БАХТИЁР ТУРСУНДАН ЯНГИ ҲИКОЯ ЎҚИНГ:

КЎНГИЛДАН ЎТГАН ГАПЛАР

    

      Катта қизим ёшига етар етмас,  хона ўртасига қўйилган хонтахтага суяниб юриб илк қадамларини ташлашни ўргана бошлаган дамлар эди.

Бир куни тушлик вақти ишдан келиб овқатланиб ўтирган вақтимда қизим хонтахтага суянмасдан уй тўрига қараб ўзи мустақил қадам ташлаб юра бошлади.

Онаси қандайдир юмуш билан ташқарига чиқиб кетган эди.

Фарзандингни илк қадамларини кўриш қандай қувонч бағишлайди а.

Хурсанд бўлиб кузатиб турибман, “қаранглар қаранглар қизим ўзи юраяпти, тўрт қадам ташлади, беш қадам ташлади” дейман уйда ҳеч ким йўқ, онам ҳам, сингилларим ҳам ўз ишлари билан бўлиб ташқарида юришибди.

Хона тўрида, устига кўрпа-кўрпачалар йиғиб қўйилган сандиққа яқин борган вақти, оёғи қоқилиб йиқилган қизчамнинг ёнига қандай етиб бордим, пешонаси билан сандиқ қиррасига урилиши мумкин бўлган пайтда қандай улгуриб ушлаб қолдим, ўзим ҳам ҳайрон бўлдим.

Барибир сандиққа боши тегди, қошининг тепасидан озгина жойи шилиниб сизиб чиқаётган қонни кўриб ичимдан нимадир узилгандек бўлди.

Агар, улгурмаганимда-чи? Ушлаб қола олмаганимда нима бўларди.

Умримда биринчи марта юрагимда оғриқ ҳис қилдим.

Ичимда чексиз ҳавотир уйғонди.

Иш билан бўлиб ҳамма ташқарига чиқиб кетган вақтида, ўт ёқиб қўйилган, қизиб турган печкани ушлаб олсачи?

Қизчамни бағримга босиб ўтирибман, ҳаёлларимни қуршаб олган ҳавотирлар чек чегараси йўқ эди.

Бир оздан сўнг хонага кириб келган онамга бўлиб ўтган воқаени айтиб бергандим.

— Ай, болам-а. Яхшиям олдида экансан, ушлаб қолибсан. Аллоҳ асрабди.

Эҳтиёт бўлинглар, доимо кўз қулоқ бўлиб туриш керак,– деди.– Фарзандинг бир марта йиқилганини кўриб шунча рангинг оқариб қўрқувга, ҳавотирга тушибсан.

Биз отанг билан сизларни катта қилгунча неччи йиқилганларингни кўрдик, айниқса сен жудаям шўх эдинг.

Онажонимнинг сўзларини эшитиб туриб олис хотираларга берилдим.

Болалигимни эсласам, доимо бир ишкал қилиб юрардим.

Ўн, ўн бир ёшларда эдим.

Куз фаслининг охирги кунлари, ҳаво анча салқин бўлиб қолганлиги учун, кечқурун сигир бузоқларни молхонага киригизиб боғлаб, охурига хашак ташлаб, молхонадан чиқиб кетаётсам, шифтда  болор тубидан чиқиб турган чўпга қўниб турган беш олтита чумчуққа кўзим тушди.

Ташқаридан тош олиб келиб шу чумчуқларни уриб туширмоқчи бўлдим, қўлимга тошни олиб яқинроқ бориб қушларни мўлжаллаб отган тошим,  қалин ёғоч болорга тегди-да қайтиб келиб қошимнинг устига тегиб ёрди.

Энди ўйласам,  беозор қушларга озор бермоқчи бўлганим Аллоҳга  хуш келмаган экан-да,  ўзим отган тош ўзимнинг  пешонамни  ёрди.

Пешонамдан қон оқа бошлади.

Бу ҳолатда уйга қандай бораман,  отам билса яхшигина гап эшитаман деб  ўйладим-да,  қонни тўхтатиш учун устимдаги курткани ечиб пешонамни  суртаверибман,  бир икки суртиб тозаласам тўхтаб қоладигандек.

Роса жойига теккан экан шекилли,  ҳеч қон тўхтамайди-да.

Уй тарафдан онамнинг  овози келди.

— Ишларингни  битирган бўлсанг кел тезроқ,  овқат сузмоқчиман!

— Ҳозир,  сал туриб  бораман,– дедим-у.  Кўйлагимни  ечиб қошим устига босиб ўша жойда  ўтиравердим.

Оғриқдан кўра бу ҳолатда отам билан онамга кўринишдан қўрқдим негадир.

Мен боравермагач, “бориб қарачи укангга, бир нарсани бошламабдими” дея   акамни юборибди отам.

Хуллас уйга бормасам бўлмади.

Ҳовлига ёқиб қўйилган хира чироқ ёруғида  афтимни кўриб онам шўрлик,  супага ўтириб қолди.

Овози зўрға чиқди.

— Сенга нима бўлди, болаам…

      Афтимни  тасаввур қилинг,  пешонамдан чиққан қон билан башарамни бўяб чиққанман.

Курткам қизил бўёққа  ботириб олингандек,  кўйлак ҳам бир аҳволда.

Аҳволимни кўриб отам ҳам қўрқиб кетди.

— Нима бўлди?– сўради овози титраб.

— Бузоқча  ипини узиб қочиб кетди,  ортидан  югураман деб қоронғуда тошга қоқилиб йиқилдим,– Баҳонанинг топила қолганини қаранг.

        Болалигимизда бунақа шўхликлардан қанчаси ўтган бошимиздан,  ота-онамизни ҳар сафар шунақа ҳавотирга қўйганимизда ичидан бир нима узилиб,  қанчалик  қийналганларини мана энди англаб етаяпман.

         Ўн олти, ўн етти ёш атрофида бўлган вақтларимда от минишга қизиқиб, қишлоғимиз полвонларига ҳавас қилиб кўпкари чопадиган бўлдим.

        Бобом акамга миниб юрсин дея совға қилган тойчоқ уч ёшдан ўтиб  энди-энди кўпкари чопадиган отлар қаторига қўшилиб бораётган дамлар эди.

Қайсидир қишлоқда  кўпкари бўлишини эшитсак,  акам икковимиз  бир кун олдиндан тайёргарлик  кўриб эрта келишини интиқ кутар эдик.

Катта-катта кўпкариларда, бизларга ўхшаган ҳаваскорлар учун асосий ўйин бошланишидан олдин, отларни баданини қизидириб олиш учун худди машғулот каби, кичикроқ улоқ даврга ташланади. Биз ёшлар, ёши катталар ҳам бўлади улоқни олиб у ёқдан бу ёққа, от чоптиришга ишқивоз бўлардик.

Ўша куни кечаси ёмғир ёғиб ўтган, улоқ чопиладиган майдон лой эди.

Ўзимдан ёши каттароқ бир полвон улоқни олиб, отига қамчи босиб, отлар тўдасидан анча узоқлашиб кетди.

Катта чавондозлар каби кийиниб олганман,отимга қамчи уриб  улоқ олиб кетаётган от орқасидан қувдим.

 Яқинлашиб борган вақтимда, олдинда кетаётган чавандоз улоқни ерга улоқтириб юбориб кетди.

Ана шу жойда тажрибасизлигим, ёшлигим панд берди.

Ерда ётган улоқ устига етиб борган вақтимда, отимни тўхтатиш учун жиловини қаттиқ чап томонга тортдим.

Лой майдонда, катта тезликда келаётган от кескин бурилди.

Лойда тўрт оёғи баравар тойиб, чап томони билан ерга йиқилди.

Табиийки менинг чап оёғим от остида қолди.

Энг ёмони, майдонга йиқилиб лойда  тўрт беш қадам  сирғаниб борган от, жойидан сакраб турди-ю, узангига қисилиб қолган этигим чиқмай қолди.

Бизлар ҳали ҳаваскорлар эдик, кўпкари учун махсус кийиладиган этик сотиб олмагандик.

Отам доимо,” кўпкарига кирзавой этик кийманглар, мабодо отдан йиқилиб тушгудек бўлсанг, бу этик узангидан сирғалиб чиқмайди қисилиб қолади.

Махсус этик олиб бергунимча қалин пойтава ўраб резина этик кийиб туринглар ” дея қайта-қайта  тайинласа ҳам,  яшириб шу кирзавой  этикни кийиб  чиқардим.  Сабаби отлар галасига кирган вақтларида,  кимнингдир узангисими,  ёки қамчисими тегиб кетса резина этик юпқалиги учун оёқни кирза этикдек ҳимоя қилмасди.

      Жойидан сакраб турган от,  орқамиздан улоқ учун қувиб келаётган отлардан хуркдими,  югуриб кетди.

Елкам лой ерга ишқаланиб  қанча жойга судралиб кетдим аниқ эсимда йўқ,  қулоғимга киргани.

” Орқасидан қувманглар!!!  Олдидан кесиб чиқиб тўхтатинглар,   ариққа етиб бормасдан ушланглар!  Агар дарахтзорга кириб кетса бола майиб бўлади! ” Каби бақириқлар овозлар қулоғимга кираяпти,  бу сўзларни бир киши айтаяптими,  ёки ҳар ҳил овозми фарқига ҳам бормасдим.

Бу воқеалар  сониялар ичида юз берди,  аммо жуда кўп вақтдек туюлади,  мия яшин тезлигида ишлар экан.

Ҳаёлимдан ўтганларини эсласам худди соатлаб отда судралиб юргандим деб ўйлайман.

Ҳамма қувиб келаётганлар ўзим тенги ёш тажрибасиз полвончалар,  отни баттар хуркитиб орқа томондан келишаяпти,  бу ҳолатда қувиб етиша олмайди,  шу ўйлар ўтди ҳаёлимдан.

Қандай уддаладим билмадим,  судралиб кета туриб қисилиб қолган чап оёғимни силкилайвердим.

Етик ечилиб кетиб,  ариқ тубига етган жойда отдан узилиб қолиб кетдим.

Бир-бирига яқин бўлган,  битта от зўрға сиғадиган икки тут дарахти орасидан бориб  катта ариқдан сакраб ўтиб кетган отимни анча жойгача қувиб бориб ушлаб келишди ўзимизнинг қишлоқдан бўлган тенгдошларим.

Аллоҳ асради,  бир фалокатдан омон  қолдим.

Шу куни акам мени отнинг ёнига яқинлаштирмади.

Кечқурун уйга қайтсак,  бўлиб ўтган  воқеа тафсилотлари ваҳимали тарзда биздан олдин отам билан онамга етиб келган экан.

Онамнинг рангида ранг йўқ,  мени кўриб йиғлаб юборди.

Ўша вақтларда қанчалик азоб чеккан экан,  энди англаяпман.

Ёшлик бебошлик деб ўзимизни ўтгаям,  чўққаям уравеар эканмиз,  ҳар нафасида  биздан ҳавотир олиб кўзлари йўл қараб, дуо қилиб ўтирган ота онамизни ўйламас эканмиз.

Бахтиёр Турсун