ЗИЛОЛА ХЎЖАНИЁЗОВАДАН БЎЁҒИ ҚУРИМАГАН ШЕЪР ЎҚИНГ:

***

Боқаман, найрангбоз дунёи ҳашам,

Теграмда, кўз сузиб муқом, ноз этар.

Солланар, такаббур риёга жазман,

Раққосдай саҳнада рақсин соз этар.

Ол борим, қўй мени ишқ бирла..

Сен учун кўнгил не.., нафс буюк матлаб,

Такаллуф эт, турлан, зорланиб тила.

Мен-чи бағрихунман, гумроҳ ишқталаб,

Илло, ҳеч фанодин кечгум бир йўла!…

Ол борим, қўй мени ишқ бирла…

Ҳар назар, ҳар ўйда бир фисқ ўрлайди,

Бас, мен ёр, ошиқман, дарвеш ҳалафман.

Кимга не насибу, ким не тилайди…

Мен кўнгил тарафман, мен дил тарафман.

Ол борим, қўй мени ишқ бирла…

Не ажаб, шу кўҳна дард билан борман,

Ситилсаму бунёд бўлсам минг карра…

Ибтидодан буён ҳамон машғулман,

Аслим топмоқ учун заррама зарра..

.Ол борим, қўй мени Ишқ бирла…

12.01.2021.

Зилола Хўжаниёзова