Ижод ҳайратлари

 Кўплаб журналхонларимизнинг илтимосларини инобатга олиб, журналимизнинг ушбу сонидан “Ижод ҳайратлари” номли рукн ташкил этдик. Шеър, ҳикоя ёзишга қизиқадиган, аммо бу жанрлар ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаган, шеърият қоидаларини яхши ўзлаштирмаган ҳаваскор болалар ушбу рукн орқали руҳият олами, адабий жанр сир-синоатларидан хабардор бўладилар. Бу машғулотларни филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, таниқли шоира Гуландом опа ТОҒАЕВА олиб борадилар.
ШЕЪРИЯТ САБОҚЛАРИ
   Дунёда болалик, ўсмирликнинг сирли, ажойиб дамларини бошдан кечирмаган бирорта ҳам киши йўқ. Буни чин дилдан айтаяпман. Ҳамма ҳам қачондир мана шу гўзал, айни дамда инсон ҳаётининг энг муҳим паллаларини бошдан кечириб, катта ҳаёт остонасига қадам қўйган. Масалан, ўзим ҳам бир пайтлар чиройли қизча бўлганман. 3-4 ёшларимдаёқ, тенгдошларимга қўшилиб далаларда югуриб юрардим. Ўшанда негадир кўм-кўк осмонга қарашга қўрқардим. Балки, оппоқ, паға-паға булутлар устимга ёпирилаётгандай туюлгани учундир. Ёки ёз пайтларида боғимизда гулларга, йўнғичқаларга қўниб юрган турфа ранг капалаклар мени ҳайратга солар, уларни тинмай қувлардим. Кейин хонқизи деган ҳашарот билан дўстлашиб қолгандим. Қўлимга қўндириб олсам, ҳадеганда учиб кетавермасди. Бувимнинг айтишича, бир пайтлар унинг онаси ҳовуздан сув олиб келаман деб, кетганича қайтиб келмаган экан. У ҳамон сувга кетган онасини кутар, шунинг учун болаларнинг кафтига чиқиб қолса, учиб кетмасдан ўша ерда ўзини хавфсиз сезар экан.   Айниқса, ёмғирдан сўнг пайдо бўладиган ранг-баранг камалакни, қуёш чиқиши ва ботишини томоша қилиш, дарахт баргларидан гербарийлар ясаш, эрта тонгда атиргулнинг юзидаги кўз ёшидай титраб турган шабнамларни томоша қилиш, ҳовлиларни безаб турган номозшомгулларнинг намхуш ҳидлари остида китоб ўқиш… Қаранг, болаликнинг қандай гўзал олами бор. Тўғри, мен бугунги суҳбатимизда сиз билан адабиёт ҳақида, шеърият ва унинг энг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлашни мақсад қилганман. Аммо, ҳозирги сўзларим ҳам мавзуга бевосита алоқадор. Азиз дўстларим, адабиёт, шеърият биринчи ўринда дунёни бор бўйича томоша қилиш, гўзалликдан ҳайратланиш ва қалбан жўр бўлишдан бошланади. Мен шоир учун энг муҳими, ҳаётни борича қабул қилиш, ҳар бир нарса ёки атроф-муҳитдаги ашёда гўзаллик ва маъно борлигини тан олиш лозим, деган бўлар эдим. Чунки ёзувчи Ойбек айтганидек, “Адабиёт турмушни акс эттиради, турмушдаги воқеалар, ҳодисалар, фикр ва туйғуларни умумийлаштириб, образлар билан турмушни, дунёни англашга тиришади”. Мана бу сатрларга қаранг:
– Опа, нима қиласиз,Шунча китоб-дафтарни?.Ўйнасангиз бўлмасмиБундан кўра каптарни?Менга беринг (билмабманШунча китоб борлигин)Маклатурага бериб,Олай “Мақтов ёрлиғи”!..
Ёки қаранг:– Сочинг қани? – деб аммам,Норни сўроққа солди.У-чи туриб хотиржам,Дер: – Сочим уйда қолди!..
   Бу шеърларни мен сиздек пайтларимда ёзганман. Ростдан ҳам ҳаётимда кулгили, ва ачинарли воқеалар кўп бўлган. Бир қарашда буларни шеърга солиш осондек кўринади. Лекин бадиий мушоҳада, кузатувчанлик бўлмаса, мақсадга етиб бўлмайди.   Бўлғуси шоир энг аввало, жуда синчков, кузатувчан бўлиши керак. Ҳаётдаги сиз учратган ҳар бир воқеа ёки ҳодиса сизнинг шеърингиз мавзуси бўлиши мумкин. Лекин гап кўрганингизни қандай бўлса, шундай ёритишда эмас, балки ҳамма гап унга бадиий тус беришда. Бошқалар кўрмаган маъноли қатламларини илғай олиш, учинчи кўз – қалб кўзини ишлатиб, ўша ҳодисадаги ёрқинлик ва кайфиятни ўқувчига етказа билиш керак. Устоз шоира Зулфия айтганидек, “Шеър – туйғулар, ҳаётдан олинган таассурот ва тафаккурлар меваси!.. Шеър – туйғулар фарзанди. Чуқур фикрлар, ёниқ, самимий ҳислар фарзандидир”.   Қалб кўзи очиқ инсонларда эса туйғулар мўл бўлади. Қалб кўзи нималигига изоҳ беришга ҳаракат қиламан. Атоқли рус ёзувчиси Александр Довженкода шундай сатрлар бор: Қамоқхона деразасидан икки киши чор атрофни томоша қилаяпти. Бири ерда тўпланиб қолаётган балчиқ, кўлмакни кўраяпти ва таъби бузилаяпти. Иккинчиси эса, кўлмакда қуёш нурларида товланаётган юлдузчаларни кўриб, қалбида қувонч пайдо бўлаяпти. Чунки, иккинчи киши ёруғ орзу,тоза қалб билан дунёга назар ташлар экан, шак-шубҳасиз, унинг ишлари олдинга юриб кетиши, эртага озодликка чиқиши ҳам ҳеч гап эмас, зеро ният хайр, оқибат хайр, деганлар. Ёзувчи устоз Ойбек яна бир ўринда шундай дейди: “Адабий асарлар турмушни жонли кўрсатиб, одамларнинг фикр ва туйғуларига кучли таъсир қилади. Бадиий чуқур, фикр-ҳис жиҳатидан тўла адабий асарлар ўқувчини узоқ вақт боғлаб, асир қилиб олади. Адабиёт турмушни абстракт (мавҳум) тушунтирмай, конкрет (аниқ) бадиий умумлаштириб, жонли англатади”.   Қаранг, кўлмак сувда самодаги гўзал юлдузларни кўра олиш учун оддий кўздан ташқари қалб кўзи ҳам керак. Гўзалликни ҳис қила олиш, тасаввур этиш ҳам керак. Атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу сўзларини айтиб ўтиш бу ерда ўринлидир: “Санъат асари чақмоқ, мушак, камалак сингари лаҳзани обод қиладиган умри қисқа, мағзи пуч гўзаллик эмас, балки адабиётни безайдиган, умри боқий ва мағзи тўқ гўзалликдир.   …ўқишли китоб гўзалликдир, лекин гўзалликда ҳам гўзаллик бор. Қоронғи кечада отилган мушак ҳам гўзал, қуёшга қараб хандон ташлаб турган гул ҳам гўзал. Осмонда сочилиб кетган ранг-баранг олов ва оқиш излар гўзаллиги кўзни қамаштирса ҳам пуч гўзаллик, лекин ўзига хос. Гулнинг гўзаллиги эса тўқ гўзаллик, чунки унинг бағрида ҳаёт бор, шунинг учун абадий гўзалликдир. Ғунча гулдан ҳам гўзалроқ, чунки унинг бағрида икки ҳаёт – ўз ҳаёти ва яна гул ҳаёти бор”.   Шу билан бир қаторда шоир бўлиш учун албатта, сўз бойлиги кўп бўлиши ҳам керак. Айрим ёш шоирлар билан гаплашганимда, уларнинг сўз бойлиги камлигини сезиб қоламан. Бунинг асосий сабаби, улар кам китоб ўқишларида, халқ эртак, достонларига бееътиборликларида деб биламан. Рус шеъриятининг қуёши Пушкин ўзининг шоир бўлишида энагаси Арина Родионовна айтиб берган алла, эртак ва достонларнинг аҳамияти катталигини бежизга таъкидламаган.   Бугун сизнинг ўз билимларингизни тинмай бойитиб боришингиз ва дунёқарашингизни ривожлантиришингиз учун қан­чалаб Арина Родионовна вазифасини ўтайдиган беминнат электрон ресурслар, радиокитоблар бор. Улардан унумли фойдаланиш лозим деб ўйлайман.***   Ана энди шеърнинг тузилиши ҳақида сўзлашсак бўлади. Шеър нимадан тузилган? У, энг аввало, вазндан иборат. Уларни аруз вазни, бармоқ вазни ва эркин (сарбаст)га ажратамиз. Араблар истилосидан кейин туркий халқлар шеъриятига ҳам аруз шеърий тизими кириб келади. 9-10-асрларда эса араб ва форс халқлари шеъриятида мумтоз қофия назарияси яратилади. Бу назария товушлар уйғунлигига асосланади. Ушбу назарияга кўра, қофия ягона товуш(ҳарф) такрорига асосланади ва бу ҳарф равий (арабчада – қофиядаги ундош товуш) деб аталади. Равий сўз ўзаги, ясама сўзларда негиз охиридаги ундош, чўзиқ унли, баъзан эса қисқа унлиларнинг айнан такрорланиши туфайли юзага келади. Масалан, “гул-булбул” сўзларидаги “л”, “тортар-ортар” сўзларидаги охирги “р”, “вафо-жафо” сўзларидаги “о”, “баҳона-замона” сўзларидаги охирги “а” товуш-ҳарфлари равий ҳисобланади. Мазкур назария талабларига кўра, равийсиз қофия вужудга келмайди.   ХХ аср бошларидан ўзбек шеъриятида бармоқ вазни етакчилик қила бошлади. Ушбу назарияга кўра, қофия тиргак товушга асосланади. Қофияланувчи сўзлар таркибидаги талаффуз усули ва ўрни жиҳатдан бир-бирига яқин барча товушлар тиргак товуш бўла олади. Қофиянинг тўлиқ (тўқ), нотўлиқ (оч), содда, мураккаб, очиқ, ёпиқ, тахминий шакллари мавжуд.   Умуман, қофия одатда шеърий мисралар охирида келиб, уларни оҳангдошлик, уйғунлик ва мазмуний яхлитлик асосида бирлаштиради.   Сиз ҳаётда қофияли сўзлайдиган одамларни ҳам кўрган бўлсангиз керак. Одатда айниқса, халқ бахшилари тилида қофияли сўзлар кўп учрайди. Қофия биринчи ўринда сўзларнинг ўзаро шаклдош келишидир. Аммо, у шеърнинг мақсадига хизмат қилиши шарт.   Бошқача айтганда, қофия сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “эргашиш, изидан бориш” маъноларини англатади. Шеърий мисраларнинг муайян ўрнида оҳангдош сўз ёки сўз бирикмаларининг изчил такрорланиб келишидир. Қофия шеърнинг мазмуни, жанри, шакли ва композициясида муҳим ўрин эгаллайди.
Кишандан узилган тафаккур мисол, /аКетарсан уммонда эй, ёлғиз елкан. /бЁмғир – пўртаналар айласа ишғол, /аТутолсайдим сенга шу нозик елкам. /б
   “Оқ елкан” номли бу шеъримда “мисол”ни “ишғол”га, “елкан” ни “елкам”га қофиядош сўз қилганман. Бу тўлиқ (тўқ) қофия саналади. Аммо оч қофия ҳам борки, унда сўзнинг ҳар бир бўғини қофияли бўлмаса-да, қисман қофияланиши ёки умуман қофияланмаслиги мумкин.“Қўнғироқлар” шеъримда шундай сатрлар бор:
Бугун-чи у қадим йиллардан хабар, /аБотирлар гувоҳи – осуд уйқуда. /бҚизиқ, Эрта Қалбни нима уйғотар, /аШоир Қўнғироғи занглаган уйда. /б –
   Бу ерда “хабар” ва “уйғотар” қисман қофиядош бўлиши мумкин, аммо “уйқуда” ва “уйда” сўзларида жипслик ва шаклан тенглик йўқ. Биттаси уч бўғинли сўз бўлса, иккинчиси икки бўғинли. Аммо, шеърнинг мантиқий тузилиши ана шу ҳолатни талаб қилгани учун уни шу шаклда қолдирганман. Оч қофия кўпроқ қофиясиз шеър жанри бўлмиш “оқ шеър”да кўпроқ ишлатилади. Қофия ҳосил қилувчи сўзларнинг оҳангдошлиги ўзак билан ўзак ёки қўшимча билан қўшимча ўртасидаги уйғунлик туфайли юзага келади. Қофия шеър ритми ва мусиқийлигини таъминлайди. Шеър мазмунини гўзал ва таъсирчан ифодалашга хизмат қилади. Мисраларни уйғунлик, оҳангдорлик билан бир-бирига боғлайди. Туркий халқлар оғзаки ижодида қофиянинг оддий сўз такроридан тортиб, мукаммал мустақил турларигача бўлган шакллари учрайди.   Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўзбек адабиётида оч қофиядан унумли фойдаланилади. Агар шеърнинг мазмун-моҳияти тақозо этса, ҳамиша тўқ қофияга таяниб ижод қилиш лозим эмас. Мана, севимли шоирамиз Саида Зуннунова қаламига мансуб шеърлардан бирига диққат қилинг:
Мунча чиройликсан, фусункор баҳор, /аМунчалар қалбларга сирдош, ҳамоҳанг. /бБола чоғимда ҳам этарди мафтун, /cСендаги гўзаллик, алвон турли ранг. /б
   Бу ерда “ҳамоҳанг” ва “турли ранг” сўзларига эътибор беринг. Уларнинг оҳангдорлиги, уйғунлиги бир-бирига яқин эмас. Ҳеч бўлмаганда, икки бўғин ўхшаш қофияли бўлса ҳам сўзлардаги оҳангдорлик, ўзаро бўёқдорлик ортган бўлар эди. Аммо шеър мақсади, илҳом жиловдорлиги шу сатрларни тақозо этганлиги учун шеърхон бу сатрларни барибир қабул қилади. Ёки яна бир ўринда қаранг:
Бойчечак излардим боғларда тентиб, /аСочимга санчардим қандай гулки бор. /бИстардим, шу баҳор қолмаса кетиб, /аИстардим, гулларга қўнмаса ғубор. /б
   Бу ерда тепадаги банддан фарқли равишда бутун шеър банди қофиялашган. “Тентиб” ва “кетиб”, “гулки бор”, “ғубор” сатрлари қофиялаштирилган. Сўзлардаги ўзаро мутаносиблик, майинлик, шоиранинг услубига хос сўз ифорини чуқур ҳис қилиш ушбу банднинг динамикасини кўтарган, маънодорлигини бойитган. Барибир агар қофия санъатида сўз бўғинлари миқдорига тенг қофиялар танланса, шеър ҳам ўқимишли бўлади, ўқувчининг кўнгил хазинасидан чуқур жой олади. Шунинг учун иложи борича тўқ қофияли мисрлаларни шеърда жамлашга интилавериш лозим. Токи шоҳ ва шоир бобомиз Бобур айтганидек, “қофиясида айбғинаси бор” шеърлар туғилмаслиги керак. Зеро, шеъриятнинг асосий мақсади ўқувчини ўзи билан гўзал ва бебаҳо оламларга чорлаб сайр қилдиришдир.   Сўзимни севимли шоирамиз Саида Зуннунованинг ўқувчига мурожаат қи­либ ёзган қуйидаги шеъри билан якун­ламоқчиман:
Шеър ёзсам ҳайқиргим келар оламга,Қалбим сатрларга сиғмай энтикар.Довдираб қоламан, гўё қаламимҚўйган ҳар нуқтага минглар кўз тикар.Бу кўзлар сизники, азиз ўқувчи,Мени шоир қилган муҳаббатингиз.Сиз учун куйлайман, сизни ўйлайман,Қалбимда яшаркан улуғ отингиз…
Гуландом ТОҒАЕВА,филология фанлари номзодиМанба: “Гулхан” журнали 2020 йил 6-7-сонлар.