Кимлардир елка қисинтириб яшашга мажбур қилган устозимиз энди орамизда йўқлар! Бугун эрта тонгдан устознинг аёллари Гулсара опа домламизнинг шифохонада вафот этганликлари ҳақида хабар юборибдилар… Охиратингиз обод, руҳингиз шод бўлсин! Бевафо дунёдан, дилозорлардан рози бўлиб кетинг, Устоз!
ЧИНОРЛАРНИ ҚУЛАТГАН ДАРДЛАР…
Охирги йиллар ўзбек адабиёти учун ҳақиқий йўқотишлар даври бўлди. Қанчадан қанча адабиёт чинорларини бой бердик. Ҳар гал бирор адабиёт устунининг қулаганини эшитсам, кўнглимдан бу устуннинг ўрнини боса оладиган муносиб авлод бормикан, деган ўйлар ўтади… Раҳматли шоиримиз Эркин Воҳидов билан суҳбат қилиш ниятида уйларига қўнғироқ қилганимда, фарзандлари у кишининг анча бетоб эканликларини, ҳозир гапиришга ҳам мадорлари йўқлигини, бирон ҳафта ўтиб, соғайганларидан сўнг интервью бера олишларини айтдилар. Аммо, икки ҳафтадан сўнг қўнғироқ қилиб шоирнинг аҳволида яхши томонга ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини билдим. Бир неча кундан сўнг эса… “Суҳбатларини олиш насиб қилмаган экан”, дея хўрсиндим. Орадан бир ой ўтар-ўтмас шоирнинг келинлари Наргиза опа қўнғироқ қилиб: “Мақолангизни тайёрлаш учун сизга нима керак бўлса, қайнонам иккимиз ёрдам берамиз”, дедилар. Эртасига эса саҳифа учун зарур бўлган суратларни таҳририятга олиб келиб, қолган суҳбатни уйда давом эттиришимиз мумкинлигини айтдилар. Шундай оғир кунларида, ўзининг ғами ўзига етиб ортаётган бир пайтда зиёли инсонларнинг бу қадар эътибори кўнглимни тоғдек кўтарди. Суҳбат чоғида шоирнинг аёллари: “Афсус, ҳаёт бўлганларида ўзлари сизга жудаям қизиқарли воқеаларни айтиб берган бўлар эдилар. Мен ҳозир ора-орада у кишидан эшитганларимни сўзлаб бердим. Бундай инсонларнинг ҳаётлигида кўпроқ суҳбатларини олиш зарур эди. Аммо, бизда вафотидан кейин ҳаракатга тушиб қолишади-да…” дедилар. Дарҳақиқат, биз шундай инсонларнинг ҳаёт йўлларию фикрларини тўлиқроқ ўрганишга эътибор қилмадик. Уларни тинглашга имконимиз бўлганида эса сабр қилолмадик, қадрлай олмадик… Бир вақтлар Ёзувчилар уюшмасининг бир тадбирида масъуллардан бири шоирнинг гапларини охиригача тингламай, сўзини бўлганича: “Қисқароқ қилинг!” деганида ўрнидан зўрға турганича залдан оғриниб чиқиб кетган Абдулла Ориповнинг ҳолатлари ҳалиям кўз олдимда. Яқинда Шоира Орипова ўз фейсбук саҳифасида шоирнинг “Соҳибқирон” номли китобига ўз қўллари билан қизига ёзган мазкур дастхатини эълон қилди: “Шоира, қизим! Шеъриятимизнинг тарихида ҳеч ким менчалик камситилмаган, таҳқирланмаган. Лекин шукурким, Аллоҳ менга фарзандларимни ҳамда шеърий илҳомни ато этди. Гапларимни ёдда тут! Отанг: 3.06.2015 йил”. Ҳа, тириклигида гапиришга ҳам имкон бермай энди вафотидан кейин эса кўкларга кўтариш… Назаримда шоирнинг шу икки қатор жумласи адабиётимизнинг яқин кечмишидан сўзлаётгандек… Агар давраларда, телеэкранларда ҳақиқий ибрат бўлишга муносиблар сўзлаганида, улар учун эфир соатлари кўпроқ ажратилганида эди, ҳозирги кунда ўзидан “даҳо” ясаб олган ёшлар бу қадар кўпайиб кетмасмиди?!
“ДАРДИМИЗНИНГ ЮКИ ТУШМАСИН”
Бундан бир йил аввал журнал саҳифаларида суҳбат тайёрлаш учун университетда таълим берган устозим Бойбўта Дўстқораевнинг хонадонларига бордим. Инсультнинг оғир формасини бошидан ўтказган устоз болалик хотираларини зўрға гапириб бердилар. Гапиришни истамаганлари учун эмас, инсультнинг асорати натижасида гапиришга қийналганлари учун. Барака топсинлар, меҳридарё аёллари Гулсара опа домланинг айтишга уринаётган гапларини тезда илғаб, менга тушунтириб, билганларини айтиб бериб, мақолани тайёрланишида анча кўмаклашдилар. Суҳбат якунида устозга: “Онамга ҳам, турмуш ўртоғим билан менга ҳам таълим бердингиз. Ҳаттоки онам билан иккимизнинг диплом ишимизга раҳбарлик қилдингиз. Энди журналист бўламан, деб ният қилаётган фарзандларимга билим бериш учун ҳам тезроқ соғайинг. Сиздек устозларни топиш жудаям мушкул”, дедим. Дард қанчалик енгмасин, устознинг кўзлари ёш боланикидек порлаб турарди… Мақола тайёр бўлгач, журнал босмахонадан чиққунига қадар сабрим етмай уни фейсбукдаги саҳифамга жойладим. Шогирдлар томонидан устознинг шаънига билдирилаётган бир-биридан самимий фикрларни суратга олиб, Гулсара опага телеграмм орқали юбориб, устозга ўқиб беришларини илтимос қилдим. Аёллари менга: “Устозингизга мақолани ҳам, шогирдларининг билдирган барча фикрларини ҳам ўқиб бердим. Жимгина, кўзларида ёш билан тингладилар. Кейин ҳеч очишга ҳам кучлари етмайдиган жомадонларини ўзлари олиб, ичидаги қўлёзмаларни тўплай бошладилар. Шогирдларига навбатдаги китобларини тайёрлашга киришдилар…” дедилар. Журнал босмахонадан чиқиши биланоқ устозга етказишга ошиқдим. Ростан ҳам соғлиқларидаги ўзгариш анча сезиларли эди. Шогирдларнинг арзимас эътибори хаста домламизга шунча куч берибди. Аслида, устозларимиз бундан-да катта эътибор ва меҳрга муносибдирлар. Фақат суҳбат пайтида устознинг аёллари айтган айрим гаплар юрагимни бир қалқитиб юборди. Гулсара опа: “Шундай кунлар бўлдики, устоз ноҳақликдан азият чекиб, оғир аҳволда қолдилар. Айбсиз бўла туриб, елка қисиниб юришга мажбур бўлдилар. Табиатан оғир ва босиқликлари сабаб аҳволларини ҳеч кимга сездирмасликка ҳаракат қилардилар. Аммо, тўфондек отилаётган изтиробларни фақат мен кўра олардим… Ҳар бир нарсада бир ҳикмат бор, дейишгани рост экан. Шаҳарнинг қўпқаватли биноси бўлишига қарамай, уйимизнинг олдидан катта ариқ оқиб ўтган. Гоҳида аҳволларини кўриб, ўзимга ўзим сиғмай қолардим. Юрагим тўлиб шу ариқ томон югурардим. Оқиб ўтаётган сувга дардларимни айтардим-да: “Ариқжон, дардларимизни шу сувларинг билан узоқ-узоқларга оқизиб кетгин. Фақат сендан илтимос, бу сувни бирор киши ичиб қўймасин, дардимизнинг юки бировга тушмасин, дея йиғлардим”, дедилар. Эшитган гапларимга ишонқирамай бир нуқтага тикилганича жим ўтирган устозга қарадим. У киши “ҳаммаси рост”, дегандек бошларини кетма-кет силкитиб, тасдиқ маъносини билдирдилар. Устознинг юрагини кемирган ноҳақлик, изтироб нима эканлигини чуқур билмасам-да, хаёлимни: “Эҳ, бу ҳаёт, бу дунё бир-биримизни камситиб, таҳқирлаб, елка қисиниб яшаш учун мажбурлашимизга арзирмикан?!” деган ўйлар чўлғаб олди…
ТИРИКЛИКНИНГ УСТУНИ – ҚАДР
Ҳозирги кунда забардаст ижодкорларимизнинг ичида ҳам елка қисиниб яшаётганлар йўқ, деб ўйлайсизми?! Бугун елка қисинтириб, эртага вафотидан кейин: “У чинор эди, у бебаҳо эди”, деган ҳайқириқларнинг кимга кераги бор?! Агар у ҳақиқатдан ҳам чинор даражасида бўлса, унинг қадр-қимматини вақтида, буюклигини эса тириклигида ҳис эттиришимиз керак эмасми?! Яқинда халқимизнинг севимли шоирларидан бири вафот этди. Икки-уч кун интернет тармоқларида ижодкорнинг суратию, унга аталган дил сўзларига тўлиб кетди. Шогирдларининг ёзган фикрларидан маълум бўлдики, шоирнинг охирги пайтларда тоби қочган экан. Қаранг, шу пайтгача буни кўпчилигимиз билмабмиз, пайқамабмиз ҳам. Аммо, яна бир шогирдининг: “Қанийди, сизни байроқларимизга ўрасайдик! Қанийди, Ўзбекистоннинг энг юксак жойига кўмсайдик”, деган “изтиробли” сўзлари ҳайратимни оширди. Бундай пайтда рости ҳам кулгинг, ҳам йиғлагинг келади. Ҳақиқий ижодкор оташ юрак билан яшайди ва юраклар учун ижод қилади. Шундай экан, уни вафотидан кейин байроқларга эмас, тириклигида меҳр-оқибатингиз, муҳаббатингизга ўранг. Уни юртимизнинг энг юксак жойига – нуфузли қабристонларга эмас, ҳаётлигида қалбингиз ардоғига, эътибор ва эъзознинг кўшкига қўйинг. Юртимизда ҳозир ҳам ўзини кўз-кўз қилмайдиган, пиарчиликдан узоқ, салмоқли ижоди ва маслаҳатлари билан ҳар томонлама ибрат бўла оладиган ҳақиқий устозлар, ижодкорлар талайгина ва минг шукурки улар ҳали орамизда. Шундай экан, тирикликнинг устуни – қадр эканлигини унутмайлик. Чинор ҳар қанча баланд, виқорли бўлмасин, парвариш ва эътиборсиз ич-ичидан дарз кета бошлайди. Ҳар қандай улуғлик меҳр ва муҳаббатдан бўй кўтаради. Демоқчи бўлганим, уларга бўлган меҳримизни ҳаёт эканликларида кўрсатайлик. Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист