КЎНГИЛГА ЙЎЛ

МAЛОҲAТ МИРЗAЕВA
ижоди ҳақида
Инсон қалбида сон-саноқсиз кечинмалар ва саволлар бор. Ўз навбатида ўзаро муносабатларнинг биз илғаб етмаган нозиклиги бор. Энг асосийси, бу муносабатларни фақат Aллоҳдан келган амр билангина ислоҳ қилиш мумкин. Aммо ижод аҳли ўз ҳолатларини изҳор қилиш асносида дунёни ўзгартириш фикридан асло қайтмайдилар. Лекин ростдан ҳам бир кун муъжиза яралади. Нималардир ўзгаради. Малоҳат Мирзаеванинг ижоди ана шу ўлмас мавзуларнинг ажиб талқини дегим келади.
Шоирамиз шеърларида ажойиб кечинмаларни боғлайдики, энди унинг ҳаётида жуда кўп теран билгилар аниқ-равшан бўлиб, бўй кўрсатибди. Энди шоирлик фалсафаси ўзини таниш майдонига айланди. Ўтаётган умр иқлими ўзлигини, туйғуларини баҳолаш фаслига алмашди.
Малоҳат Мирзаева ижодида ўзигахос майинлик, тил бойлиги, бадиий деталларга бойлик, кучли ҳаётий тажриба кўзга ташланиб туради. Кейинги пайтларда шоира шеърий нафасида янгиликка интилиш,ўзгача бадиий ташбеҳлар топиш ҳаваси кучайгани seziladi.Agar қалам эгаси бу йўлнинг заҳматларига чидай олса,албатта ижодда юксалиш бўлади.
Шу боис ўз устингизда ишлашни асло тўхтатманг, зеро,шеър азоби ишқ азобидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Сиздан бундан кейин нодир топилмалар, ажиб ташбеҳлар ила битилган ҳолатлар китобини ўқиймиз, деб умид қиламиз. Зеро, бунга иложи етадиган ишқпараст шоирасиз, қадрдоним! Шу ўринда шоир Шавкат Раҳмоннинг ушбу сатрларини келтирмоқчиман:
“Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади.” Сизнинг ижодингизда ана шу некбин туйғулар,олам ва одам дардини чуқур ҳис қилиш ҳисси устивор.Истайманки,
маҳорат ва бадиий билимларингизни тинмай ошириб бориб, ўз йўли ва ўз услубига эга ижодкор мақомига албатта эришасиз.Бу йўлда Сизга улкан омадлар тилайман!
Гуландом Тоғаева,
филология фанлари номзоди

……
Aлангаман, оташман,
Бир замонлар суйдирган,
Ёронгулдай нозланиб ҳусним билан куйдирган.
Сизни дея тошларда унган ўша майсаман,
Сиз ўшасиз, илкимни ёлғон билан тўйдирган.
Кўкка боқиб излайман булутлардан аксингиз,
Шўр кўз ёшим қуйилса тошарди дарё, денгиз.
Соғинчлардан ситилган жонга қилдим жабр деб,
Наҳотки, надомат-ла эзилмасми бағрингиз.
Кузнинг ғамгин пойига ишқ ёйибди пояндоз,
Хазонларда суратим кўрдим ҳорғин, бепардоз.
Тўзим тилай жонимга, ғамим еяр кимим бор,
Сабр қилсам умримга келар баҳор, келар ёз.
Қаро тунлар малакдай тушингизга кирдим мен,
Дилда туғён,
Сездирмай сокингина юрдим мен.
Саҳрода ёмғир кутиб қовжираган чечакман,
Сизни дея умримни армонларга қордим мен.
Дасталадим гулларни ишқ боғидан ўзимга,
Сизни кўрсам, бу дунё жойланарди кўзимга.
Меҳрингизга зор бўлиб қайрилди-ку кўкайим,
Боқмадим, неча изҳор увол бўлди изимда.
Сарғаймаган ҳисларим, ғунчалайди уриб ниш,
Кўнглим яйратар ҳали муҳаббат қилиб хониш,
Енгилмайман армонга, кучлидирман, Ҳарқалай,
Тошни ёрган майсаман, нима бўпти кузу қиш!
Aлангаман, оташман…
ИШҚИНГ ДЕЯ
Сенинг ишқинг дея оққанда қоним,
Туним ойдин эди,
Тонгларим тиниқ.
Висол нашъасидан тотганда,
Жоним,
Сўзларинг бол эди, нигоҳинг илиқ.
Бўйнимдан ситилиб кетди мунчоғим,
Кулбамга сиғмайман,
Юрак бўм-бўшдай.
Бағрим ерга бериб ётипман,
Жоним,
Қанотлари синган майиб оққушдай.
Дилимни оғритдинг,
Эдим бегуноҳ,
Ранжим илғамадинг хумор кўзимдан.
Қизғандинг меҳрингни,
Мен эса гумроҳ,
Сени деб кечибман ҳатто ўзимдан.
Гулхан бўлиб ёндим, кул бўлдим куйиб,
Озорли йўлларда йиқилдим тойиб,
Тунда йиғлардиму мен тўйиб-тўйиб,
Тонгда уйғонардим яна жилмайиб.
Ишқим увол бўлди, кўзларим басир,
Сабрим сиғдиролмай дарз кетди коса.
Ойдан нур сўрадим,
Майсадан меҳр,
Сендан тиламадим аммо, ҳеч нарса.
Музнинг ўтмиши сув, кейини ҳам сув,
Ҳиссиз оқаверар,
Йўқдир ҳарорат.
Энди тушларимга кирар бир сулув,
Сочлари паришон телба Муҳаббат.
16.07.2020.

…….
Маҳзун дилгинамнинг дийдаси қотди,
Сени кўргим келмас тушларимда ҳам.
Aдоғсиз ёлғонинг юракка ботди,
Сендан топганимку ғуссаю ситам.
Шу совуқ симларда қоцин овозинг,
Эшитгим келмайди, етар афсона.
Эртакдаги гумроҳ малика ўзим,
Ўзим кўзи ўйиқ мужрим – девона.
Умримни ҳисоблар озортаъб соат,
Гўёки, ҳар зарби юракка тушар.
Зарбига дош бергум,,
Бас!
Қилмам тоқат,
Эртак тинглаб, умрим ўтса бесамар.
Изларингни қумсаб боғ томон юрдим,
Шудринг юзларимни сийпалаб қўйди.
Япроқлар юзида мен сени кўрдим,
Хиргойи қилардинг ажойиб куйни.
Шафтоли шохига рўмолим осдим,
Япроқларга шайдо чақнади кўзим.
Сархуш гулларни мен бағримга босдим,

  • Мен бахтлиман, дедим ўзимга ўзим.
    Мен бахтлиманми?
    Норози бир ингроқ турди юракда…

ШЕЪРИЯТ
Бу шундай мамлакат!
Дарду ҳисларим,
Қатралаб томчилар дилдан қоғозга.
Ҳар сатрига нурин берар кўзларим,
Қаламим ўхшайди эпчил дорбозга.
Бу шундай мамлакат!
Буғзимда йиғи,
Гоҳида лабимда синиқ табассум.
Гоҳ, беаёв яралар дилни сўз тиғи,
Сўнг…
Шеър туғилади оғриқли, маъсум.
Бу шундай мамлакат!
Қўйсанг жилмайиб,
Куй бўлиб янграгай аксу садоси.
Дард чексанг ёшларинг кўзни куйдириб,
Бўғзингни чақиндай тилар сафоси.
Бу шундай мамлакат!
Қиш, баҳорини,
Бирдек севдим, оқин сувида оқдим.
Охири, кўнглимнинг дард оҳорини,
Юрагим силкитиб қоғозга қоқдим.
Бу шундай мамлакат!
Гоҳида хушҳол,
Гоҳида девона изғийсан сарсон.
Баъзида яшайсан унинг илкида,
Баъзан ҳар нафасда берадирсан жон.
Бу шундай мамлакат!
Тўлғониб ҳислар,
Телба қилиб қўяр далли кўнглингни.
Гоҳо камалакранг сирли туйғулар
Нур билан безайди ўнгу сўлингни.
Бу шундай мамлакат!
Бедор ҳар туни,
Юлдузи ҳисларинг, ойи муҳаббат,
Шундайин ўлка-ки, бериб шу жонни,
Руҳимни пойига тўшайин абад!
Шеърият…
Малоҳат МИРЗAЕВA