БИР ҒАЗАЛ ШАРҲИ

АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲОФИЗИ, ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИ ПРОФЕССОРИ МАҲМУДЖОН ТОЖИБОЕВ ШАРҲИ
Ҳолу хатинг хаёлидин, эй сарви гулузор,
Гоҳи кўзимга хол тушубдур гоҳи ғубор.
Юзингда хол сафҳада томғон киби қаро,
Холинг малоҳати туз эрурким қарода бор.
Билмон кўнгулда холларингнинг хаёлидур,
Ёр кипригинг тиконларин айлабсен устувор.
Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзим тийра бўлмоғин,
Билгай бировки, ёри эрур шўху холдор.
Машшотаи қазо безамиш холу хаттини,
Беихтиёрликда менга борму ихтиёр.
Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур,
Боқсанг не бўлди сурати ҳолига, эй нигор.
Шарҳ:
Ҳолу хатинг хаёлидин, эй сарви гулузор,
Гоҳи кўзимга хол тушубдур гоҳи ғубор.
Маъноси: «Эй гул юзим, сарв қадли ёрим! Сенинг юздаги холинг ва лабинг устидаги майин хатинг (тукинг) хаёли менинг оромимни ўғирлаган. Кўз ўнгимдан ўша холинг доим кетмай тураверади. Бундан кўзларимга ҳам хол тушди. Сендан ўзга нарсани кўролмайдиган ҳолга етдим.»
Юзингда хол сафҳада томғон киби қаро,
Холинг малоҳати туз эрурким қарода бор.
Холинг оппоқ қоғоз узра сачраган сиёҳ томчисига ўхшайди. Йўқ балки, бепаён саҳро узра лабташна қолган йўловчига умид бағишловчи олисдан кўринган бир қора нуқтага монанддур.
Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,
Ўт шуъласида айла гумон бир учук шарор.
Агар юзу холинг жонимни қанчалик ўртаётганлигини билмоқчи бўлсанг, ёнаётган оловга бир назар сол. Аланга ичра куйиб кулга айланган учқунлар, ўт шиддатидан гоҳ осмонга учади, гоҳ ерга қайтиб тушади. Менинг жоним ҳам ўша учқун (шарор) янглиғ беқарордур.
Билмон кўнгулда холларингнинг хаёлидур,
Ёр кипригинг тиконларин айлабсен устувор.
Кўнглумдаги холларинг хаёли менга азоб беради. Билмайман, холларингга қўшиб кипригинг тиконларини ҳам кўнглумга жойлаб қўйганмусан.
Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзим тийра бўлмоғин,
Билгай бировки, ёри эрур шўху холдор.
Менинг бу ҳолатимни, яъни кўз олдим қоронғулашиб, кўнглум ҳалокатга етганини, ҳар ким ҳам тушунавермайди. Кимники, холдор ва шўх ёри бўлса, ундан мен каби жафолар кўрган бўлса, ана ўша одам (биров) менинг ҳолатимни тушунади.
Машшотаи қазо безамиш холу хаттини,
Беихтиёрликда менга борму ихтиёр.
Кунлар ўтган сайин, ёримнинг ҳусни зиёдалашиб, вақт (қазо) деган машшота унинг холу хаттини гўзаллаштиргандан гўзаллаштирмоқда. Бу эса тобора менинг ихтиёримни қўлдан кетказмоқда. Бу ҳолда менинг ихтиёрим бутунлай қолмайди-ку!
Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур,
Боқсанг не бўлди сурати ҳолига, эй нигор.
Мискин, бечора Навоий сенинг холу лабингни ҳар кўрганда жон бергандан ортиқ азобларни тортмоқда. Сийлаи раҳм юзасидан унинг афтода ҳолига бир боқсанг нима бўлади.
Луғат:
Саҳфада томғон – саҳифага сачраган;
шарор – олов учқуни.