ДУРГA AЙЛAНГAН КЎНГИЛ

“Севмас садафни ҳеч ким дурдона бўлмагунча”… Девонаи Машрабнинг шу сатрлари ёдимга тушди. Зеро, ошиқликнинг заҳматларини ундан ўзгаси кўтара олмайди. Нурхонбегимнинг битикларини қачон ўқисам, унинг шеърий қаҳрамони чин дилдан севиб, ишқ уқубатидан дурдонага айланибди,деб ўйлайман. Энди дунё унинг учун турли қиёфаларда кўринаяпти. Ҳар бир оғоч, ҳар бир гул, табиат манзарасида ишқ сувратини кўраяпти. Шу сувратгина уни нафас олдираяпти, яшатаяпти. Чунки ошиқ қалбининг эшиги ўзи севган инсоннинг кўнгил уйи томон очилган. Бор ҳаяжон, инсоний изтироб ва кечинмалар ана шу чегарада кечаяпти. Шоирамизнинг ижодидаги ўзига хос оҳанг, халқоналик шеърларининг таъсирини
оширган.
Ҳақиқий ижод кишиси чор атрофдаги ва юрагида кечаётган ҳар бир ҳолат ва жараёндан таъсирланиб яшайди. Табиийки, ижод бу ана шу таъсирлар, кайфиятлар маҳсулидир. Нурхонимнинг ижодида кучли сарказм, эпик кайфият сезилиб турибди. Шеърларда ишлатилган ташбеҳлар тубида ҳаётий тажрибалар, қалб кечинмалари мушоҳадаси билан бирга инсоннинг ўз-ўзи билан суҳбати яширинган. Кўп қатламли ташбеҳлар эпик тафаккурга йўл очади. Биз ўрганиб қолган, мунисгина қалбнинг қиёфасида улкан бир исёнлар яшайди. Назаримда, ушбу шеърлар муаллиф қалбдаги чуқур вулқонлардан, оламни англашдаги баланд сезимлардан дарак. Нурхонбегимга ижодда бардавом бўлишини тилаб қоламан. Чунки севмоқнинг ҳудуди йўқдир, аммо инсоннинг гўзал туйғулари сайқал топиши учун ҳамиша ҳам қулай ижодий муҳит туғилавермайди. Бу жуда камёб ҳолат. Ижодкор синглимга туйғулар серқатламлиги ва кечинмалар ранг баранглиги, илҳом қудрати ила ижод
қилишдан асло тўхтаманг, дегим келади.
Гуландом Тоғаева,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

НУРХОН ЭЛМИРЗAЕВAДAН ГЎЗAЛ КЎНГИЛ ДУРДОНAЛAРИ
*
Куз изтироблари
(Туркумдан)
Сен кетган йўлларни хазонлар босди,
Қорлар, ёмғирлар, сўнгра саратон.
Ва яна хазонлар… менинг дилимни
Қоп-қора гумонлар чўлғади ёмон.
Сен кетган йўлларда йиғлади соғинч,
Хазонлар устига армонлар томди.
Хотирангдан ўзга тополмай овунч,
Қалбим ҳижронларда қоврилди, ёнди.
Сенинг нигоҳингдан жонланар эдим,
Яшарар эдим мен қарашларингда.
Ҳатто, ўзинг сезмас ишқни туярдим,
Бугун адо бўлдим талашларингда.
Кел, жоним, ёнимга учиб кел тезроқ,
Мени дўзахлардан олмоқ учун кел.
Йўлингга гиналар солмасин тузоқ,
Келажакни тутиб қолмоқ учун кел.
Мен эса, ёнингда яшайин яна,
Гул бўлай, кўкарай, хандон этайлик.
Aйрилиқ, азоблар бўлсин бегона
Ҳижронни ўтмишга зиндон этайлик.
Куйлайлик муҳаббат куйин баралла,
Энг сўнгги дардгача жўшиб айтайлик
Қолмасин дилларда гумонлар зарра,
Майли, ёлғонни ҳам қўшиб айтайлик.
Фақат, тезроқ келгин эртага қўймай,
Ишқингга туманлар ўзин осмасин.
Қара, тугаяпти сўнгги саратон,
Яна боғимизни хазон босмасин.
Йўллар
Шу йўллар яқин бўлсаю
Юриб-юриб толса оёқлар,
Aммо юраккинанг толмаса!
Шу йўлларда дўстлар, яхшилар
Учраб қолса бўлсанг шод, шодон
Ва ўша кун ботмаса сира.
Дийдорига тўйсанг сирлашиб,
Шивирингга япроқлар гувоҳ
Бўлса фақат, лек душман эмас!
Шу йўлларда яхшилик туйсанг,
Туйсанг эзгу, гўзал ҳисларни…
Бу лаҳзага рашк қилса осмон
Ва йиғласа уввосин солиб.
Соябонни тополмай қолсанг
Ва отилсанг пинжига дўстнинг!
Бундай серзавқ, гўзал паллада
Туйсанг фақат дийдорнинг таъмин!
****
Келган эдим
Нигоҳингни нурлатгани келган эдим,
Хаёлингни ҳурлатгани келган эдим,
Юрагингни гурлатгани келган эдим,
Келган эдим барчасини дилга тугиб,
Ваҳ, ғанимлар йўл бошида қўйди йиқиб.
Кўзни юмсам вужудимда ёлқин эдинг,
Гоҳо оташ эдинг, гоҳо салқин эдинг,
Қуёш эдинг, кўкдагиси талқин эди,
Шу қуёшни қўйган эдим билмай ютиб,
Ваҳ, ғанимлар йўл бошида қўйди йиқиб.
Энди анинг оловлари қалбим ёқар,
Гуноҳкори ўзингсан деб кунда чақар,
Ё мени кул қилгайдир ё танда оқар,
Кул бўлмакка розийдим гулханда ёқиб,
Ваҳ, ғанимлар йўл бошида қўйди йиқиб.
Ҳолимга боқ, на гулхан, на тутундирман,
На кундаман ва ёки на ўтиндирман,
Aнглаганим, фақат сен-ла бутундирман,
Бутун бўлмай бўлакларда кетдим йитиб,
Ваҳ, ғанимлар йўл бошида қўйди йиқиб.
Машраб айтган куйни куйлаб бородурман,
Ўз-ўзимга йиғлаб, сўйлаб бородурман,
Ёрилсам ҳам Худойимга ёродурман,
У йўлгача чок-чок кўнглим титиб-титиб,
Ваҳ, ғанимлар йўл бошида қўйди йиқиб.
Соғинсанг гар шаррос ёққан ёмғир менман,
Навоман мен, кўнглинг босган чоғир менман,
Тоғларга боқ, дарди ундан оғир – менман,
Оғир бошим елканг узра борар кетиб,
Ваҳ, ғанимлар йўл бошида қўйди йиқиб.
Нигоҳингни нурлатгали келган эдим…
*****
Қучоғимни кенг очдим – кенгдан кенг из қолади,
Торга тордир бу дунё, ўзи ёлғиз қолади.
Дедилар: «Ҳой ҳушёр бўл, бир кун ташвиш қолади.
Дедим: «Буюрмиш Тангрим: Уммон бўл, бўлма тўлқин,
Тўлқинлар келиб кетар, фақат денгиз қолади».
Ўз тинчини эп билиб, бекинган кимга керак,
Қўл узатсанг тутолмай, тепинган кимга керак,
Куз келганда бел боғлаб, экинган кимга керак,
Эколсанг баҳорда эк, ҳосилли куз қолади,
Тўлқинлар келиб-кетар, фақат денгиз қолади.
Қақраган ҳар заминга ёмғирдайин даркор бўл,
Қақшаган ҳар мазлумга малҳам бўлгин, мадор бўл,
Қўшнинг ётса беором, қўшилиб сен бедор бўл,
Эвазига маҳшарда жаннат қарши олади,
Тўлқинлар келиб-кетар, фақат денгиз қолади.
Кафтингни донга тўлдир, қорнин тўйғазсин қушлар,
Aжратмагин қарғами ва ёки булбул, хушла.
Кўзни юмгин, кўрмагин кимлар нонингни тишлар,
Йўқса шайтон гиж-гижлар, савобинг оз қолади,
Тўлқинлар келиб кетар, фақат денгиз қолади.
Тинчим тинч бўлмади ҳеч, шундан қувонч, бахт топдим,
Ёмғир бўлиб, қақраган кўнгиллар сари чопдим,
Кафтимдан ким беозор, ким чўқиб роҳат топди,
Кўзни юмдим – кимлардир юзга тарсак солади,
Тўлқинлар келиб-кетар, фақат денгиз қолади.
Зор дилларни ҳаммадан ортиқ суйган, ўшаман,
Оҳларига жонимни қалаб қўйган, ўшаман,
Бир додига бағримни минг бор ўйган ўшаман,
Ўзгаларни севмасам мендан не из қолади,
Тўлқинлар келиб кетар, фақат денгиз қолади.
Дема Нурхон, чарчадим денгиз бўлмоқ осонмас,
Биров тош отиб кетар, ё бақирар – мезонмас,
Жавоҳиринг теришиб, пуллашарлар арзонмас,
Олса олсин бемалол, борки кимдир олади,
Тўлқинлар келиб кетар, фақат денгиз қолади!
Тангрим ўзинг сийладинг, бағрим ҳикматга тўлдир,
Сукунатим сен учун, майли зулматга тўлдир,
Сассиз муножот айлай, шовқиним ўзинг ўлдир,
Йўқса менинг тўлқиндан нима фарқим қолади,
Тўлқинлар келиб-кетар, фақат денгиз қолади!
Нурхон Элмирзаева