ЧИН ИШҚ ИЗҲОРИ

     Ҳаётда  қанчалик қулайликлар кўпаймасин, электрон воситалар бизни қанчалик қуршаб олмасин, ижодкор сўзининг, қаламининг мавқеи асло пасайгани йўқ. 
     Ўзи жисман заиф бўлса-да, фикри-шуури осмондаги юлдузларга етадиган Инсон қалам билан янада шарафланди, обрў-эътибор, эъзоз топди. 
     Шоир аслида ким? У ўз халқининг маънавий-маърифий ганжиналарини асраб-авайлаб, янада бойитувчи хазинабон, ўз даврининг нафасини, шукуҳини кейинги даврларга элтувчи тарихчи ва чароғбон, ниҳоят, келажакка томон қадам ташлаётган Ватанининг олдинги сафларида кетаётган руҳбондир.
     Куни кеча Чирчиқ давлат педагогика университетининг  муҳташам анжуманлар залида ана шундай қалби ёниқ ижодкор, Гуманитар фанлар факультети Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси доценти, Филология фанлари номзоди, ҳассос шоира –  Гуландом Тоғаеванинг кўнгил хазиналарини изҳори бўлган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 
     “Ишқ элининг овозиман”  номли тадбир шоиранинг яқинда чоп этилган “Ишқ ҳандасаси” номли китобига бағишланди. 
     Ушбу тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Ашур, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Зилола Хўжаниёзова, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди. 
     Тадбирда сўзга чиққанлар шоиранинг Ватан, тинчлик, юксак инсоний хислатлар ва муҳаббат васфи куйланган шеърлари ҳақида илиқ фикрлар билдиришди, талабалар томонидан ижодкорнинг шеърлари ижро қилинди.  
     Гуландом Тоғаева ва меҳмонларга университет ректори,  Ўзбекистон фан арбоби, профессор Г. И. Мухамедов томонидан эсдалик совғалари топширилди. 
     Шунингдек университет ректорига Гуманитар фанлар факультети декани, юридик фанлари номзоди, доцент Р. А. Икрамов бошчилигида факультет жамоаси томонидан шеърий эсдалик совға тақдим этилди.
         Кўтаринки кайфиятда ўтган анжуман гўзал шеърий ва мусиқий чиқишларга бой бўлиб, барчада чуқур таассурот қолдирди.

Музаффар Муҳаммадназар.