МУҲИДДИН ПОЛВОН
ИСТАСАНГИЗ ШУ…
Яқинларга шеър ўқиб бериш одати ёшлигимда, талабалик давримда юққан чоғи, қаерда яхши шеър эшитсам, сўз қудратининг юлдузлар сонидек бисёр қирраларини тасаввуримга сиғдиролмасам ҳамқишлоқ ўртоғим Равшан Шодиев ва унинг Абдусаид Кўчимов ва Саид Алимов сингари тенгқур курсдошлари таҳсил олаётган Низомий (талабалар машҳур Тошкент Давлат педагогика институтини шундай атарди)нинг Тил ва адабиёт факультети ёки уларнинг ижара “квартира”сига йўл олардим. Гоҳида мен турган ётоққа улар енгил шаббодадек беун учиб кириб келар, мавзу, йўналиш ўз-ўзидан ҳазил-мутойиба, шеърхонлик, китобхонликкка уланиб кетарди.
Тортинчоқ, ҳокисор, камгап Абдусаидни мушоирага тортишнинг ўзи катта гап. Қисталанг қилавермасдан, унга тикилиб жим ўтираверардик. У хаёлларини жамлаб олгач, бениҳоя нафис овозда янги туйғуларга тўла шеърлар шодасидан намуналар ўқиб, бизни гўзаллик оламига ошуфта этарди.
Ўша шеърга, қўшиққа тўймайдиган, рақсга тушиб чарчамайдиган, ўқиб толмайдиган, ишлаб ҳормайдиган, еб қонмайдиган шукуҳли 60-70 йилларда Талабалар шаҳарчасидаги шеърият ва қўшиқ театрига айланиб улгурган “Райхон” ошхонасида Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон иштирокида шеърият кечалари ўтказар, Шеърият кечалари тўғрисида эшитиб қолсак, оёғимизни қўлга олиб, елиб-югуриб етиб борардик. Ярақлаб чиқиб сайроқи булбуллар мисол хониш қилаётган Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Орифхон Ҳотамов, Олмахон Ҳайитова, Ботир Зокиров, Дадахон Ҳасанов каби ҳофизларнинг концертига не-не машаққатлар билан чипта топиб, тушардик. Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов, ўзбек Робертиноси деб танилган Расулжон Ўраимжонов сингари ширали ва ёқимли овозлари билан радио ва телевизорда танилиб қолган тенгқур, тенгдош ҳофизларни даврага олиб тонг оваргунча дилбар қўшиқларини тинглаш доимий эҳтиёжимизга айланиб улгурган эди. Кўнгилга буюриб бўлар эканми? Айниқса, Муслим Магомаев, Булат Окуджава, Владимир Висоцкий каби рус, шунингдек, Жанни Моранди, Рикардо Фольи, Адреано Чилинитано, Тото Тутуньё, Робертино Лоретти… каби италиялик хонандаларни эшитиш бор эдию, кўриш йўқ эди. Улар узоқда эди, “кумир”ларимиз ижро этган қўшиқларнинг олдини тўсиб кўнглимга кирма, дейиш қўлимиздан келмасди. Уларнинг дилтортар гўзал мусиқалари, ёқимли овозлари ёзилган пластинкалар топиш анқонинг уруғини излаш билан баровар эди. Ётоқхоналаримизнинг очиқ деразаларидан бу хонандаларнинг овози янграса, қалблари эшиклари ланг очилиб, ичига тоза ҳаво, нур, чирой, ёқимли кайфият кирарди гўё.
Қаранг, худди бир йигитнинг умри дарёдек оқиб ўтгандек, ўша воқеаларга ҳам ярим асрдан ошибди.
Тенгдошим, улфатим, яхши шоир, яхши ёзувчи Абдусаид Кўчимов синфдошларию курсдошлари, пойтахтда орттирган дўстларини бир-бирига таништириб, шунчалик яқинлаштириб юборганки, ўзимиз ҳам баъзан ким ким билан мактабда ёки институтда ўқиганини адаштириб юборамиз. Бирга Бахмал, Бойсун, Зомин, Ургут, Шоҳимардон тоғ ёнбағирларида ўсаётган нозик оқ қайинзорларнинг сарв қомати, юпқа, нозик барглари, ҳатто осилиб турган шокилаларига ошуфта, маҳлиё бўлиб, куч ва илҳом олганмиз. Унинг баъзи шеърлари ҳов анави жилғанинг ортида яшнаб турган оқ қайинзорни эслатади. Ҳар бир шеърида оппоқ орзулар, эзгу ниятлар, бокира муҳаббат барқ уриб туради. Нега оқ қайин, қайинзор эсимга тушиб кетар экан, ҳайронман. Нурни, эркалашни, чучук сувни, намни яхши кўргани, 150 йил ва ундан ортиқ яшагани, турмушда фойдаси бисёр экани ёки Россияда ўқиганим, бу мамлакатда тез-тез бўлганим, театрларига кўп қатнаганимданми, келинчаклар, бокира қизлар, гўзаллик тимсолига айланган оппоқ куйлакли оқ қайинга ишқим тушиб қолган, шекилли.
Туғма шоир, самимий инсон, иқтидорли йўлбошчи Абдусаид Кўчимов ибратли умри давомида Миртемир, Шукрулло, Асқат Мухтор, Саид Аҳмад, Шуҳрат, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Озод Шарофиддинов, Худойберди Тўхтабоев, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Бегали Қосимов, Саъдулла Сиёев, Ўткир Ҳошимов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Пирмат Шермуҳамедов, Шодмон Отабек сингари кўплаб шоир, ёзувчи, адабиётшунос олимларнинг ҳурматларини “жойига” қўйиб, Убайдулла Иброҳимов, Ганжа Ёқубов, Наим Ғойибов каби мамлакат телерадио соҳасининг ўзидан олдин ишлаб кетган раҳбарларини “бошига кўтариб” ишлади. Устозларининг суҳбатини, улар билан ўтадиган учрашувларни орзиқиб кутади, тирноқдек имконият топилса, етиб бориб кўнгилларини олади.
Абдусаид Кўчимовдаги одамийлик, одамгарчилик, самимийлик, қўли очиқлик хислатларига, кексайиб ёки бўлмаса, бетоб бўлиб қолган шоиру адибларнинг ҳол-аҳволидан доимо хабар олиб туришига биз Азим Суюн, Қозоқбой Йўлдошев, Адҳамбек Алимбеков, Абдухолиқ Абдураззоқов, Суюндиқ Мустафо Нуротоий, Абдуғафур Маматов, Насимхон Раҳмонов, Илҳом Осмонов каби жўралари ҳавас қиламиз.
Алломаларнинг “оқ йўл” тилаб қилган дуоси ва рағбати Абдусаид дўстимга қанот бўлди. Ёзувчининг она табиатни тасвирлаши, тирик ҳаётни “байрамона кўриши”, тилидаги бўлиқлик, тоза ифодалар, бадиий ўхшатишлар, улуғвор Самарқанд, жонажон Ургутнинг ўзига хос урф-удумларидан моҳирона, ижодий фойдалангани, ноҳаклик, адолатсизлик, виждонсизлик каби иллатларни сатиранинг учи ўткир тиғи билан “ёриб ташлаши” уларга хуш келарди. Ноёб нарса қум ичида ҳам қимматини йўқотмайди. Яхши шеър ҳам унга дарров эътибор қаратмасалар-да, қадри тушмайди. Шоирнинг шеърлари ҳам шундай бўлди. У яхши шоир сифатида танилди, тилга тушди, кўнгил боғида етилиб пишган мевалари шеърият мухлисларини шод айлади.
1991 йилнинг 31 августи шоир учун чин маънода бурилиш нуқтаси бўлди. Абдусаид Кўчимов Мустақиллигимизни шод-хуррамлик билан кутиб олди, баъзи “ўйинчи зиёли”лар каби ўзини ҳар томонга ташламади, уларга чуқур афсусланиш назари билан қаради. У Мустақилликнинг асл тарафдорлари сафида собит турди. “Эй дилим, истиқлол нурида яйра!”, “Танти ўзбек”, “Истиқлол қўшиғи”, “Ўзбекистон байроғи”, “Меҳринг билан яшаймиз, Ватан”, “Ватан ягона”, “Улуғ юрт” каби шеърлари янгиланаётган турмушимизга чироқдек хизмат қилмоқда. Улар ижодкорнинг образли қарашлар диалектикасини ифодалайди. “Қайда бор?” номли ажиб бир шеъри ўқувчини дунё бўйлаб саёҳатга бошлайди. Шоир Америка қитъасининг мавжудлигини башорат қилган Беруний бобомизга ўша сеҳрли диёрда ҳайкал қўйилмаганидан таажжубланади. Юпанчни ўз юртидан топади. У Самарқанду, Бухоро, Хива, бошқа шаҳар ва қишлоқларимизда бўлиб аждодларимизнинг руҳи шод этилаётгани, тиниб-тинчимаган ўзбек боласи, бугунини бут қилиб, эртаси учун пойдевор қўяётганидан кўнгли ёришганини юксак бадиий маҳорат билан тасвирлайди. Ўқиган сари вужудингизни титратиб юборадиган бу шеър Ватанни чуқурроқ англашга, қалбингизни тирнаб ётган саволларга жавоб топишга кўмаклашгандек бўлаверади. Шоир тарихий мавзуларда кўп китоб титди, буюк бобокалонларимизнинг ижодини тинмай ўрганди, уларга эргашиб, бир қатор бақувват шеърлар яратди. “Абдулҳамид Чўлпон фарёди” шеърида саксон – тўқсон йил аввалги воқеаларни “тиклаган” бўлса-да, баъзи бир сотқин, ношуд, виждонсиз одамларга қарата шундай дейди.
Амалу арконлар керак уларга,
Урҳо-ур замонлар керак уларга,
Ноаҳил инсонлар керак уларга,
Қашқирлар қўлида ўйинчоқларим.
Ана шу ёзувчи ўзининг қиссалари, ҳикоялари, бадиалари, лирик шеърлари, “Эй, дилим”, “Истиқлол нурида яйра!”, “Юракларни ёндир энди, ватандошим!”, “Ернинг қулоғига шивирлар ёмғир”, “Умрим йўллари”, “Муҳаббат боғлари”, “Ўланчи дунё”, “Отамнинг айтганлари”, “Ўрмондаги ҳангома”, “Йўл бошида”, “Ватан”, “Дунё кезиб”, “Жаннат макон”, “Қор” деб номланган рукнларга киритилган очерк ва бадиалари, “Марварид зарралари”да тизилган ҳикматомуз қайроқи қатраларда орамизда яшаётган турфа феълли одамларнинг бахти-саодати, орзу ва умидлари, ушалмаган армонлари, қалби пучмоқларида бекиниб ётган кечинмалари, бокира ҳис-туйғулари, инсоний ҳасратлари ва қувончлари чуқур ҳаяжон ва жўшқин ифода билан тасвирланган. Қаҳрамонларининг илғор фикрлари, табиат манзараларининг чинакам поэтик тарзда ёритилгани ўқувчини тамомила ром қилиб қўяди. Ҳаётий ва ижодий позицияси аниқ бўлган шоирнинг ички қуввати шундаки, у ҳар бир мавзуни ғоявий-маънавий мағзини, характерини ўзига хослигини тўлалигича очишга эришади. У азалдан ёнма-ён келаётган адолат ва ноҳақлик, зиё ва зулмат, билим ва жаҳолат, ўжарлик ва меҳр, меҳнат ва бекорчилик, жавонмардлик ва кўрнамаклик ўртасидаги ўткир ва кескин курашни моҳирона тасвирлайди.Шоирнинг ўқувчилар газетаси, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзтелерадиокомпания, Олий Мажлисдаги жўшқин сиёсий – ижтимоий фаолияти давомида машаққатли ҳаёт йўлида бардам бораётган табиатан камсуқум, камтар, камгап Абдусаид Кўчимов халқ кўзида турган йирик давлат арбоби бўлиб шаклланди ва ўз салоҳатини мамлакатимиз равнақи йўлида сарфлаб келмоқда, десак, ҳақ гапни айтган бўламиз. Шоир билан бир фурсат суҳбатлашган киши унинг дили билан тилида, қалби, шуурида Ватан, оила меҳри товланиб ётганини дарҳол англайди, унга ҳаваси келади, эргашади. Абдусаид Кўчимов дўстлари, тенгқурлари, фарзандлари, яқинлари, қолаверса, ҳамкасбларини ҳам бугунги кунимиздан ҳамиша шукур қилишга, мамлакатимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга руҳлантириб юради, керак чоғида ундайди. Тинимсиз изланиш, ижодга ниҳоятда талабчан, интизомли бўлиш ўзбек ижодкорларига хос юксак маданият эканини донишмандлик билан, аввало, ўзининг, қолаверса, шогирдларининг қалбига муҳрлайди.
Шахсий кутубхонамни шоир ва ёзувчи Абдусаид Кўчимовнинг “Муҳаббат боғлари” (2008), ”Сайланма” (2011), “Қор” (2013), “Мен шоирман, истангиз шу…” (2016), “Бинафша” (2017) сингари ўзининг дастхатлари битилган китоблари, айниқса, “Китобдаги қаҳрамонлардан бири, узоқ йиллик қадрдоним Муҳиддин Полвоновичга! Энг азиз тилаклар билан”, деган ёзув билан туҳфа қилган “Баҳор” тўплами (унга кирган «Исмалоқ ҳиди» бадиасининг асл нусхаси билан) қалбимни, кутубхонамни безаб турибди. Бу китобларнинг равон, бадиий пишик тили ўқувчини ўзига ром этади. Шоирни, ижодкорни ёшига эътибор қаратмай донишманд десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Қачон қарасангиз набираларини етаклаб мактаб, санъат тўгараги, ҳунарманд устозга, спорт майдончасига олиб бораётган, окшомлари хаёлида чаппар ураётган туйғуларни оппок коғозга авайлаб тушираётган адабиёт дарғасини ҳурмат ила мавлоно, дея таъзим килсак, жуда ҳам ярашади.
Севимли шоир, атоқли адиб ҳақида кўп гапларни айтдик, лекин Абдусаид Кўчимовнинг силлиқ “четлатилган”, мухолифларининг тинмай қилаётган номаъқулчиликларидан тўйиб, ёлғизланиб қолган шеъриятимизнинг ёрқин юлдузи Абдулла Орипов билан унинг сўнгги йилларида руҳан яқинлашиб кетгани устозимизнинг қалбига малҳам, тасалли бўлгани ҳақида бир он тўхтамасак, бўлмас! 2016 йилнинг августи охирларида Ханифа янгамизнинг қариндоши, Мирзачўлликлар дарғаси Тўхтамиш Боймиров билан Абдулла акадан ҳол-аҳвол сўрагани боргандик. Мезбон хурсанд бўлдилар. Ўйланиб ўтирган, кўринишидан ҳориган шоир бугун-эрта АҚШга кетиши ҳақида синиқ овозда гапирди. Тўлиб кетган бўлсалар керак, ичларини ёрдилар: “Бир кушанда ёзувчи мени тириклайин ўлдириш мақсадида бўлмағур сассиқ гаплардан иборат китоб ёзибди ва Эркин акам (Воҳидов)нинг ўлимида мени айблабди. Ё, дариғ!Лекин, худога шукурки, бу гапларга етарли қарши жавоб берган китоб ҳам ёзилибди”, дея ўрнидан туриб секин-аста ичкарига кириб кетдида, бир китобни кўтариб чиқди ва кўзлари ёниб деди: “Шеърият, менинг шеърларим қанча яшаса, ушбу китоб ҳам шунча яшайди, ҳақиқат ҳақида тинмай бонг уриб туради”, дея томоғини илиқ чой билан ҳўллади… Сўнг китобни менга узатди. Юксак баҳо олган, муқовасида зулматни ёриб чиқаётган ўзининг расми туширилган китобнинг номи “Мен шоирман, истангиз шу…”, муаллифи Абдусаид Кўчимов экан! Ана эътироф!?
МУҲИДДИН ПОЛВОН
Тошкент. 2021 йил 25 апрель