Кўплаб журналхонларимизнинг илтимосларини инобатга олиб «Гулхан» журналимизнинг ушбу сонидан “Ижод ҳайратлари” номли рукн ташкил этдик. Шеър, ҳикоя ёзишга қизиқадиган, аммо бу жанрлар ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаган, шеърият қоидаларини яхши ўзлаштирмаган ҳаваскор болалар ушбу рукн орқали руҳият олами, адабий жанр сир-синоатларидан хабардор бўладилар. Бу машғулотларни филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, таниқли шоира Гуландом опа ТОҒАЕВА олиб борадилар. Дунёда болалик, ўсмирликнинг сирли, ажойиб дамларини бошдан кечирмаган бирорта ҳам киши йўқ. Буни чин дилдан айтаяпман. Ҳамма ҳам қачондир мана шу гўзал, айни дамда инсон ҳаётининг энг муҳим паллаларини бошдан кечириб, катта ҳаёт остонасига қадам қўйган. Масалан, ўзим ҳам бир пайтлар чиройли қизча бўлганман. 3-4 ёшларимдаёқ, тенгдошларимга қўшилиб далаларда югуриб юрардим. Ўшанда негадир кўм-кўк осмонга қарашга қўрқардим. Балки, оппоқ, паға-паға булутлар устимга ёпирилаётгандай туюлгани учундир. Ёки ёз пайтларида боғимизда гулларга, йўнғичқаларга қўниб юрган турфа ранг капалаклар мени ҳайратга солар, уларни тинмай қувлардим. Кейин хонқизи деган ҳашарот билан дўстлашиб қолгандим. Қўлимга қўндириб олсам, ҳадеганда учиб кетавермасди. Бувимнинг айтишича, бир пайтлар унинг онаси ҳовуздан сув олиб келаман деб, кетганича қайтиб келмаган экан. У ҳамон сувга кетган онасини кутар, шунинг учун болаларнинг кафтига чиқиб қолса, учиб кетмасдан ўша ерда ўзини хавфсиз сезар экан. Айниқса, ёмғирдан сўнг пайдо бўладиган ранг-баранг камалакни, қуёш чиқиши ва ботишини томоша қилиш, дарахт баргларидан гербарийлар ясаш, эрта тонгда атиргулнинг юзидаги кўз ёшидай титраб турган шабнамларни томоша қилиш, ҳовлиларни безаб турган номозшомгулларнинг намхуш ҳидлари остида китоб ўқиш… Қаранг, болаликнинг қандай гўзал олами бор. Тўғри, мен бугунги суҳбатимизда сиз билан адабиёт ҳақида, шеърият ва унинг энг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлашни мақсад қилганман. Аммо, ҳозирги сўзларим ҳам мавзуга бевосита алоқадор. Азиз дўстларим, адабиёт, шеърият биринчи ўринда дунёни бор бўйича томоша қилиш, гўзалликдан ҳайратланиш ва қалбан жўр бўлишдан бошланади. Мен шоир учун энг муҳими, ҳаётни борича қабул қилиш, ҳар бир нарса ёки атроф-муҳитдаги ашёда гўзаллик ва маъно борлигини тан олиш лозим, деган бўлар эдим. Чунки ёзувчи Ойбек айтганидек, “Адабиёт турмушни акс эттиради, турмушдаги воқеалар, ҳодисалар, фикр ва туйғуларни умумийлаштириб, образлар билан турмушни, дунёни англашга тиришади”. Мана бу сатрларга қаранг:– Опа, нима қиласиз,Шунча китоб-дафтарни?.Ўйнасангиз бўлмасмиБундан кўра каптарни?Менга беринг (билмабманШунча китоб борлигин)Маклатурага бериб,Олай “Мақтов ёрлиғи”!..
Ёки қаранг:– Сочинг қани? – деб аммам,Норни сўроққа солди.У-чи туриб хотиржам,Дер: – Сочим уйда қолди!
.. Бу шеърларни мен сиздек пайтларимда ёзганман. Ростдан ҳам ҳаётимда кулгили, ва ачинарли воқеалар кўп бўлган. Бир қарашда буларни шеърга солиш осондек кўринади. Лекин бадиий мушоҳада, кузатувчанлик бўлмаса, мақсадга етиб бўлмайди. Бўлғуси шоир энг аввало, жуда синчков, кузатувчан бўлиши керак. Ҳаётдаги сиз учратган ҳар бир воқеа ёки ҳодиса сизнинг шеърингиз мавзуси бўлиши мумкин. Лекин гап кўрганингизни қандай бўлса, шундай ёритишда эмас, балки ҳамма гап унга бадиий тус беришда. Бошқалар кўрмаган маъноли қатламларини илғай олиш, учинчи кўз – қалб кўзини ишлатиб, ўша ҳодисадаги ёрқинлик ва кайфиятни ўқувчига етказа билиш керак. Устоз шоира Зулфия айтганидек, “Шеър – туйғулар, ҳаётдан олинган таассурот ва тафаккурлар меваси!.. Шеър – туйғулар фарзанди. Чуқур фикрлар, ёниқ, самимий ҳислар фарзандидир”. Қалб кўзи очиқ инсонларда эса туйғулар мўл бўлади. Қалб кўзи нималигига изоҳ беришга ҳаракат қиламан. Атоқли рус ёзувчиси Александр Довженкода шундай сатрлар бор: Қамоқхона деразасидан икки киши чор атрофни томоша қилаяпти. Бири ерда тўпланиб қолаётган балчиқ, кўлмакни кўраяпти ва таъби бузилаяпти. Иккинчиси эса, кўлмакда қуёш нурларида товланаётган юлдузчаларни кўриб, қалбида қувонч пайдо бўлаяпти. Чунки, иккинчи киши ёруғ орзу,тоза қалб билан дунёга назар ташлар экан, шак-шубҳасиз, унинг ишлари олдинга юриб кетиши, эртага озодликка чиқиши ҳам ҳеч гап эмас, зеро ният хайр, оқибат хайр, деганлар. Ёзувчи устоз Ойбек яна бир ўринда шундай дейди: “Адабий асарлар турмушни жонли кўрсатиб, одамларнинг фикр ва туйғуларига кучли таъсир қилади. Бадиий чуқур, фикр-ҳис жиҳатидан тўла адабий асарлар ўқувчини узоқ вақт боғлаб, асир қилиб олади. Адабиёт турмушни абстракт (мавҳум) тушунтирмай, конкрет (аниқ) бадиий умумлаштириб, жонли англатади”. Қаранг, кўлмак сувда самодаги гўзал юлдузларни кўра олиш учун оддий кўздан ташқари қалб кўзи ҳам керак. Гўзалликни ҳис қила олиш, тасаввур этиш ҳам керак. Атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу сўзларини айтиб ўтиш бу ерда ўринлидир: “Санъат асари чақмоқ, мушак, камалак сингари лаҳзани обод қиладиган умри қисқа, мағзи пуч гўзаллик эмас, балки адабиётни безайдиган, умри боқий ва мағзи тўқ гўзалликдир. …ўқишли китоб гўзалликдир, лекин гўзалликда ҳам гўзаллик бор. Қоронғи кечада отилган мушак ҳам гўзал, қуёшга қараб хандон ташлаб турган гул ҳам гўзал. Осмонда сочилиб кетган ранг-баранг олов ва оқиш излар гўзаллиги кўзни қамаштирса ҳам пуч гўзаллик, лекин ўзига хос. Гулнинг гўзаллиги эса тўқ гўзаллик, чунки унинг бағрида ҳаёт бор, шунинг учун абадий гўзалликдир. Ғунча гулдан ҳам гўзалроқ, чунки унинг бағрида икки ҳаёт – ўз ҳаёти ва яна гул ҳаёти бор”. Шу билан бир қаторда шоир бўлиш учун албатта, сўз бойлиги кўп бўлиши ҳам керак. Айрим ёш шоирлар билан гаплашганимда, уларнинг сўз бойлиги камлигини сезиб қоламан. Бунинг асосий сабаби, улар кам китоб ўқишларида, халқ эртак, достонларига бееътиборликларида деб биламан. Рус шеъриятининг қуёши Пушкин ўзининг шоир бўлишида энагаси Арина Родионовна айтиб берган алла, эртак ва достонларнинг аҳамияти катталигини бежизга таъкидламаган. Бугун сизнинг ўз билимларингизни тинмай бойитиб боришингиз ва дунёқарашингизни ривожлантиришингиз учун қанчалаб Арина Родионовна вазифасини ўтайдиган беминнат электрон ресурслар, радиокитоблар бор. Улардан унумли фойдаланиш лозим деб ўйлайман.