Менинг Бойсунимда — туғилар булут,
Тоғларга қадалган осмони яқин.
Менинг Бойсунимда — кўк юзин юлиб,
Туғилиб-ўлишни машқ қилар чақин.
Менинг Бойсунимда — тентакдир баҳор,
Селларни қувади сойдан ошириб.
“Эна” деб Aлпомиш келар ҳар наҳор —
Эртаклар улашар дилга бош уриб.
Менинг Бойсунимнинг кўчалари тор,
Менинг Бойсунимнинг кечалари кенг.
Бойсун берган менинг битта дўстим бор,
Мени йўқотишда Қоражонга тенг.
Бойсунга етгунча сўнгагим чўпдир,
Йўлларим сувсиздир. Йўлларим — энсиз.
Бойсунимда Бойсун тобора кўпдир,
Бойсунимда Бойсун тобора менсиз…
Усмон АЗИМ