ОНА ҲАҚИДА СЎЗ
Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Қўлларига сув қуймадим саҳарларда.
Шоир бўлгин қизим,дея жўнатувди,
Лек шеърларим қолиб кетди дафтарларда.
Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Умрим бердим вафоси йўқ гўзалларга.
У-чи борлиқ, ёшлигини менга берди,
Энди бир тиш тополмайди гавҳарларга.
Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир бойчечак келтирмадим баҳорларда.
Мен қиз бўлиб кўйлагини бир ювмадим,
Лек қолдирдим уни ҳижрон-заҳарларда.
Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир куюк нон изин қувдим наҳорларда.
Бир кўрайин дея мени йўқлаганда
Дедим:” Вақт йўқ, кутинг бошқа сафарларда!”
Бугун уни тўшакларда кўриб қонман,
Мен қиз эмас, ўзин чаққан бир илонман,
Оёқларим шамолига зор бўлганда
Шуҳрат кетин қувиб юрган бир ёмонман.
Бу савлатлар кимга керак, бу давлатлар,
Ул ҳашамнинг бордир бир кун ҳасратлари.
Дўстлар, айтинг, бу ер қандай кўтаради,
Онасини зор қилганда фарзандлари.
Фарзанд ҳиди жаннатларга қоришиқдир,
Она ҳиди билан йўллар ёришиқдир.
Онажоним, мен асли бир ношуд бола,
Сенинг меҳринг ҳеч тугамас бир қўшиқдир!
Ул қўшиқни алиштирдим шаҳарларга,
Дуо қилгин, она, мени саҳарларда.
Оёғингга оёқ бўлай, қўлингга қўл,
Ахир сени тополмасман гавҳарларга!
ОНАМНИНГ ТЕНГДОШЛАРИ, ДУГОНА-ЎРТОҒЛАРИ
Онамнинг тенгдошлари, дугона-ўртоғлари,
Бир майизни тенг бўлиб еган уруш вақтлари,
Кўчмак ўйин ўйнашиб ошган дўстлик шаҳдлари,
Балки мулки ҳаётда шудир эзгу аҳдлари…
Дараларда отларнинг ўт сочар туёқлари,
Ёлларида ҳилпирар пинҳон ишқ азоблари,
Ой нурида ялтирар қизларнинг чалғилари,
Санамлар баҳсими ё парилар чолғулари. …
Мени кўрса яшнайди кўнглининг гул боғлари,
Норхолойнинг қизи деб кулади қароғлари.
Бир-бирига гал бермай тугамас ардоғлари,
Онамнинг тенгдошлари, дугона-ўртоғлари.
Сочларимга жамалак тақасизми қайтадан,
Пиёлага ўсмани эзасизми қайтадан,
Очилмаган бахтимни ташвиш билан сўроғлаб,
Келинлигим тарҳини тузасизми қайтадан.
Сангил хола, бу менман, эшигингиз очингиз,
Узил хола, кўрсангиз ёришади ичингиз,
Мен онамга тутмаган бойчечакни келтирдим,
Турсун хола, бир ҳаял ишингиздан кечингиз.
Зигзак ёқа кўйлакда мунчоқлари шилдирар,
Каркас рўмол бошида, давраларни тўлдирар,
Баҳор келса Гул ҳиди- ОНА ҳидин билдирар,
Юзда ҳам Инсон ўлса, онасизлик ўлдирар!
Сафингиз ҳам камаяр, йилдан йилга, ўйласам,
Қани энди бойчечак терганимда куймасам,
Армон бўлиб қолади армонимни айтмасам-
ОНАМГА ДАП ЧАЛДИРИБ “СУРХОНЧА”ГА ЎЙНАСАМ!…
Мени кўрса яшнайди кўнглининг гул боғлари,
Норхолойнинг қизи деб кулади қароғлари.
Бир-бирига гал бермай тугамас ардоғлари,
Онамнинг тенгдошлари, дугона-ўртоғлари. …
Гуландом ТОҒАЕВА