ҲАЛОЛ ЛУҚМА

Бугун, Жанубий Кореяда содир бўлган бир ибратли воқеъа ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман. Ҳикоя менга ўзгача таъсир қилган. Буни анча вақтдан бери қоғозга тушира олмай келган эдим. Мана бугун, шунинг фурсати келганга ўхшайди.Кореянинг Сеул шаҳрида, ўзининг лаззатли таомлари билан маҳаллий ва хорижий мижозларга хизмат кўрсатиб келаётган юртдошимиз бор. Исмлари Маҳмуд ака. Ушбу ибратли воқеа айнан шу киши билан содир бўлган.Кореянинг машҳур KBS канали Маҳмуд аканинг ошпазлик фаолияти ва шахсий ҳаёти ҳақида махсус дастур эфирга узатади. Эфирда, Маҳмуд ака ўз оиласи билан супермаркетга бозорлик қилгани борган саҳнаси бор. Бозорликка бораркан, фарзандлари учун турли ширинликлар олмоқчи бўлади. Лекин, Маҳмуд ака ширинликлар таркибини бирма-бир текшираркан, уларда мусулмонлар учун ейиш жоиз бўлмаган, шубҳали моддаларни кўради. Супермаркетни роса айланиб ҳалол ширинлик топиша олмай, на илож, ширинликларсиз бозорлик қилиб қайтишади. Бу дастур дунё бўйлаб, бошқа давлатларда ҳам, хусусан Арабистонда ҳам эфирга узатилади. Бизнинг ибратли воқеъа ҳам айнан манашу ердан бошланади. Бир куни, Маҳмуд аканинг эшиги тақиллайди. Эшикни очса, эшик олдида, ўрта ёшдаги бир эркак ва аёл, қўллари пакетлар билан тўлган, ичида турли-туман ширинликлар, совға-саломлар. Маҳмуд ака меҳмонларни дарров ичкарига таклиф этади. Меҳмонлар кириб, хотиржам ўтириб олишганидан кейин нима мақсадда келганларини айтишади. Оталари телевизор кўриб ўтирганида, Маҳмуд аканинг супермаркетга оиласи билан ширинлик олгани боргани, афсуски, таркиби ҳалол ширинлик топа олмай уйга қайтгани узатилган эфирни кўриб қолади. Кўзлари ёшга тўлиб, узоқ юртларда менинг бир диндошим, ҳалол луқма излаб, ўз фарзандларига ҳам ҳалол едираман деб хатто ширинликлар ҳам олиб беролмади деб, бирдан фарзандларини чақириб, Маҳмуд акани топишни ҳамда ҳалол ширинликлар билан тўла пакетларни унинг оиласига етказиб беришни айтади. Фарзандлари дарҳол учоққа миниб, Саудия Арабистонидан Кореяга етиб келишади ва Маҳмуд аканинг манзилини топиб, отасининг топшириғини бажаришади. Ушбу ибратли воқеъани Аллоҳнинг қуйидаги ояти билан якунламоқчиман: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур…» (Талоқ сураси, 2-3 оятлар).

Абдурахим Аламов