Малоҳат МИРЗАЕВА 1968 йил 4 августда Самарқандда туғилган. Тиббиёт билим юртини тамомлаган. Оилали, беш нафар фарзанднинг онаси. “Ишқ ифори” (2017) номли шеърий тўплами чоп этилган.
…..
Кўкламдайин кўркам бахтдан тўлишиб,
Ишқ билан яшашни ўргатай сенга.
Сўнг,
Бахмал боғларнинг елидек шошиб,
Қулочингни ёйиб пешвоз чиқ менга.
Ҳайратни четга қўй,
Келгин яқинроқ,
Кўксимда бир нигоҳ имлайди, қара.
Дунё ташвишидан холи бу нигоҳ,
Бу нигоҳ энг ёруғ, гулдек бокира.
Меҳрнинг шуъласи тушса кўзинга,
Ёришиб кетади кунларинг чақнаб.
Бўй етган ҳисларнинг гўзал рақсига,
Найда куй чалади Муҳаббат яйраб.
Сен билан хаёлан қураман суҳбат,
Aфсуски, ўзимни овутиб мудом,
Кўксимда бир қайғу йиғлайди фақат,
Сен йўқсан!
Муҳаббат рақси ҳам ёлғон.
Эҳ, кимнинг бахти бут, кимдир аламда,
Кимлардир кузатар, кимлардир кутар,.
Майли олисда бўл,
Фақат оламда,
Борлигингнинг ўзи мен учун етар.
Танҳо сен Ҳоқонсан ишқим тахтига,
Сендан ўзга кимса султон бўлолмас.
Бир йўқлаб келсангу барин ҳаққига,
Пешонамдан битта ўпиб қўйсанг бас.
ДAРAХТ
Нозиккина ниҳол эдим, қададилар заминга,
Ўғит бериб, сув қуйдилар меҳр билан ардоқлаб.
Қуёшдан нур, ердан қувват кириб жону танамга,
Кунлар сайин кўкка томон талпинардим япроқлаб.
Улғайдим мен эркаланиб фаслларнинг бағрида,
Кўз ўнгимда улканлашди бу дунёнинг сурати.
Мўжазгина бир ўриндиқ ўрнатишгач пойимга,
Секин англай бошладим мен одамларнинг сийратин.
Кун кунора макон қилди ўриндиқни ошиқлар,
То шом қадар ўтиришар, тугамасди изҳорлар.
Негадир ҳеч ўйлашмасди чимилдиқни ошиқлар,
Ўтса ҳамки қанча қишу қанча ёзу баҳорлар.
Танам узра боғланарди ҳар алдовдан бир тугун,
Қисматимми гувоҳ эдим қанча ёлғон-яшиққа.
Кечагина бошқа саҳна кўрган бўлсам,
Эҳ бугун,
Ўша сулув карашмалаб турар бошқа ошиққа.
Йиллар ўтар ўриндиқнинг буёқларин ўчириб,
Энди менинг япроқларим заъфарондир яшилмас.
Ихлосим ҳам сўнди гўё, пойгинамда ўтириб,
Муҳаббатдан сўйлаганлар назаримда ошиқмас.
Сўзлай десам соқов эдим, ичга ютдим барини,
Дардларимнинг фиғони деб шовулладим эрталаб.
Бир ўтинчим, олиб кетинг ўриндиқни кўчириб,
Ёки мени ўтин қилинг аямасдан болталаб!
ТУН
Тун, дардимни тингла чўғли, оташли,
Кўксимни куйдирар тилиб беаёв.
Бағрим яролидир, кўзларим ёшли,
Омонат жонимга минг битта сўров.
Майлига, руҳимни ўйнасин бебош,
Ўша ёмғирдан сўнг эсган шабаданг,
Еллар ҳисларимни қилингу талош,
Сўнг…
Туннинг кўксига юрагим қаданг.
Тун.
Елканга бирпас бошимни қўяй,
Юлдузларинг силаб турсин сочимни.
Ҳеч қурса мен сенинг меҳрингни туяй,
Ҳеч кимса кўрмасин кўзда ёшимни.
Сиз жиминг, юпатманг, эй дўсту ғаним.
Ёлғонга айланди меҳрингиз куйиб,
Aччиқ алам бўлди ишқдан топганим,
Бошқа нима топдим мен ёрни суйиб.
Қора тун, маҳкамроқ оғушла, майли,
Сингиб кетай изсиз бир туман бўлиб.
Зулматинг кўзимга боцин!
Сен фақат.
Изн бер йиғлашга бир тўйиб-тўйиб.
Қировли сочимни сила оймомо,
Aрмонларим дилдан кецин тўкилиб,
Бевафо топмасин, топмасин илло,
Мени Тун бағрингдан минг бор қидириб.
Бисотимда дард мўл, бағрингда ҳунграб,
Йиғлайин юракдан бир тўйиб – тўйиб.
Сўнг.
Тонгни кутганча қолайин ухлаб,
Тун, кенгиш елканга бошимни қўйиб.
Малоҳат МИРЗAЕВA