Охиратингиз обод бўлсин, Устоз! Тан олиб айтиш керакки, республикамизда Бойбўта ДЎСТҚОРАЕВдек ҳақиқий илм соҳиби бўлган устозлар жудаям кам эди. У кишининг сабоқларини олган ҳар бир ўқувчию талаба буни фахр билан тилга олади.
“КИЧИК УСТОЗ”ДАН КАТТА УСТОЗЛИККА ЙЎЛ
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, профессор, атоқли олим, “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти соҳиби Бойбўта ДЎСТҚОРАЕВ юртимиздаги кўплаб журналист ва олимларнинг қадрли устози ва мураббийидир. Ўзбекистон журналистикасининг дарғаларидан бири бўлган устознинг илмий мавзудаги қатор мақола ва китобларини мутолаа қилсангиз, ўзбек журналистикаси тарихи ҳақида кенг маълумотга эга бўласиз. Камтарлик ва вазминликда катта-ю кичикка ўрнак бўлиб келаётган устознинг болалик хотиралари сизга улкан ҳаётий сабоқ бўлишига ишонамиз.
МЕҲРНИНГ ҚИЁФАСИ
Мен 1942 йил 12 Ноябр – юртимизда машъум урушнинг совуқ нафаси эсиб турган пайт¬ларда туғилганман. Болалигим Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Оқтўнли қишлоғида ўтган. Оилада етти фарзанд – бир қиз, олти ўғилмиз. Отам – Абдуғани Дўстқораев колхозда раис ўринбосари бўлиб ишлаганлар. Билимли ва заковатли инсон бўлганлари учун бирор сўзни беҳуда гапирмас, бир қараши биз фарзандлар учун етарли эди. Отам ўзига хос салобат ва виқор билан юрардилар. Атрофдагиларга бўлган меҳри, одамийлиги сабаб қўни-қўшни, маҳалладагилар отамни беҳад ҳурмат қилишарди. Онам – Ханифа Хурсандова жуда содда, беозор аёл эдилар. Волидам укаларим билан тинмай шўхлик қилсак-да, қаттиқ гапирмас, бошимизни силаб, вазминлик билан бизни йўлга солардилар. Куни бўйи тиним билмаган онам чарчаб ухлаб қолар, биз эса толиққан юзларига қараб раҳмимиз келарди. Бошқа шўхлик қилмасликка бир-биримизга ваъда берардик. Аммо бола эканмиз, эртаси куни ваъдамиз эсимиздан чиқиб, яна ўйинга берилиб кетардик. Қишлоғимизда бир қудуқ бўларди. Атрофда яшовчиларнинг ҳаммаси келиб шу қудуқдан сув олишарди. Бир куни шу қудуқнинг тепасига чиқиб, у ёқдан бу ёққа ўтиб сакраётганимда тўсатдан оёғим тойиб қудуққа тушиб кетай дедим, шу чоғ кимдир қўлимдан қаттиқ ушлаб тортиб олди. Бир неча сония нима бўлганини англолмай қолдим. Кўзимни очиб қарасам, қўшнимизнинг келини Гулсара опа тепамда қўрқув билан қараб турибди. Жилмайганимни кўрди-да, бағрига маҳкам босиб қучоқлаб олди. Шу пайт кўксимга меҳрнинг иссиқ нафаси урилгандек бўлди. Шунинг учунми қачон ва қаерда бўлмасин, Гулсара деган исмни эшитсам, кўз ўнгимда меҳрнинг қиёфаси намоён бўлаверар эди. Гоҳида йиллар ўтиб, улғайиб, бошқа вилоятдан бўлишига қарамай Гулсара исмли қиз билан ҳаёт йўлимни боғлашимга балки шу меҳрнинг тафти, нури сабабчи бўлгандир, деб ўйлаб қоламан…
ИЛМ САРИ ЙЎЛ
Отам тез-тез янги китоблар олиб келар ва ҳар бир китобни ўқиб бўлганимиздан сўнг асардан олган таассуротларимиз, чиқарган ху¬лосамизни ҳафсала билан сўраб чиқардилар. 4-синфдан бошлаб катта-катта романларни ўқий бошладим. Айниқса, рус адабиётини ўзгача иштиёқ билан мутолаа қилардим. Тушунмаган сўзларимни луғатдан эринмай қидириб топардим. Бора-бора юқори синфда ўқиётган кезларимда рус тилини қийналмай тушунадиган, бемалол гаплашадиган бўлдим. Ўша пайтлари кўпчилик қишлоқ мактабларида юқори синфлар бўлмаган, фақат 7-8-синфгача ўқитиларди. Шу боис мактабни тамомлаган болалар ўқиш ҳақида ўйламай, ота-оналарига рўзғор ишларига кўмак бериб юришарди. Аммо, ота-онам менга, “Тўнғич фарзандимизсан, албатта ўқишинг лозим. Чунки кичкиналар каттадан ўрнак олиб ўсишади”, дея нима бўлган тақдирда ҳам билимли бўлишимиз зарурлигини тинмай уқтиришарди. Мен ҳаётимни мактабсиз, ўқишсиз тасаввур эта олмасдим. Ўйлай-ўйлай охири билим олишга иштиёқи баланд бўлган ўн синфдошим билан совхоз марказидаги мактабга бориб ўқишга аҳд қилдик. Мактаб қишлоғимиздан 10 километр нарида жойлашганди. Уйга ҳафтада бир марта келардик. Гарчи урушнинг асоратлари кетмаган оғир бир пайтда, нон танқис бўлишига қарамай, ота-онам бизни имкон қадар қийналмай ўсишимиз учун астойдил ҳаракат қилишарди. Ҳафта бошида онам солиб берган қотган нонларни бир халта қилиб олардик-да, ҳар куни сувга ботириб еб қорнимизни тўқлардик. Бир-биримиз билан баҳс-мунозара қилиб, фикрлашиб, мутолаага шунчалик берилиб кетардикки, кунимиз қандай ўтганини билмай қолардик. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўша қаттиқ ноннинг мазаси биз учун энг тотли таомдан ҳам ортиқроқ эди. Синфдошларимга нисбатан кўпроқ китоб ўқиганим сабаблими, улар учун қийин туюлган мавзуларни қийналмай тушунтириб берардим. Ўртамизда шундай самимият бор эдики, улар мени “Кичик устоз” деб чақиришарди. Бундай самимият, эъзоз ва ҳурмат мени муаллимлик сари етаклаган бўлса ажабмас… Филология факультетида таҳсил оладиган амакимникига тез-тез меҳмонга бориб турардим. Бир куни амакимнинг столидаги бир дафтар эътиборимни тортди. Ичидаги ёзув шу қадар чиройли ва жозибадор эдики, ундан соатлаб кўз узолмай қолдим. Кейин амакимдан сўраб, бу эски ўзбек ёзуви эканлигини билиб олдим. Шундан сўнг амакимни ҳоли жонига қўймай эски ўзбек ёзувини ўргатишларини илтимос қилдим. Алифбони ўрганганимдан сўнг мустақил равишда ҳарфларни қўшиб ўқишни машқ қила бошладим. Қизиқишим кундан-кунга ортар, эски ўзбек ёзувидаги китобларни тинмай ўқирдим. Бир куни амаким китоблардаги ёзувларни қийналмай ўқишимни кўриб, “Э, қойил, ҳатто мендан ҳам ўзиб кетибсан-ку”, деб ҳайрон қолганди. Шундан сўнг форс, тожик тилларини мукаммал ўрганишга киришдим. Мактабни тамомганимдан сўнг ҳозирги Ўзбекистон Миллий уни¬верситетининг филология факультетига ҳужжат топширдим. Барча имти¬ҳонлардан муваффақиятли ўтганимдан сўнг менга ҳам талабалик бахти насиб этди. Олийгоҳга қабул қилин¬ган¬лигим ҳақидаги хушхабар етиб келганида мен қаттиқ бетоб эдим. Ба¬ланд иситма билан ҳеч нарсани сез¬май ётардим. Ўша пайтларда тиббиёт ривожланмаган, қишлоғимизда бирорта ши¬фо¬хона йўқлиги сабабли, отам мени отга мингаштирганича раён марказига олиб бордилар. У ердаги ҳамширалар менга иситма туширувчи уколни қилиш¬ди-ю, яна ортга қайтариб юборишди. Узоқ йўл эмасми, отда келгунимизча терлаб кетганимдан устимдаги кийим¬ларим жиққа ҳўл бўлиб кетди. Кейин бутун вужудим аллақандай тушуниб бўлмас даражада совий бошлади. Ҳўл кийимларим устимда қуриб, тарашадек қотиб қолганди. Ана шундан кейин аҳволим янада оғирлашди. Ўзимга келишим, яхши бўлишим анча қийин кечди. Шу сабабли ўқишдан бир йиллик академик таътил олдим. Бир йилдан сўнг бутунлай соғайгач, олий ўқув юрти томон шошдим…
УСТОЗ МАҚОМИ
Университетни имтиёзли тугатиб, қишлоғимга – ота-онамнинг ён¬ларига қайтдим. Қадрдон қишлоғимдаги мактабда болаларга она тили ва адабиёт, рус тили фанларидан дарс бердим. Бир йил ўтар-ўтмас ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Хизматни ўтаб келганимдан сўнг ота-онамнинг маслаҳатлари билан ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида ўқитувчи бўлиб ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига жўнаб кетдим… Умрим давомида ҳаёт йўллари бир текис эмаслигига, гоҳида ноҳақликлар, адолатсизликлар бўлишига гувоҳ бўлдим. Шундай оғир пайтлар бўлдики, тушунмовчиликлар, ноҳақликлар ортидан елка қисиниб юришимга ҳам тўғри келди. Лекин қандай вазият бўлишидан қатъий назар ҳеч қачон адолатсизлик олдида бош эгмадим. Ва шундай кунлар келдики, ҳаёт чархпалаги тескари айланиб, мен қаддимни янаям тик тутдим. Шундай пайтларда мен қилинган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам жавобсиз қолмаслигига, эртага ҳар бир амал ўз эгасига икки карра зиёд бўлиб қайтишига ишонч ҳосил қилдим. Ҳеч қачон ҳеч бир ишда шошқалоқлик қилмадим. Фақатгина яхши инсон бўлишга, озгина бўлса-да кўнгилларга илм – нур улашишга шошдим, холос. Қанчадан-қанча ўқувчи ва талабаларга таълим бердим. Шогирдларимга устоз мақоми қандай эканлигини, шогирд вазифалари қандай бўлиши кераклигини уқтиришга, сингдиришга ҳаракат қилдим. Уларга биринчи навбатда шошмасликни, ҳар бир ишланаётган мақола ёки асар устида тинмай изланишларини, мукаммал ўрганишларини маслаҳат бердим. Республикамизда ҳозирги кунда чиқаётган кўпгина нашрларни қунт билан кузатиб бораман. Айрим мақолаларни ўқир эканман, юзаки, саёз ёзилганини кўриб бироз оғринаман. Пишиқ ва пухта, асос билан ёзилган мақолаларни ўқиб қувонаман. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ёшлар имкон қадар чуқурроқ билим эгаллашга, ҳар томонлама мукаммал инсон бўлишга ҳаракат қилишлари лозимдир. Бу мукаммаллик эса ўткир билим, кучли тафаккур, маънан ва жисмонан соғломлик билан белгиланади. “Гулхан” журнали мухлисларига тилагим, аввало инсон бўлинг. Доимо мулоҳаза билан иш тутинг. Зеро, мулоҳазали инсонлар доимо ҳурматга ва эъзозга лойиқдирлар. Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА