Муҳаммадали Аҳмадий
Дастхат
СИРОЖИДДИН РАУФНИНГ “ЙИҒЛАЁТГАН ОЙ” КИТОБИ
Дастхатлар ҳам ўзига хос тарих. Бундан 24 йил олдин пойтахтдан Сирдарёга бир гуруҳ шоирлар келишди. Дастлаб Гулистон давлат университетида талабалар билан учрашув бўлди. Сўнгра Янгиер академик лицейида катта шеърхонлик уюштирилди. Ўшанда содир бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Шеърхонлик тугагач, лицей ўқитувчилари билан доира стол устида гурунг бўлди. Шу пайт ГулДУ доценти Умурзоқ ака Ўлжабоев бир таклифни ўртага ташлади. “Даврада ўтирганларнинг барчаси билганича шеър ўқисин”. Мушоира бошланиб кетди. Халқимиз ўзига етганича шеърхон эканлиги ойдинлашди. Ўшанда менга Сирожиддин Рауф “Ўзбекистон”-“Ёзувчи” нашриётларида чоп этилган “Йиғлаётган ой” китобини совға қилди. Унда қуйидаги дил сўзлари дарж этилган эди: “Мамадали ака! Сўзни ҳис эта олиш завқи ҳамиша ёр бўлсин. С. Рауф. 14.III. 97 й.”
Бугун шоиримиз республикамизнинг бош адабий нашри – “Шарқ юлдузи” журналини бошқармоқда. Кўплаб китобларнинг муаллифи. Китобни ўқиш асно бир неча шеърлар кўнглимга ўтиришиб қолди. Мана шулардан айримлари.
Сирожиддин РАУФ
Ҳамма ёқда атиргул иси,
Ҳар нарсадан излайман маъно.
Хаёлимдан кетмагай исминг,
Гулираъно.
Бир дард ўртар мени беомон,
Бу дардга ҳеч бормикин даво?
Чора истаб, чопдим ҳар томон,
Гулираъно.
Беролмасман тақдирга фириб-
Сенсиз бахтим кулмагай асло.
Ҳузурингга келдим бош уриб,
Гулираъно.
Мен билмасман ишқнинг тилини,
Номинг қалбда яшнагай аммо.
Хазон этма севгим гулини,
Гулираъно.
Қўрқма, бу хавф ўтиб кетади,
Кўрмагандек бўласан охир.
Хавотирда қанча хатарни
Ўткардинг-ку, эслагин, ахир.
Қўрқяпсанми, демак, улардан
Ололмабсан керакли сабоқ:
Ҳар қачон ҳам кутилган хавфнинг
Ваҳимаси ўзидан зўрроқ!
Сирожиддин Рауф