Ё раб, кимга сўйлай дилда аламни,
Боримни бағримдан юлиб кетди куз.
Бир он тингламади, додим ноламни,
Фурсат қолдирмади айтмоққа сўнгсўз.
Қулоғим остида онамнинг саси,
“Узоқ йўлдан толмай келдингми, болам..”
Дилим қовжирайди, куяр нафасим,
Онамсиз кенгайиб қолдими олам?…
Битдими қисматим нурли куни, ё…
Руҳавзо тушларим келмасми ўнгги.
Тиллоранг рақсига этиб маҳлиё,
Куз ютди шодлигим, умидим… сўнгги.
Ўтар ғариб кунлар далли, дилозор,
Кимдан меҳр тилай, сиздан зиёда.
Соғиндим отажон, кўрсайдим бир бор,
Она, дийдор энди қайси дунёда?!.
Тун… борлиғим карахт, бедор ўйларим,
Англаб улгурмайман росту рўёни.
Умрнинг лаҳзалик эканин сўйлар,
Отамнинг устунда қолган чопони…
ЎЗИМНИКИЛАР…
Тилимни тишладим, тилимни ютдим,
Дарду туғёнларим жалага тутдим,
Ўкинчим дилимнинг тубига кўмиб,
Ернинг ўз ўқидан силжишин куттим.
Ўзагимни узгач ўзимникилар.
Кўзимнинг ёғини обдон ялашиб,
Ортимдан ғийбатга ўтин қалашиб,
Юзсизларча яна кулиб қарашиб,
Ор-номус, ғурур ва обрў талашиб,
Ўзагимни узар ўзимникилар.
Боримда айтишиб ширин сўз, мақтов,
Ёлғон мулозамат, меҳри беўхшов,
Йўғимда йўқламас шунчаки, бирров,
Асли у оёғим қонатган тушов,
Ўзагимни узган ўзимникилар.
Ризққа шерик, дастурхонимдагилар,
Баъзан дилдош, дардкаш ёнимдагилар,
Душман ишин қилар қонимдагилар,
Жонимни берганим, жонимдагилар,
Ўзагимни узар ўзимникилар.
Тўрам деб турланиб тўримга чиқиб,
Даврон суриб, тахту-сўримга чиқиб,
Ишим юришмаса, омадим кетса,
Тепкилашга тайёр гўримга чиқиб.
Ўзагимни узган ўзимникилар.
Яхшиликни билмас, дунё деб сотар,
Заҳарханда сўзи юракка ботар,
Қадамдош, қаламдош ва қондошларим,
Ногоҳ санчган тиғи куракка ботар,
Ўзагимни узса ўзимникилар.
Охират бўй бериб, бузилса тархи,
Бир куни тўхтаса фалакнинг чархи,
Кўнгил оғриғига арзирми фано,
Шунча қадрсизми меҳрнинг нархи,
Ўзагимни узган ўзимникилар.
Дунё бевафо деб айтарди онам,
Бундайлар Худодан қўрқмайди болам.
Кўксим қафасини бузганда нолам,
Кўзиммас, юракдан оқади жолам.
Ўзагимни узса ўзимникилар.
Қайғудан туғилар шеърим — тавобим.
Тазарру айладим, кечдим гуноҳин,
Яхшилик қилдиму балиқ билмади,
Билса Ҳолиқ берар ажру савобим.
Ўзагимни узган “ўзимникилар”.
Азиз ватандошлар, шу юрт учун жонфидо қадрдонларим, барчангизга Мустақиллик куни муборак бўлсин!
Эй Турон фарзанди, музаффар ўғлон,
Ватаннинг элтузар мард посбонни бўл.
Енгилмас шаҳдингни кўрсин бор жаҳон,
Юрт тинчлигин асра, зўр қалқони бўл.
Дейдиларки, от изини той босар,
Кун келиб тойлар-ки, тулпор бўлажак.
Эрман деган мардлар бўй кўрсатса гар..
Қораният ёвлар бедор бўлажак.
Жалолиддин, Кубро, Широқлар қайтар,
Зулматда қолмайди эрк истаган халқ.
Адолат яловин баландроқ кўтар,
Ўзига бек бўлган миллат бўлиб қалқ.
Душманингдан қўрқма, мунофиқдан қўрқ,
Ўзагингдан унган хойинлар ёмон.
Бошинг бирикмаса, тор келганда бўрк,
Баайни, жаҳаннам бўлар тўрт томон.
Оқилларда йўриқ бўлмаса азал,
Жоҳилларни билки, туғади куни.
Гумроҳ-у бемаслак элдан гил афзал,
Муқаддас заминнинг тутади хуни.
Кўксимизга илсак юрт яловини,
Биз бутун бир танга айланажакмиз.
Доим қўллагайдир аждодлар руҳи,
Бил, буюк Ватанга айланажакмиз.
Қачонки, жонимиз айласак фидо,
Юксалар миллатнинг ғурури, шони
Ўзбекнинг бошига қўнади хумо,
Дунё шарафлайди Ўзбекистонни!
Зилола Хўжаниёзова