МAЛОҲAТ МИРЗAЕВAДAН ЧИРОЙЛИ ШЕЪР

МЕҲМОНМИЗ
Aйланади бу замин, офтоб чиқар, кун ботар,
Тақдир бир бошинг силаб, баъзан итдайин қопар,
Ким бахтини бой бериб, кимлардир бахтин топар,
Бировга арзандаю бирисига ёмонмиз,
Ғаниматдир бу дунё,
Биз дунёга меҳмонмиз.
Ой сузилар самода, бўйи етган қиздайин,
Кўнглим синиқ, ёронлар, синиққан юлдуздайин,
Йўқотган кўзмунчоғим қай манзилдан излайин,
Кимларгадир интиқмиз, кимга эса армонмиз,
Ғаниматдир бу дунё,
Биз дунёга меҳмонмиз.
Бу дунёнинг синови, имтиҳони мўл экан,
Бир ёни Боғи Эрам, бир ён саҳро, чўл экан,
Гул деганинг тикану, ўнг деганинг сўл экан,
Дўстга нордон сўзлимиз, ёвга ширин забонмиз,
Ғаниматдир бу дунё,
Биз дунёга меҳмонмиз.
Зумрад бўлиб ичикдим, уйим кўриб келайин,
Самарқандга сочилган Сўзим териб келайин,
Хаёллари улоққан шоирангиз бўлойин,
Битта қайиққа тушган яхлит тақдири жонмиз,
Ғаниматдир бу дунё,
Биз дунёга меҳмонмиз.
Aйтинг,
Ким бу дунёдан кетдим, деб сўраб кетар,
Кеча кўрган инсонинг бугун тобутда ётар,
Э воҳ,
Aйрилиқлардан юрагинг нураб кетар,
Бугун бормиз, эртага бор-йўқлиги гумонмиз,
Ғаниматдир бу дунё,
Биз дунёга меҳмонмиз.
Тун бағрини тилкалаб, ёриштирган чақмоқдир,
Умримиз барқ уриб сўнг хазон бўлган япроқдир,
Ҳар банданинг тўшаги охири шўр тупроқдир,
Кетгунча бу дунёнинг боғидаги боғбонмиз,
Ғаниматдир бу дунё,
Биз дунёга меҳмонмиз.
14.07.2020 йил
Малоҳат МИРЗAЕВA