БИР ЧИМДИМ ТАБАССУМ

   * * *

Меъмор Синон машҳур Салимия минораларини қураркан, бир тўда болалар чуғурлашиб,
ниманидир кўрсатаётганларини кўриб қолибди. Уларга яқинлашиб: «Нима гап» деб сўрабди.
— Амаки, — дейишибди улар, — шу минорангиз бироз қийшайибди.
— Ҳа, ундай бўлса, ҳозир минорани арқон билан торттириб тўғрилаймиз. Сизлар, қараб
туринглар, — деб арқон келтиришни буюрибди.
Меъмор Синон, то болалар тўғри бўлди дейишмагунча, минорани бир арқон билан
торттираверибди. Болалар, тўғри бўлди, дейишгач тўхтатибди. Шу орада бир киши келиб:
— Уста, бу арқон шундай катта минорага ҳеч бир таъсир қилмаслигини яхши биласиз. Нега
энди болаларнинг гапига кириб бундай қилдингиз, — деганида, меъмор жавоб берибди:
— Шундай қилмасам, бу чурвақалар шаҳар бўйлаб минора қийшиқ, деган гап тарқатишади.
Миноранинг эгри эмаслигига ҳеч кимни ишонтиролмаймиз. Энди эса, минора эгри эди, арқон
билан торттириб тўғрилатдик, деган гап тарқатишади. Бу гапга эса ақли бор одам ишонмайди!


Тиббиёт имтиҳонида талабани саволга тутавериб қийнаган ўқитувчи охири:
— Бир хастани терлатмоқ учун нима қиласан? – деб сўраганида, талаба жавоб қилибди:
— Олиб келиб, сизга имтиҳон топширтираман!


— Кўп гапирадиган, гапни чўзадиганлар билан қандай муомала килиш керак? — деб
сўрадилар Фаробийдан.
— Кўп гапирганни кам тинглаш керак! — деди у.

  • *Бемор:
    — Э-э, дунёни роҳатини кўрдик-да дўхтир, ҳалигинггаям бордик, ҳар туридан чекдик, ҳар
    туридан ичдик.
    Дўхтир беморнинг анализлари натижаларига тикилар экан:
    — Вой бўй, нимага ўзингизни бунча уринтирдингиз?
    Бемор:
    — Ёшликда, энди дўхтир, ёшлик. Ёшлик яхши нарса, қаригандан кейин чатоғимиз чиқади-
    ю…
    Дўхтир беморнинг гапини бўлиб:
    — Унда «хушхабар»ни эшитинг. Сиз қаримайсиз!..

*Шогирд:
— Устоз, қурбақа сувда кўп сузаверганидан оёқларида сузгичлар пайдо бўлган, деган
назарияга қандай қарайсиз?
Устоз:
— Ўша назарияга кўра, бургут тошбақанинг устини чўқийвериб тошга айлантириб юборган
бўлса керак.


Бир суҳбатда Ориф Ниҳатга дедилар:
— Эгиладиган, букиладиган, қатланадиган, турли туман катта-ю, кичик тешикчаларга ҳам
кириб кетаверадиган бир шиша кашф қилдик. Ориф Ниҳат дебди:
— Қисқаси шишани ҳам ўзимизга ўхшатдик десангиз-чи!