КЕЧИККАН МУҲАББАТ

Соф муҳаббатини юрагининг қатларига кўмиб, оиласига садоқат билан яшаётган вафодор ўзбек аёлларимизга бағишладим.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА

КЕЧИККАН МУҲАББАТ

Мен сени топдиму, жуда кеч эди,
Келдинг мен қафасга тушган чоғимда.
Қўлларим, тилларим бойланган маҳал,
Мевалар ғарқ пишган эди боғимда.

Кутганим сен эдинг, аммо кеч келдинг
Тонгдамас, айни кун ботар маҳали.
Шивирладинг: «Сени излаб кечикдим,
Ўйлагандим ишққа фурсат бор ҳали».

Ҳар нега фурсат ҳеч кечикмас асло,
Фарзанду иморат, орзу ҳавасга.
Аммо бу дунёда бир эшик борки,
Кеч, агар кечиксанг ҳатто бир пасга!

У эшик бир марта очилар фақат,
Сўнг қулфланар умрнинг адоғигача.
У эшик ортида ришталар қат-қат,
Етаклар жаннатнинг хуш боғигача.

У эшик ортида фақат садоқат
Ва сабру қаноат этади давом.
Унга қилинмайди асло хиёнат,
Акс ҳолда лаънатлар ёғилар, тамом.

Энди аёл эмас, онамиз бунда,
Севмасак ҳам бахтли кўрсатиб ўзни.
Юлдузга сўйлаймиз дардимиз тунда,
Кундузи мажбурлаб куламиз кўзни.

Мен сени топгандим, аммо кеч эди,
Боғимда мевалар пишганди ахир.
Дейсан: «Ҳечдан кўра майли кеч энди,
Тушун, сенга ишқим тушганди ахир!»

Эҳ кўрклим, қийнама бўлиб афтода.
Дардим қўзғаб, баттар куйдирма танам.
Йўқса, яшолмайман эшик ортида,
Йўқса, кечикканинг қилади алам!