*****
Аҳд
Бу сирни бир сан бил, бирда ман билай.
(Зелимхон Яқуб, озар шоири)
Бизни учраштирди тақдир сўқмоғи,
Билмайман кулайми ё бағрим тилай.
Англадим – бу севги азоб тўқмоғи,
Бу сирни бир сан бил, бирда ман билай.
Узилдим, эзилдим бир қарашингда
Қайта боқмоқликка жон йўқ, на қилай?
Унутдим оримни ишқ оташинда,
Бу сирни бир сан бил, бирда ман билай.
Энди бу сўқмоқлар янада тордир,
Ўзимни ёлғонлар дўлига белай.
Ишқ бизга тож бўлсин, ишқ бизга ордир,
Бу сирни бир сан бил, бирда ман билай!
11.03.2019й.
Бегим
(Бегим, мени шундай севингки…
Нозимоҳ Дилкаш)
Бегим, мени шундай севингки,
Шамоллар ҳам йўламасинлар.
Рашкингизни келтириб қўйиб,
Ишққа товон тўламасинлар.
Бегим, мени шундай севингки,
Дунё ишққа қорилган дейин.
Дарахтдаги ол куртаклар ҳам
Бахтимиздан ёрилган дейин.
Бегим, мени шундай севингки,
Иссиқ ёки совуқни сезмай.
Ҳатто нигоҳингиз ботмасин
Меҳрга зор юрагим эзмай.
Бегим, мени шундай севингки,
Тўрт фаслимни баҳордай кўрай.
Тугамасин лолалар сайли,
Ўралсам ҳам гулга ўралай.
Бегим, мени шундай севингки,
Сизсиз куннинг бўлмасин қадри.
Тескаридай кўринсин дунё,
Сизсизликка етмасин сабрим.
Бегим, мени шундай севингки,
Жазолардан қўрқмайин ҳеч вақт.
Борлигингиз жаннатим бўлсин,
Йўқлигингиз эса қиёмат!
15.04.2019 й. 23:55.
Алам
Қани эди унутолсайдим,
Хотиралар панд берса эди.
Ортга қайтса эди йилларим,
У йўлларда сен бўлмасайдинг.
Ҳуркак оҳу каби кезардим,
Ўзим орзу қилган боғларни,
Туёғимдан оловлар сачраб,
Забт этардим баланд тоғларни.
Ёки лочин каби сарбаланд,
Қанотларим ёзардим равон.
Қояларни маҳв этардиму
Ва олардим ҳузур бир жаҳон.
Қани, сени кўрмаганимда,
Минг хил рангни кўра олардим.
Хаёлларим бўлинмас эди,
Истаганча ўйга толардим.
Энди эса хаёлим тугул,
Ҳатто ўзим ўзимда эмас.
Сеҳрладингку мени буткул
Ўзимни қайтар ўзимга бас.
Тўйиб нафас олай ҳаводан,
Ифорларнинг таъмини туяй,
Қара чучмомалар бўй чўзган,
Бойчечакни кўзимга сурай.
Қалдирғочлар вижир-вижирлаб
Юрагимни аллаласинлар.
Кўзларига боқай маст бўлиб
Кабутарлар кафтга қўнсинлар.
Сени кўриб қолгандан буён
Табиатдан айрилдим буткул.
Боққа чиқсам гулдан йўқ нишон,
Тоғчи ёниб-ёниб бўлган кул.
Анҳор тўла шарқироқ сувмас
Ғала-ғовур кўримсиз жарлик.
Мажнунтоллар асло сулувмас
Бир букрида ўтин бўларлик…
Қани менинг ул ҳайратларим
Камалакни кўролмай қолдим.
Ёмғир шаррос ёғса ёқарди,
Энди эса завқим йўқолди!
Сенга етмаслигим аёндир,
Қайтар мени энди ўзимга.
Толдим борар йўлим қаёндир
Дўстлар ҳам кўринмас кўзимга.
Яхшиямки дардим битгучи
Қўлда ижод қаламим бордир.
Сени менга етказган ўша
Сабабларда аламим бордир!
16.04.19.
*** ***
Кутиш
Менга битта мужда юбор, кўрклигим,
Қувончдан унутай асрлик ғуссам.
Туннинг сочин силаб ўтяпти умрим,
Ахир бу дунёда кутганим – сенсан.
Мени бор қилувчи фақат ўзингсан!
Жамолинг қуёшдан кўра ёқимли,
Кулгучинг ҳузурли, жонимга елар.
Сўзларинг чашмадек қалбга оқимли,
Уни ичган сари яшагим келар.
Ҳаётим янгитдан бошлагим келар.
Ёмғиру қорларсиз яшаш мумкиндир,
Аммо умидларни ташлаб бўлмайди.
Мени қийнагани битта тугундир,
Жоним, сенсиз асло яшаб бўлмайди.
Сени кўрмай кунни бошлаб бўлмайди.
Оҳ урсам жилмайди ёнимдагилар,
Лаб буриб ғийбатим қилди, сезганим.
Улар билмайдида сени топгунча,
Шишали йўлларни яёв кезганим.
Сенгача ҳаётдан совиб, безганим.
Кўрсам нурларингга бардош беролмай,
Қор каби пойингга сингаман, ишон.
Фақат, яна кетсанг узилар жоним
Қайта тиклаш учун керак минг бир жон.
Бунинг бир давоси дийдордир ишон!
***
Сен борсанки…
Сен кетган кун қорда қолган гулдайдирман,
Қуёш қанча сочмасин нур музлар қалбим.
Заррача ҳам чўғ қолмаган кулдайдирман,
Севмоқ – ихтиёрсиз қолмоқ экан, билдим!
Сен келган кун кенгаяди дунё яна,
Қушлар ортиқ нағма қилар аввалгидан.
Гўёки йўқ разолатлар, покдир ҳамма,
Туғилганман худди-ки энди онадан!
Сен борсанки, ҳаётман мен ва бахтиёр,
Мушкул дам ҳам оғир эмас, вақтичоғлик.
Умригинанг узун қилсин парвардигор,
Чунки менинг тириклигим сенга боғлиқ!
Нурхон Элмирзаева,
28.04.19. 13:15.