Наки пиёдаман, на минганман от,Билмасман, не кечар эрта мамотим. У сенинг қўлингда, эй, муҳтарам зот,Шу парча қағозга боғлиқ ҳаётим.
Ажойиб инсон, меҳрибон ота, етук ҳуқуқшунос, беназир шоир ва сценарийнавис, садоқатли дўст ва оқибатли ҳамкасб ва чин маънода ватанпарвар Исматилло Йўлдошев бугун орамизда йўқ. Кеча уни сўнгги йўлга кузатиб, “Охиратингиз обод бўлсин!” деб дуо қилиб қолдик. Исматилло ака фавқулодда ғайратли ва ҳайратли, адабиёт, ижоднинг фидойиси, завқу шавқли қаламкаш, ўта ҳафсалали ташкилотчи эди. Самарқандга қадами етган ижодкор борки, ҳаммасидан хабар топар, ҳеч бўлмаганда бир кунлик дастурхони ва даврасининг меҳмони бўлар эди. Мажбур эди, меҳмон бўлмасликка қўймас эди. Қаҳрамон шоирлару, буюк ёзувчилар, маҳаллию ҳорижлик адиблар, ҳаммаси прокурор Исматилло аканинг “асири” бўлган. Ҳатто Чингиз Айтматовлар ҳам. Рубоийнавис Исматилло Йўлдошевнинг “Рубоийлар” китобининг рус тилидаги нашри Россия Президенти Владимир Путиннинг иш столида Умар Хайём китоби билан бирга туради. Ургут фарзанди, Самарқанд алломаси, Ўзбекистон ўғлони, юридик фанлари номзоди, “Турон” фанлар академияси академиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Йўлдошев Исматилла Асад ўғлини Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин! Амин! *У кишини таниганлар, ҳақларига тиловати Қуръону дуо деб қўярсизлар.Илова – менда акажонимнинг ўн бешга яқин китоблари бор. Шошилинчда қўлга илинганларинигина суратга ололдим.
Муслимбек Йўлдошев – Олий тоифали сухандон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси.