БИР ЖУФТ КАЛИШ

Рамазон яхшида. Ёшу-қарининг қалбига илохий нурлар ёғилиб иймон сайқалланади. Қутлуғ кунларнинг бири эди. Шахримиздаги масжид олдидаги дорихонага бориб, ўша ерда турган ўн уч ёшлар чамасидаги йигитчага кўзим тушди. Қоқ пешин. Тик қуёш нурларидан бир кўзини қисиб, ориққина жуссасига футболчиларнинг кийими ёпишиб қолган бола сояга ўтмайди. Менку зарурат туфайли кўчага чиқдим. Учи? Масжид томонга бесаранжом қараб қўяпти. Қўлида нимадир солинган халтаси хам бор. Дорихонадан чиқиб ишим битган бўлсада, кузатишда давом этдим. Буни пайқаб қолган йигитча чопиб олдимга келди. —Холажон,— деди, уялибгина ерга тикилиб, — Сиздан бир нарсани илтимос қилсам бўладими? Танимаса хам кўзларимга қараб жавдираб турган болага “майли” дейишим билан қўлидаги халтага ишора килди: -Илтимос, мана шу халтадаги калишларни масжидга бериб чиқайлик. —Нега? Кимники улар? Болакай ерга қаради —Ҳеч кимники. Яп-янги. Ўзим сотиб олдим. Номозхонларга керак бўлиб қолар… Бобом оғир касал. Саломатликларида хар куни шу масжидда номоз ўқирдилар. —Энди чиқа олмайдими? Бола оғир хўрсиниб, бош чайқади. —Худо билади. Тунов куни менга болаликларида рўй берган бир воқеани айтиб бердилар. Эшитасизми?—Эшитаман.—Айтишича , болалиги жуда оғир даврларга тўғри келиб, кўп қатори ўта ночор кун кечиришган.. Урушдан кейинги йиллар бўлгани сабабли қорниларини амаллаб туйдиришаркану, увада кийимларни кийишдан асло ор қилишмас экан. Фақат қиш ойларида совуқ заҳри жонларидан ўтиб кетармиш. Бир йили Рамазон қиш ойларининг бошига тўғри келибди. Болалар”одамлар туршак, қоқилар билан дўппимизни тўлдириб беришадику ” деб,мактабдан чиқибоқ оч коринга Рамазон қўшиғини бошлаб, маҳаллаларни айланишар экан. Баъзилар ниманидир илинар, баъзилар эса уйда ҳеч нарса йўқлигини билдирмаслик учун эшикни очмасликни афзал билишар экан. Болалар ўз маҳалласидан ташқари бошқа кўчалар, қишлоқларга боришдан ҳам эринмас эканлар. Ўшандай кунларнинг бирида бобом хов анави сойга тушиб кетибди. Ўзинику амаллаб ўртоқлари сувдан чиқариб олишган, аммо бир пой брезент батинкаси оқиб кетибди. У роса йиғлабди. Ахир оёғида бўлмаса, кўчага чиқа олмас, мактабга бора олмас эканда. Икки кун ташқариган чиқмабди. Бироқ тезда зерикибди. У вақтлар китоблар уйга берилмас, дарсликлар саноқли бўлгани боис мактабнинг ўзидагина фойдаланиш мумкин экан. Учинчи куни бир пой батинка билан бўлсада мактабга бормоқчи бўлибди. Иккинчи оёғини тўшакдан ортган қора пахта ва эски астарлик билан яхшилаб ўраб, онасининг кўзини шамғалат қилиб қочиб кетибди. Одамлар дуч келиб қолса дарров ўтириб, увадали оёғини яширармишда, ботикасининг боғичини ечиб қайта боғлармиш. Шу тариқа масжидгача ўтириб, туриб аранг етиб келибди. “Мактабгача хали узоқ, ичкарига кириб бир оз исиниб оламан” деб эшикни очибди. Қараса, пойгакда номозхонларнинг калишлари турганмиш. Бечора бобом азбарои қийналиб кетганидан ёмон ишга қўл урибди. У ёғ ,бу ёққа аланглабдию, бир жуфт эскигина, орқаси йиртиқ калишни олиб, қочиб қолибди. Мактабга етиб, калишни дархол оёғига илиб, синфхонага кирибди. У замонларда болалар қирқ бешинчи размер этикда келсаям биров эътибор бермас экан. Ҳамма опа-ака, хола-тоға,ота-онанинг эски-тускисида келавераркан. Шу сабаб бобомнинг оёғида калоплаб турган қуйма калишга биров қараб ҳам қўймабди. Ота-онасига “Калишни шаҳарга кетиб колган Содиқ малим берди”деб атиги бир хафтагина кийиб юрибди. Аммо халоллик билан кун кечираётган оила фарзанди эмасми, оёғидаги таги юпқалашиб, тешилиб кетган эски калиш бир ботмон тошдай оғирилик қилармиш. Ахийри виждони ғолиб чиқибди. У ҳар куни мактабдан қайтишда масжид эшиги олдида калишини ўғирлатган одамнинг дараги чиқиб қолармикин деб пойлайдиган бўпти. “ Кимнинг калиши йўқолган? “ деб такрор-такрор уялмай сўрармишу, номозхонлардан садо чиқмасмиш. Қор гупиллатиб ёғар, бироқ оёқ кийимсиз қолган одамни ўйлаб совуқ таъсир қилмай кун қорайгунга қадар қолиб кетар экан. Бир куни қаттиқ изғирин турибди. Масжидни супуриб сидириб, атрофдаги қорларни кураб турадиган Қодир тоға кичкина даричадан бошини чиқариб уни чақириб, олма чой билан сийлабди. Калиш ўғриси эса пушаймонлик билан бўлган воқеаларни айтиб берибди. Қодир ота “Ха, яхши иш қилмабсан, аммо ҳеч ким калишини ўғирлатдим демади болам. Қолаверса, бирорта номозхоннинг нарсаси йўқолса энг аввал мени хабардор қилишади. Сен уйингга боравер… Ха айтганча, фақат яхши ўқигин болам. Бирорта ҳам сабоқни қолдирма! Катта одам бўлиб, халққа нафинг тегсин! Калишни эса кийиб туравер, эгаси топилса ўзим хабар бераман” деб, қулоғигача қизариб ўтирган айбдорни жўнатиб юборибди. Шундан сўнг бобом масжидга бормай, калиш эгаси топилса Қодир ота хабарини берар дея ўқишини давом эттирибди. Қиш чилласи ўтиб, хамал амаллаб қолганида эрталаб кўчага чиқиб кетган дадаси пешинда масжид коровули Қодир ота қазо килганлиги хақидаги хабар билан келибди.- Тавба,- деб, хўрсинармиш отаси – Кодир ота туппа-тузук одам, охирги пайтлар айниб колган эди. Касал бўлишига ўзи сабабчи. Айтишларича, қора совуқда ҳам, қалин қорда ҳам азонда яланг оёгига увада латта-путталарни ўраб масжид атрофларида қор курар экан.. Узоқдан кузатган одамлар қуёндек сакраб йўлакларни қочаётган қоровулни кўп кузатишган экан. Бировку ўзидан орттириб беролмайди. Ялагоёглик сабабини сўрашса “Ана калишим, батинкам, этигим ҳам бор. Қизиб кетаётганимдан ечиб ташладим”деб ғалати иржайиб ишини қилавераркан. Ўзим ҳам унга бир неча танбеҳ бергандим. Қулоқ солмадиларда! Бечоранинг оёқларини совуқ олиб, қорасон танасига ёйилиб ўлибди. Оёги кўмирдек қорайиб кетибди раҳматлининг… Отасининг гапларидан бобом хушидан айрилай дебди. Нахотки? Нахотки ўгирланган мана шу калишлар эгаси уни олма чой билан сийлаб уйига қайтариб юборган ўша Кодир ота бўлса?! Нега у бирон марта уни уришмади. “Ўғри!” деб ёқасидан олиб сазойи қилмади? Бечора шунинг учун кундузи хужрасидан чиқмай ўтирар эканда. Бобом қаттиқ пушаймон бўлибди. Аммо энди жуда кеч эди.Бобом бирорта ҳам сабоқни қолдирмай, мактабни аъло баҳоларга битирбди. Олий ўқув юртида ҳам ўқибди. Қодир бобога берган ваъдасини бажариб катта одам бўлиб эл- юртга нафи тегибди. Қаерда бўлмасин ҳар йили Рамазонда қоровул чолнинг мозорини зиёрат қилиб, масжид остонасига ҳеч кимга билдирмай 15-20 жуфт калиш қўйиб кетар эканлар. Аммо гунохи хақида бировга айта олмабди.Хозир ахволлари жудаям оғир. Уч-тўрт кун илгари бир оз ўзларига келиб, шу воқеаларни менга айтиб бердилар. Қачонлардир қилган ўша ишига ҳамон виждони азобда. Бу йилги Рамазонда ҳам масжидга қанчалик боришни хохлаётганликларини кўзларига қараб билдим ва нима қилишим кераклигини тушундим. Қўшни акаларга қўшилиб мошина ювдим. Уч кунлик иш хаққимгага эса манави калишларни сотиб олдим… Зора бобом тузалиб, яна оёққа туриб кетсалар…. -Холажон илтимос, йўқ деманг. Бирга кириб, бобом хақида кимгадир гапириб, шу калишларни бериб чиқайлик. Унга йўқ дея олмадим.Масжид саришталигига жавобгар одамни топиб, йигитчанинг ҳикоясидан яна бир карра мутаъсир бўлдим. Қодир ота хаққига дуо қилдик. Биттагина қилмиши учун бир умр азобланган инсонга эса шафоатлар сўраб Аллохга муножот айладик.

Муаззам Иброҳимова.

2013 йил.

Бахтиёр Турсун саҳифасидан олинди.