-Жонга тегдингу Оввпа,манзилингни айтсанг топаманда,қаердан биламан сен қаердасан хозир.
Атрофга қарачи балкондан,нималар кўринаяпти.
-Хозир,эээээ пастда одамлар юрибди,кўм кўк майдонча,аёллар кучук етаклаб юрибди,бизда аёллар бола етакласа,бу жойда кучук олиб юрарканей,ана кампирлар хам пишакдай кучук олиб юрибди,ёки пишакмикин,яхши кўринмаяпти.
-Сенга аёлларга қара демадим,биронта каттароқ бино борми,Кремлми? Москва ситими?
-Билмасам ака,Москва ситиси ҳам борми ҳали?
Ў…ўў.. самолёт ўтаяпти,пастлаб ўтаяпти,кеча мен миниб келган самолёт.Роса пастдан ўтаяптией.
-Қарачи қўнаяптими? Ёки кўтарилдими?
-Пастлаяпти,ана ана пастлаб кўринмай кетди.
-Ха демак қўнаяпти,демак сен аэрапортга яқин жойдасан,аммо қайси аэрапортга?
-Билмасам ака.Эээээ ана яна биттаси келаяпти,бу жойда роса кўп экан а,самолёт.
-Қарачи? Яхшилаб самолётда бирон ёзув кўринадими?
-Қанақа ёзув?
-“Ҳаво йўллари” “Аэрафлот”,”С-7″.”Ютайер” кўпда компаниялар,шунақа ёзув бўлиши керак.
-Ҳа.. ҳа..бор,ютайер ёзуви бор экан.Думида.
-Демак сен Внуково аэрапортига яқин жойда экансан,-дедим.Ўзимга ўзим Шерлок Холмс бўлиб кетей, деб қўйдим.
-Кеча тоғаларинг гаплашганда наҳотки биронта кўча номи эсингда қолмади.
-Билмасам ака.
-Аэрапортдан нимада келдиларинг?
-Таксида.
-Тоғанг таксига қаерга борамиз деди.
-Эшитдим,битта қизиқча ном айтди,эслолмаяпман.
-Диққат билан эшит,мен хозир аэрапортга яқин жойларни номларини санайман.
Внуково аэрапортига яқин бўлган Москва ва Москва вилоятига қарашли шахарлар номларини бирма-бир айта бошладим.
-“Одинцова”,”Апрелевка” “Крёкшино”,”Троицк”,”Новопеределкино.”
-Вў вў вў ана шу охирги айтдингизку.
-Новопеределкиноми?
-Худди шу эсладим таксичига тоғам шундай деди,аниқ.
-Энди кўчасини қандай топамиз Оввпа.
-Эй ака,овпамасманей,хадеб ахмоқ қилавермангей.
-Яна нима дей,турган жойингни билмасанг.
-Эсладим эсладим ака,кеча таксидан тушган вақтим,ўқувдим улица Федяакасина деб ёзиб қўйилган эди.
-Э барака топ,калланг ишлайди эканку,фақат Федяакасина эмас,Федоьсино.
-Хай шуда ака,кўрдингизми каллам ишлайди.
-Яхши,мен хозир йўлга чиқаман бир соатларда етиб бораман.
Сен унгача подъезд ва уй номерини ҳам эслаб тур,-дедим.
Проспект Вернадское номли метро станциядан чиқиб 497-рақамли маршруткага ўтирганимдан кейин,унга телефон қилдим.
-Ўн ўн беш дақиқаларда етиб бораман.Уй рақамини эсладингми?
-Эслолмадим ака,аммо бизга яқин жойда магазин бор экан,кеча тоғамлар Диски магазин деди.
-Дикси дейилади,тўғрилаб айт.
-Хай шуда ака.
Дикси битта бу жойда,яхши биламан бу жойларни.
Топиш қийин бўлмайди ўйладим.
Маршруткадан тушиб магазин яқинидаги 25 қаватли янги қурилган бинолар олдига бориб телефон қилдим яна.
-Мен келдим,энди сен қайси уйдасан?Қандай топаман сени.
Роса сарсон қилди ўзиям,кўк сомса емай мен ўлай деб юбордим.
Хар битта уйнинг олдига бориб телефон қиламан,у деразадан пастга қарайди.
-Мана мен,-деб қўлимни кўтараман.Кўринаяпманми қўлини кўтараётган одам борми яхшилаб қара дейман.
-Йўқ,- дейди у
Уфффф охири иккала қўлимни ҳам кўтардим.Телефон чўнтакда наушник тақиб олганман,жиннига ўхшаб қўлимни кўтараман.
Ўтган кетган хайрон.
Яна бироз шунақа юрсам оёғимни ҳам кўтариб юборардимей.
-Кўрдим кўрдим сизни ака,ана турибсиз қора курткада!!!
-Худога шукрей,-деб юбордим.Энди сен қанисан,қайси тарафга юрай.
-Мен бу ёқдаман ака,менга қараб келаверинг.
-Оббооо мен сени кўрмасам,қандай қилиб сен тарафга юраман.
-Мен сизни кўриб турибманку.Ўввв пастда турибсиз деразадан кўраяпман.Шу тарафга келаверинг.
-Бу жойда миллионта дераза бор,қаердан биламан сен қайси биридасан,чиқ бу ёққа е!!!
-Қаёққа чиқаман.
-Балконга чиқ,мени чақир.
-Ха хозир.
Бир пайт Боботоғда юргандай бақирдику.
-Ўўўўўў Бахтиёр акаааааа!!!!! Мен бу ёқдаман!!!!
-Ўчааа ўч!!!!телефонда гапира,отангни қишлоғида юрибсанми бунча бақирсаней.
-Ўзингиз чақир дедингизку.
-Бўлди кўрдим сени,хозир чиқаман олдингга,балконда сакрайвермай ичкарига кирей,катта қирда юргандек бунча сакрайсаней,тушиб пушиб кетиб бир балони бошлама,-дедим.
Чиқдим кўришдик,анча гаплашдик.
-Болалигингда сендан бир гап сўраб ололмасдик,индамасанг тура олмайдиган бўлиб қолибсанку Индамасбой,қўлингни шимингни ичига солиб юрма тағин энди уят бўлади,-дедим атай уни жиғига тегиб.
-Э..ака у пайтларда ёш бола бўлганманда, энди қолди у қилиқлар,катта йигит бўлдим мана Москвага келдим,-деди у ўзидан мағрурланиб.
Шунақа гаплар бўлувди.
У йигит хозирда Москвани москваликлардан яхшироқ биладиган бўлиб кетди.
Бахтиёр Турсун.
2018-йил Апрель.