ЭНГ ЁРУҒ ЮЛДУЗ

Барчамиздан қолмиш бу кўҳна равоқ,

Барчамизга севги улашмиш дунё.

Бошинг узра кулган юлдузларга боқ,

Сен ҳам ўткинчисан деб қилар даъво.

Ой сутдай оқ кеча. Боқурман Сизга,

Боқурман сизда акс этган қалбимга.

Агар мен ўткинчи бўлсам не сабаб

Дилим сизга томон бунча талпинган?!

Бошим узра кулган бу сеҳру фузун,

Бу ёрқин юлдузлар номингиз ёдлар,

Агар мен ўткинчи бўлсам не учун

Менга ёғилади самовий хатлар….

Бир озгина маҳзун бўлдим, азизим,

Бир озгина севги кўрсатди кучин.

Балки биз келганмиз само бағрига

Энг ёруғ юлдуздек порламоқ учун!…

Гуландом Тоғаева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *